Get Mystery Box with random crypto!

#ФИҚҲУЛ_АБСАТ Имоми Аъзам билан шогирди Абу Мутиънинг савол- | Qur'on va Baxt

#ФИҚҲУЛ_АБСАТ
Имоми Аъзам билан шогирди Абу Мутиънинг савол-жавобларига асосланиб ёзилган
ТАҚДИР БОБИ (3)
Савол:
– Биров мен албатта Жаннат аҳлиданман, деса нима бўлади?
Жавоб:
– У ёлғончидир. Чунки у Жаннатга кириш-кирмаслигини билмайди. Мўмин имон билан Жаннатга кирадиган, гуноҳлари билан Дўзахда азобланадиган бандадир.
Савол:
– Биров мен Дўзах аҳлиданман, деса-чи?
Жавоб:
– У ҳам ёлғончидир. Чунки унда ҳам Дўзахга тушиш-тушмаслигини биладиган илм йўқ. У Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бандадир. Мўмин одам мен ҳақиқий мўминман, дейиши лозим. Зеро, мўмин имонида шубҳа қилмайди.
Савол:
– Мўминнинг имони фаришталарнинг имони кабими?
Жавоб:
– Ҳа.
Савол:
– Амали ноқис бўлса ҳам, ҳақиқий мўмин бўладими?
Жавоб:
– Менга Ҳорисанинг ҳадисини айтиб бердилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унга:
– Қандай ухлаб турдинг, Ҳориса? – дедилар.
Ҳориса:
– Ҳақиқий мўмин бўлиб ухлаб, уйқудан турдим.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Ўйлаб гапир. Ҳар бир ҳақ нарсанинг ҳақиқати бор. Сенинг имонинг ҳақиқати нима?
Ҳориса:
– Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Нафсимни дунёдан билдим, ҳатто кунимни тун, тунимни кун қилдим. Энди мен Раббимнинг Аршига қараётгандайман, аҳли Жаннат бир-бирларини зиёрат қилаётганларини кўраётгандайман, Дўзах аҳлининг Дўзахда бир-бирларига адоват қилаётганларига қараётгандайман.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Муддаога эришибсан, муддаога эришибсан, шундай қилишда давом этавер! Сўнгра атрофдагиларга: «Аллоҳ қалбини мунаввар қилган бандага боқиб, шод бўлишни истаган банда Ҳорисага боқсин», дедилар.
Ҳориса:
– Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Менинг шаҳид бўлишимни сўраб, Аллоҳга дуо қилинг.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни дуо қилдилар ва дуолари мустажоб бўлиб, Ҳориса шаҳид бўлди.
(Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ҳориса ўрталаридаги суҳбат тугади.)

@quronvabaxt