Get Mystery Box with random crypto!

...Қанақадир пўртана сувли ариқ лабида ўтирибман, қўлимда бир | Nmuvahhida

...Қанақадир пўртана сувли ариқ лабида ўтирибман, қўлимда бир дона куйган обинон. Уни лой сувга ботириб энди оғзимга солмоқчи бўлибман. Шу вақт қаердандир марҳума қудамиз келиб қолганмиш. Қўлимдан куйган нонни олиб, бир бўлак пирог тутқаздилар. Сўнг "ол қизим егин, бу торт" деб жилмайди. Хайронман, ахир кампир аллақачон ўлган бўлса.

Шу вақт қаттиқ шамол турибди. Энди кампир буйруқ берди: «Ариқнинг нариги томонига ўт! Сакра!» Мен ҳеч тушунмай, важоҳати ўзгарган кампирдан қўрққанимдан юзимни беркитдим. Шу вақт ёнимда унинг қизи пайдо бўлибди. “ Юринг бошқа қўшниларнинг ҳам уйига кириб чиқамиз. Бизни қанақа қариндошимиз борлигин кўришсин!” деб , хув ўшандаги каби судрай бошлади...

Чўчиб уйғондим. Тинчликмикин? Ҳеч тушимга киришмасди. Таҳорат олиб, келинимизнинг мархума оналари хаққига Қуръон тиловат қилдим. Аммо туш ҳам нимадандир дарак бериши рост экан.

... Навбатдаги имтихонни ҳам топширдим. Ўша куни эрталаб чой ичмаганим ва қорним қаттиқ очиққани учун пулимни чамалаб, йўл юзидаги нонвойхона томон бурилдим. Аксига олиб бир дона обинон қолибди, унинг ҳам ярми куйган эди. Ноилож ўша нонни олдим.

Одатдагидек олийгоҳ ва ётоқ хонамиз ўртасидаги катта йўлга чиқиб олдим. Чинорлар соясида пиёда кетаман. Уф, етиб олгунча бироз зерикар эканман. Ўртоқларим билан чақчақлашиб қайтишимиз мумкин эди. Улар кинога киришни ихтиёр қилишди. Мен хинд киносига унчалик хушим йўқ. Ундан кўра кейинги синовга тайёрланай. Ҳаёл суриб, сумкамдаги нонни чиқардим. Куйган жойини четлаб, бир бурда синдирдим. Энди ундан бир тишлам оғзимга солганимни биламан, дахшатдан тиқилиб қолай дедим. Не кўз билан кўрайки, катта тезликдаги оқ «Нексия" мен томонга ўқдек учиб келаётган эди. Рангим докадек оқариб, жойимда қотиб қолдим. У босиб кетма-кет сигнал бергани ёдимда . Сўнг...

Кўзимни очганимда атрофимни ўраб олган одамларнинг овози узоғлардан, ғўлдираб эшитилар аммо тирик эдим. Бир оздан сўнг қулоғим очилди. Баданимни бирор жойи тирналмаган, оғриқ йўқ. Нима бўлганини эслашга ҳаракат қиламану, довдираб одамларга мўлтирайман. Ранги оқариб кетган каттароқ ёшдаги одам, пиёлада сув тутди.

-Мана ичиб ол қизим. Ҳеч нарса қилмадими? Тормоз ўлгур ишламай қолди болам. Бир худо асради-да! Сени уриб юборганимда нима бўларди? Бола-чақамнинг бахтига фалокат рўй бермади.

Мен унинг гап сўзидан “Нексия”нинг хайдовчиси эканини англадим. Бечора менга гирдикапалагу шашқатор ёшлари сизиб дамба-дам шукрона келтиради. Ахволимни сўрайди. Сўнг нимадир ёдига тушди чоғи сакраб ўрнидан турди. Атрофга алангаб томошаталабларга бир-бир қараб чиқиб, савол билан юзланди:

-Халиги онахон қани?

-Қайси онахон! Аёллар йўқ бу ерда ака.

Одамлар елка қисиб,тарқала бошлашди. У анча вақтгача атрофга жовдираб, сўнг яна менга юзланди:

-Қизим, анув кампир қани?

-Қанақа кампир амаки?

-Сени ариқ томонитариб юборган кампирчи?

-Қанақа ариқ? Мени, ҳеч ким итаргани йўқ.

-Қўйсангчи қизим. Мана ариқ. Сен анави йўл четида келаётган эдинг. У сени итариб юборди.

Шундагина бўтана сувли ўзани кенгроқ ариққа эътибор берибман. Дархақиқат, мен хар куни дарсдан қайтадиган ва бугун учиб келаётган машинани кўриб михланиб қолган йўл қаердаю, хозирги ўтирган жойим қаёқда. Ўртада икки ярим- уч метрча масофа бор. Ўзим сакраб олишим даргумон. Биров олиб ўтмаган. қолаверса лойқаланиб тўлиб оқаётган ариққа ҳам йиқилмаганман,усти-бошим қуп-қурук.

-Нонингни босиб кетибман қизим.

Қарасам, ўша бир чети куйган нон боя ўзим тушган йўл четида эзғиланиб ётарди.

Лоп этиб кўрган тушим кино тасмадек ўта бошлади. Менга "торт" узатган марҳума қуда хола, унинг хат ёзмай қўйган қизи бирма-бир нигоҳимдан ўтишди. Беиҳтиёр мижжаларимда ёш халқаланди. Хайдовчи хайрон. Юпатиб далда берди.

-Қарая, кетиб қолибдида қизим. Мен бирга бўлсангиз керак деб ўйлабман.Миннатдорчилик ҳам билдирмабман.

Сўнг пул бермоқчи бўлиб, чўнтагини кавлади. Олмадим, бутун хаёлим тушимни таҳлил қилиш билан банд эди.

-Амаки, сиз ростдан ҳам мени ариқ томон итариб юборган кампирни кўрдингизми?