2022-08-23 05:09:30
УЙҒОНДИНГИЗМИ?!Ассалом қадрдон, уйғондингизми,
Ё кўзни олдими, август қуёши?
Мендек тонгни кутиб тўлғондингизми,
Сизда ҳам ҳисларнинг йўқми қиёси?
Яна жой олдими орзулар тўлиб,
Кўнгил деб аталмиш кошонангиздан.
Бугун яна тақдир меҳрибон бўлиб,
Ўпиб уйғотдими, пешонангиздан?
Туринг, бомдод яқин, муҳаббат яқин,
Ҳаққа етсин бориб хуш овозингиз.
Адо этинг, боринг, иймоннинг ҳақин,
Маҳтал қилиб қўйманг жойнамозингиз.
Тонг табассум қилур, юзлари гулгун,
Янги кун нигоҳлар олдида илҳақ.
Миллиардлаб одамлар қатори, бугун,
Сизни уйғотишни унутмади, Ҳақ!
Сизга субҳидамдан шеъримни туздим,
Ўқинг ҳар сатрида соғинчнинг иси.
Биламан, ишингиз жуда кўп, дўстим,
Бомдодга шошилмоқ - энг биринчиси!
Ассалом қадрдон, уйғондингизми...Ўлмасбек Самарқандий.
60 viewsVisola G'afforjonovna Nuriddinova, 02:09