Get Mystery Box with random crypto!

Давлат учун ихчам ижро органи керак. | Numberspeaks

Давлат учун ихчам ижро органи керак.

Чекланмаган эҳтиёжларни, чекланган ресурслар орқали қондириш - бу иқтисодётга берилган классик тарифлардан бири. Инсонларнинг ҳам, Давлатнинг ҳам эҳтиёжлари чексиз аммо ресурслар чекланган. Ўзбекистон мисолида эса давлат ресурслари кескин чекланган. Исталган иқтисодчи, ихтиёрий воқеа ва ҳодисаларга нисбатан чекланган ресурслардан оқилона фойдаланиб эҳтиёжларни қондириш нуқтайи назаридан келиб чиқиб ёндошади. Ўзбекистонда мавжуд чекланган ресурсларни тенг ва сифатли тақсимлаш ва унинг ижросини таминлаш борасида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд. Бугунги кунда мамлакатимизда ресурсларни тақсимлаш ва тақсимланган ресурсларнинг ижросини таминлашни ҳам ҳукумат бажараётгандек кўринади. Амалдаги ҳукумат ижрони таминлаш муаммоларига ечим сифатида «семириш» яъни ижро ҳокимятининг ходимлар сонини доимий ошириб бориш йўлидан бормоқда. Бу ҳам, албатта, муаммоларга ечим аммо бу услуб ўрта аср давлатларига ёки бугунги кундаги баъзи автократик давлатларгагина хосдир.

Турли хил вазирликлар, агентликлар, қўмиталарнинг тузилиши ёки ҳоким ёрдамчиси, администрация раиси ёрдамчилари лавозимларининг жорий қилиниши афсуски, муаммоларимизни камайтирмайди ва аксинча ижро ҳокимятининг аҳолига тақсимланиши керак бўлган ресурсларнинг нотўғри тақсимланишига ва ўзлари томонидан истеъмол қилинишга ёки талон-тарож қилинишига олиб келади. Ҳоким ёрдамчиларининг ўзлари ҳам яхши биладиларки, ҳозир уларга жуда катта юклама берилган ва ҳоким ёрдамчиларига ҳам биттадан ёрдамчи берилган тақдирда ҳам улар қиладиган вазифалар топилаверади. Сир эмаски, ҳозирда давлат хизматчилари деярли дам олмасдан, кунлик 10 -14 соат ва ортиқча юклама билан ишлайди аммо ҳали ҳам муаммолар кўп. Дунёдаги бошқа давлатларда эса ҳатто 8 соатдан ҳафтасига 4 кунлик иш амалиёти қўлланила бошлаган.

Умуман олганда, кўплаб иқтисодчилар ҳеч қандай иккиланишларсиз нафақат ҳоким ёрдамчилари лавозимини тугатиш балки кўплаб вазирлик, агентлик ёки қўмиталарнинг ҳам тугатилишини қўллаб қувватлайди. Янги Ўзбекистонда кутилган ўзгаришлардан энг муҳими бу ихчам қонуний ва сифатли ижро ҳокимиятининг бўлиши эди. Бундай ўзгаришлардан нафақат аҳоли балки ижро органи ҳам ютади аслида. Нормал давлатга айланишимиз учун «семириш» эмас балки ихчамлаштириш ва самарадорликни ошириш йўлидан боришилиши шарт ва зарур(бошқа альтернатив мавжуд эмас).