Get Mystery Box with random crypto!

Nadirkhuja Yuldashev

Telegram kanalining logotibi nadirkhuja — Nadirkhuja Yuldashev N
Telegram kanalining logotibi nadirkhuja — Nadirkhuja Yuldashev
Kanal manzili: @nadirkhuja
Toifalar: Bloglar , Sport
Til: Oʻzbek tili
Mamlakat: Oʻzbekiston
Obunachilar: 7.24K
Kanalning ta’rifi

- Футбол ва спортга оид фактлар
- Болалар футболи
- Туризм
- www.championat.asia

Ratings & Reviews

4.00

2 reviews

Reviews can be left only by registered users. All reviews are moderated by admins.

5 stars

1

4 stars

0

3 stars

1

2 stars

0

1 stars

0


Oxirgi xabar 3

2022-08-09 11:33:26 ЎФА Тартиб интизом қўмитаси 8 июль куни менга нисбатан бўлган туҳматни қўллаб-қувватлаган, ЎФА ўша ерда жуда хунук иш қилди ва мен бунга каналимда чиқишим билан жавоб берганман. Шундан кейин, мендан тепа тургувчи раҳбаримга, менга танбеҳ беришлигини айтишган. Мен қилмаган ишимга жавоб бермайман, аксинча ўша вазиятларга ҳали тўхталамиз, бу ҳақда ЎФА бош котибига вазиятни борича тушунтириб бўлганман, у кишини жавобини мана 10 кундирки кутяпман. Мусобақа тугади, ҳамма нарса тинчиб кетди қабилада иш кетмайди, охиригача етамиз!

Диёрга икки соҳа бўйича ҳамкасб сифатида, 2023 йилги Суперлига ва ПРО лига клублари ўртасидаги мусобақани, 2021 йилда бўлгани каби ПФЛни ўзи ўтказсин, катта клублар, катта мусобақаларда қатнашиши керак.

Равшан Эрматовни бугунги туғилган кунлари билан табриклаган ҳолда, ЎФА ходимларисиз, битта Вице Президентлар, инсофли академия директорлари ва БЎСМдаги ҳалол мураббийлар билан, яна бир бор такидлайман, ЎФАнинг биронта ходимисиз учрашув ўтказиб кўришларини сўраб қолган бўлардим. Балки шунда, қайсидир ходимларига чиқиш эшикларни кўрсатган ва асл айбдор биз эмас, ЎФАни ичида эканлигини билиб олган бўлардилар.

Олға, Ўзбекистон, бироздан сўнг Голландияни ютишимизга ишонаман!

@Nadirkhuja
4.4K viewsY.N, edited  08:33
Ochish/sharhlash
2022-08-09 11:33:26 Аслида академияларни бўлиши зўр лойиҳа, гап йўқ. Бунга 2017 йил қўлга урилганда ниятлар катта бўлганди. Аммо ўша ният, ниятлигача қолиб кетганини Диёр мендан яхши билади ва унинг сабаблари ҳам унга аён. Мен ҳам истайман, давлатни ҳар йили кетадиган 60 - 70 млрд пуллари ортидан ҳеч бўлмаса 3 - 4 нафар футболчи чиқишини, ТОП даражада, ўртамиёна эмас. Аммо юқоридаги муаммолар ечимсиз қолавераркан ва бун ЎФА билиб туриб ўзгартиришга эмас, шунчаки "командиров"кага чиқиб қўрқитиб юравераркан, ҳеч нима ўзгармайди. Чунки тан оламизми йўқми, ҳозирги ЎФАда бу ишни профессинонал даражада қилиб бера оладиган мутахассис йўқ! Болалар футболи, бу фақат мусобақа ўтказиш ва сафарга чиқиб вазиятни ўрганиш эмас, вазиятга ечим беришни билиш. Ечимни ЎФАни ўзи бера олмаяптими, унда академиялардан ҳеч нима кутиш керак эмас ва буни академиядагилар билади. Комиссия келса, номига кулиб кутиб олишади, кейин билган ишини қилишади (узр, аммо шундай-ку?). Япон мутахассиси нима қилиб юрганини ўзи билмаса керак, 6 ойдан бери бир ерда уни жиддий иш қилганини кўрмадим. Ишлайверсин, давлатимиз қашшоқ бўлиб қолмайди. Ўзингникига келганда пул йўқ, чет элники ширин.

Устамани (нодбавка) 4 йилдан бери йўқота олмайди. Бу нарса йўқолса, вилоят ҳакамларининг анча молиявий ҳолатларига зарар етади. Тошкентни ҳам, мен керилиб юрардим, нодбавка турнирда тошкентлик ҳакамлар ҳалол ишлашига. Чучварани ҳом санабман, яқинда битта мураббий айтиб қолди, биз бермагандик, анавини қулоғидан тортди деб. Одам бўлмайди булар! Мен август ойида "отпуска"га чиққанман, ишдан кетиш аризасини ёзган ҳолда. Чунки бунақа тизим ичида ўсиб бўлмайди, ё мен кетишим керак, ё улар ҳалол бўлиши. Ҳозирча, биринчисини қилган яхшироқ.

Яқинда ЎФА Кубоги бўлди, хабарингиз бор. Бир икки академиялар финал босқичида тузукроқ ўйнади. Улардан бирининг гапи:
- Мусобақа тинч ўтяпти, яқинда академиялар чемпионати бошланади, чемоданларни тайёрлашимиз керак.

Қаранг, мусобақага тайёргарлик қилишимиз керак эмас, чемодан тайёрлашимиз керак деяпти. Айнан чемодан керак, агар пулингиз йирик бўлса, агар у 1000 ёки 5000 сўмлик бўлса, қоп керак бўлади. Масалан, ўтган йили бўлган ставкаларга бугунги Суперлига ҳакамлари, эх ёшлигим деб ҳавас қилади. Ростан катта суммалар, буни билишмайдими? Билмаслик мумкин эмас. Икки уч нафар тўлиб турган мураббийлар билан гаплашсангиз айтиб беради. Уларга ҳам алам қилади, йил бўйи жамоасини тайёрлайди, аммо нариги жамоа ҳакам билан келишиб қўйган, мажбур, у ҳам беради, ўйинни ютишга ишонса ҳам беради. Чунки бутун академия шунинг натижасига қараб кейин маош олади. Бу тизимни эса кўчадаги шифокор, милиция, биолог, қурувчи эмас, айнан футболимиздагилар, спортимиздагилар ишлаб чиқишган. Мана шу ишларни тепасида эса, бир пайтлар олий лигани гуллатган, ҳозир ўз ҳудудида ёшларни "тарбиялаётган" ҳакамлар туради. Уларни тузатиб бўлмайди, бунақа дори йўқ. Агар бўлганида, 2 йил аввалги қинғир ишлардан кейин булар тавба қилиши керак эди.

Буни ўқиётган ЎФАдаги болалар ҳафа бўлманглар, баъзи жойларда билмай қоласизлар, баъзи жойларда биласиз-у, исботингиз бўлмайди. Лекин 2019 йил терма жамоалар ўртасида бўлиб ўтган битта мусобақада, айнан мезбонларнинг ғалабасини ЎФА мутахассиси истаганди (гувоҳим бор, орадан ярим йил ўтиб ўша ўйинда ишлаган битта мутахассис бор ҳақиқатни тўкиб сочганди).

Аслида гап кўп, лекин ўша кўп гапдан зирапчадек фойда йўқ.

Давоми

@Nadirkhuja
4.9K viewsY.N, edited  08:33
Ochish/sharhlash
2022-08-09 11:33:26 Аввал келишиб олайлик, Диёрга мени, Диёрни менга хусуматим йўқ (менимча шундай).

Шунчаки бизнинг фикрлар, баъзи жойда бир-бирига тўғри келмайди, баъзи жойларида келади. Бу нормал ҳолат, кўпчилик мана шундай гапирса (ғараз ниятсиз) ўсиш бўлади. Чунки катта-катта лойиҳалар баҳслар ортидан яралади.

БЎСМ - академия (14та боқиманда ва клубларники, хусусий фарқи йўқ, бир сўз билан айтганда академия) - U19 (1 лига) - ўринбосарлар, яъни U21 (ПРО Лига) - Суперлига.

БЎСМларни биз тўғирламай туриб, ҳеч қачон академияларга сифатли ўйинчиларни жамлаб бера олмаймиз. БЎСМлар 30 ёшгача, академиялар эса 11 ёшдан 17 ёшгача фаолият олиб боради. 3 млн ахолига эга Фарғонани олайлик, 22 нафар футболчи 11 ёшда танлаб олинади ва тизимсиз БЎСМ кейин таназуллга учрайди. Ким "гарантия" беради биз энг яхши 22 нафар футболчини танлаганимизга? Ким кафил бўлади, кейин гуруҳлари йўқ бўлиб кетаётган БЎСМларда 12, 13, 14 ёшда футболчи шаклланиб кетмаслигига, ҳеч ким. Мен БЎСМларни нима учун ҳимоя қиляпман, уларнинг ҳам тизими бўлиши керак. Академиялар ҳам аслида ҳозир БЎСМлардан зўр ҳолатда деб айта олмаймиз. Уларда тизим йўқ, ном бор холос. Буни у ердаги директорлар ҳам билади. Ичида виждонлилари ҳам кўп, лекин гапира олмайди.

Академиялар зўр бўлиб кетиши учун керак бўлган ва бугун қилинмаётган тизим:
1. Ҳар бир академияга яхши менеджер ва уни ПФЛ клубларини билан алоқалари жуда яхши бўлиши керак, ўйинчиларини якуний паллада жойлаш учун.
2. Яхши овқатланиш тизими (кўп ерларда макарон, халастиринга бой ёғлар, гўшт ўрнига товуқнинг арзон жойлари, ширин қилиб тортиш мумкин бўлган масаллиқлардан столда қолиб кетадиган овқатлар).
3. Малакали мураббийлар таркиби. Ҳамма академияда ҳам бундай деб айта олмаймиз, муаммо уларнинг ўзида эмас, ҳудудда рақобатнинг йўқлиги ёки кўчадан келган мураббийга паст назар билан қараш каби омиллар ҳам панд беряпти. Ўзбекистонда лицензия бериш тизими эса жуда абгор ҳолатда. Мен энг ёмон давр деб билганим 2010 йиллар, бугунги мураббийларга лицензия бериш тизими олдида фаришта бўлиб қолди. Мураббийлар учун ягона тизим йўқ, ҳамон профессионал машғулотларни ўз ичига олган, ўзбек модели ишлаб чиқилмаган. Чет эл нашрларини таржима қилиб тўпланган китобдан бошқаси йўқ. Мураббийларни чет элга юбориб тажриба оширишига йўқ. Тил билмайди дейди, тил билиб иш билмаганнинг иш беш, келиб ўзбекка, ўзбекча гапирадиган, аммо мураббийликдан хабари бор мураббий тил билмаса чет элга, нима айлангани кетяптими деган рўкач қурбони бўлади.
4. Мусобақа тизими саёз. 4 йилдан бери ҳали тузук тизим ишлаб чиқилмади. Натижада вилоятнинг энг яхшилари йиғиб олинган футболчилар ўйин амалиётисиз қолиб кетяпти. Бу эса якунда футболчиларнинг савиясини тушиб кетишига сабаб бўлади.
5. Рақобат йўқ. Энг зўр деган академиямизнинг битта ёш тоифасида узоғи 5 нафар яхши савияда, 10 нафарга яқин ўртача, 5 - 7 нафари (таниш билиш, ҳокимият, молия ва қайсидир академияларда $$$). Исботинг борми? Мен исботлаб берадиган инстанция эмасман, буни билиш учун шунчаки оддий текширув ўтказилса кифоя. Овқатларни ҳам аллақачон текшириб камчиликлар айтилгани билан, ҳеч нима ўзгармаган.

Давоми

@Nadirkhuja
3.9K viewsY.N, edited  08:33
Ochish/sharhlash
2022-08-08 18:41:28 Чилонзор Тошкентда футбол тумани ҳисобланади. У ерда Бунёдкор, РОЗСК ва Пахтакор академиялари жойлашган. Шацкихдан Аҳмедовгача, Жалолиддиновдан Эркиновгача. Ўртада Машарипову, Искандеровгача. Ҳаммаси Чилонзор ареналарида тарбия топган.

Энди Яшнобод жиддий рақобатга киришади.

Сабаблар:

1. Тошкент академияси қайта таъмирдан чиқди.
2. Фарҳод Тожиев футбол мактабини очди.
3. Локомотив ниҳоят футбол мактаби учун майдон қурди.
4. Одил Аҳмедов академиясининг ҳам Тошкентдаги “ватани” Яшнобод туманига тушди.

Бу ҳудди шимолий ва шарқий Лондон бўлади .

@Nadirkhuja
6.8K viewsY.N, 15:41
Ochish/sharhlash
2022-08-08 14:39:29 Диёрни гапларига қўшиладиган жойларим ҳам кўп, қўшилмайдиган ҳам. Фикрларини тўғри қабул қиламан ва фикримни эртага давом эттираман.

У ҳам истайди катта футболни ўсишини, мен истайман катта футболга сифатли махсулот етиб боришини.

Лекин академиялар чемпионатидаги бугунги тизим билан эмас. У ердаги ўйин ставкасини эшитсангиз борми, битта ноинсоф, битта ўйинда тузукроқ спарк пулини ишлаб олади.

Бу ҳақда эртага.

@Nadirkhuja
4.8K viewsY.N, edited  11:39
Ochish/sharhlash
2022-08-08 14:36:40 ​​Championat.asia каналида БЎСМ мураббийларига босим бўлаётгани ҳақида ўқидим. Чунки улар ўз тарбияланувчиларини вилоят академияларига беришни истамаган. Бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, деб ёзяпти Нодирака. Тўғри, уларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ва унутилмаслиги керакки, БЎСМ мураббийида ҳам иқтидорли болани босиб ушлаб ўтириш ҳуқуқи мавжуд эмас.

Яхши ҳолатда кетма-кетлик шундай бўлиши керак: мактаб — БЎСМ — академия — U19 жамоаси — фарм-клуб — U21 жамоаси — асосий таркиб. Кўряпсизми, бу ерда БЎСМ қаерда турибди. БЎСМ мураббийлари мавжуд ойлик-маошга рози бўлиб, ёш футболчига футбол сир-асрорларини ўргатади. Афсуски, ЎФА ўз ричагидан фойдаланмаётгани учун ҳам БЎСМ мураббийларининг лицензияси, БЎСМ ичидаги футбол ҳолатининг мониторинги осилиб ётибди. Футболимиздаги энг катта муаммо шу. ЎФА ва Спорт вазирлиги бу масалани тартибга солиши керак. Тартибга солаётганда ҳам фикри ҳаминқадар бўлган мутахассислар билан эмас, соҳани тузукроқ биладиганлар билан (биз ҳаракат қилиб кўрдик, охири ҳафсаламиз очиғи пир бўлди).

Муаллифнинг мана бу постидаги 5-хатбошида ёзилган фикрларда жон бор. Жамоавий спорт турларига қараб баъзи қарорларга ўзгартириш киритиш керак. ЎФА болалар футболини тартибга келтириш учун масъул ташкилот сифатида бунинг устида ишлаши шарт. Афсуски, ЎФА вице-президенти вазир ўринбосари бўлиб ишлаган вақтда ҳам бу ишнинг охирига етишнинг имкони бўлмади. Вақти келиб жуда кўп масалаларнинг тафсилотларини очиқлаймиз ҳали. Чунки кишининг сабр косаси тўладида. Сен катта футболни одам қиламан деб ўлиб тирилсанг-у, оммавий футболда, болалар футболида муаммолар тахланиб ётаверса.

Биз Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламент асосида ишлаш таклифини берганмиз (регламентни сайтга 1,5 йил аввал осиб қўйганмиз, клубларимиз бунга анча ўрганди, машғулотлар компенсациялари устида жиддий рақобат бошланди). ЎФА футбол тўгараги бор ҳар қандай ташкилот ва тузилмани мониторинг қилиши, шу асосда мусобақа ташкил этиши, иқтидор етказиб берганларни рағбатлантиришни шу асосда ишлаб чиқиши керак. Биз шундагина БЎСМ мураббийларини рағбатлантиришни тўғри йўлга қўйган бўламиз. Адолатбот, вой-дод ёки бошқа чақириқлар билан масала тартибга келиб қолмайди. Вақти келиб, Нодир ака билан кўришганда ҳам бу масалани тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз. Чунки у табиатан ёнувчан, ташкилотчи, интилувчи. Аммо ҳамма нарса шунинг устига қурилмаслиги керак. Биз футболни Нодир, Диёр ёки Тошматнинг қарашлари билан эмас, ФИФА аниқ белгилаб берган талаблар-у, футболи ривожланган мамлакатлар моделларини пухта ўрганиш орқали ишлаб чиқилган конкрет режалар билан тартибга сола оламиз.

Ҳозирги ҳолатда эса БЎСМ мураббийлари ўзларига тегишли бўлган боланинг ўсиши учун тўсқинлик қилмасликлари керак. Чунки уларда катта клубларга доступ академияники каби йўлга қўйилмаган. Академиялар эса ПФЛ ташкил этган U19 чемпионатига анча яқин ҳолатда. Бу билан улар ўз тарбияланувчиларини катта футболга реклама қила олишади. БЎСМларда эса бундай имконият йўқ. Яна ҳам конкретроқ айтганда ҳукумат БЎСМга пулни иқтидорни тарбия қилиш учун беради, мураббийга тарбия қилиб қўйганман, хоҳлаганимча ушлаб ўтираман, дейиш учун эмас.
3.1K viewsY.N, 11:36
Ochish/sharhlash
2021-02-11 07:40:50 Ўзбекистонда, ўзбек агентларига эшик очиш керак. Бўлмаса истеъдодларимизни бой беришда давом этамиз.

Рус агентлари билан ишлаш футболимизни орқага тортиши мумкин. 1-2 нафар агент бундан мустасно.

Рус ёки бошқа чет агентлари учун Ўзбекистон манфаати эмас, олди сотдидаги мўмай даромад асосий "план"га чиқади. Остон Ўрунов шартномасини ўз ихтиёри билан бузадиган бўлса 20 млн доллар жарима тўлар экан. Уни "Спартак" бемалол иккинчи жамоасига ўтказиб юбориши ҳам мумкин. Футболчи бу бандга эътибор қилмаган. Аслида Остон ҳозир ажойиб формада. Аммо агентлар ўз тегишини олиб бўлган.

Жасур Жалолиддииновни эса расвосини чиқариб бўлишди. Камига уни яна кинналаб, бошқа клубга ўтказиш ниятидалар. Бола бечора бир йилни бекорга сарфлади. Ўзбекистон ҳозир Бразилия эмас-ки, битта истеъдодни бой берса камайиб қоладиган. Айни пайт, биз учун ҳар бир ўйинчи олтинга тенг давр.

Вазирлар маҳкамасининг 311-сонли фармонига (2020 йил 22 май) кўра 1 ой ичида қуйидаги вазифа амалга ошириш ҳақида банд кўрсатилган:

"Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси (ФИФА) талабларига мувофиқ салоҳияти юқори футболчиларни профессионал даражада тайёрлаш, уларнинг хорижий давлатларнинг нуфузли футбол клубларида профессионал фаолият олиб боришини таъминлаш, шунингдек, футболчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Футбол бўйича агентлар (воситачилар) фаолиятини тартибга солиш ва уларни аккредитациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш".

Ўзбекистонда ҳозир агентлар кўпайишни бошлади. Четдан бизни ўйинчиларимизни келиб, ўз мураббийи ёки маҳаллий агентларига қайраётган инсонларни ички бозорга киритмаслигимиз керак. Уларнинг мақсади даромад олишдан бошқаси эмас. Ўзбекистонлик агентлар эса, МТЖни ҳам ўйлайдилар. МТЖси кучли мамлакатнинг футболчиларига 6 хонали рақамдан иборат шартномалар кела бошлайди.

Ундан ташқари, Ўзбекистонда, ўзбек агентлари учун "Агентлар иттифоқини" тузиш даркор. Бу ҳар бир агент ёки компания учун бетараф инсон сифатида бошқарилади ва керак пайт қозилик ишларини амалга ошириб боради.

Четдаги агентларни Ўзбекистонга кириб келишининг яна бир салбий томони бор. Бу ички чемпионатга аралашув. Қўшни мамлакатларимизнинг бирига россиялик жуда кўп агентлар йиллар давомида кириб келди. Маҳаллий агентлар бозорни бой берди. Бугун у мамлакатда битта ҳам ТОП ўйинчи на Россия чемпионатида, на ўзида бор. Ҳар бир маҳаллий клубда уларнинг 7-8 нафаргача мижози бор. Натижада мураббий танлаш ҳуқуқи клуб раҳбарида эмас, футболчиларни бойкот қилдириш орқали парда ортидаги агентларда бўляпти. Эртага, дейлик, "Сўғдиёна"нинг 6 нафар ўйинчиси бир чет эллик агент қўлида бўлади. Агент мураббийга палон ўйинчини оласан дейди, табиийки у рози бўлмайди. Шунда агент нима қилади. Ўзининг 6 нафар ўйинчисига кетма-кет ўйинни бой бериш ёки ўйинга чиқмаслик, шунга ўхшаш сабабларни важ қилиб кўрсатишга буйруқ беради. бу жаҳон амалиётида бор нарса. Ҳозир Ўзбекистон тотализатор, 3/3 ва ҳакамлар ўртасидаги муносабатлар билан курашаётган бир паллада, 3-4 йил ўтиб юқоридаги тўртинчи муаммоимиз пайдо бўлади. Клуб ўз тарбияланувчисига буйруқ бера олмайди. Маҳаллий агент эса МТЖдан ташқари, эртага яна шу клуб билан ишлайман деб муносабатни бошидан сифатли ўрната бошлайди.

Бир жамоада 5 нафардан кўп мижози бўлган агент эса, қийинчиликсиз ставкаларни қўя олади. Бечора клуб ва мураббий нима бўлаётганини билмай юраверади.

Яна бир жуда муҳим иш. Палон агентлик билан шартнома тузсанг клубда ёки терма жамоаларда ўйнатаман деган мураббийларга нисбатан кескин чора кўриш керак. Терма жамоаларда ўша кунда энг кучли бўлган ўйинчи ўйнаши керак.

Буни бир огоҳлик қўнғироғи деб билинг.

@Nadirkhuja
3.6K viewsY.N, edited  04:40
Ochish/sharhlash
2021-02-06 12:23:23 "НАДБАВКА" ЎЗИ НИМА?

БЎСМ, ИБЎСМ, РОЗСК, Академиялар мусобақасининг ойлик маошини кўтариб берувчи атама.

Ўзбекистон Кубоги ва чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва 12та вилоят терма жамоалари иштирокидаги мусобақа.

1/2 финал йўлланмасини қўлга киритган жамоа мураббийларининг ойлик маошлари ҳар бир бола учун 10%дан 100%гача ошади. Максимум мураббий 200% гача устама олиши мумкин.

Дейлик, Тошкент БЎСМлар терма жамоаси сафида 4 нафар Чилонзор, 5 нафар Юнусобод, 9 нафар Уч Тепа БЎСМдан футболчи тушган. Бу терма жамоа Республика чемпионатида 1/2 финал йўлланмасини қўлга киритди. Натижада Чилонзор БЎСМ 4 нафар футболчиси учун 40% устама ҳақига эга бўлади. 1 200 000 маошига 40% устама ҳақи қўшилади. Агар Уч Тепа мураббийининг яна қолган боллари бошқа ёш тоифасида 1/2 финал йўлланмасини қўлга киритса, у яна устама ҳақи олади. Максимум устама ҳақи 200%гача кўтарилиши мумкин. Ўзининг маоши билан жами 300% бўлади.

ИБЎСМ, ОЗСК, Академиялар мусобақасида эса ҳар бир футболчи учун 70-100% гача берилади. Қора иш қиладиган бечора БЎСМ мураббийлари қийналиб 10%дан эга бўлади, тайёр футболчиларни қўлга киритган ОЗСК ва академиялар эса 70-100%гача.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу маошларни нафақат мураббийлар, балки ташкилот директори, услубчилари, директор ўринбосарлари, шифокорлари ҳам оладилар. Шунинг учун 1/2 финал операциясини барчалиги "биргалик"да бажарадилар.

Барачани маоши "надбавка"га боғланиб қолган. Бу эса ҳар бир мусобақани гуруҳ ўйинлари ва 1/4 финалида айрим шахс вакиллари томонидан жуда ҳунук ишларни бўлишига сабаб бўляпти. Бу мусобақада қатнашиб кўрган ва ҳалол ўйнашга ҳаракат қилган жамоаларнинг ахволини кўраверинг.

Тизимимиздан "надбавка"ни олиб ташласакгина ЖЧлар ҳақида ўйлашимиз мумкин бўлади. Унгача, Осиё чемпионатларида гуруҳдан чиқиш билан қаноатланиб турсак бўлаверади.

Ойликларни "надбавка"сиз яхши ҳолатга келтириб қўйиш керак. Шунда мураббий футболчи тайёрлаш учун ишлайди.

@Nadirkhuja
6.4K viewsY.N, edited  09:23
Ochish/sharhlash
2021-02-06 11:55:30 Ўзбек футболига болта ураётган НАДБАВКА!

2018 йил воҳа-воҳ билан академия лойиҳаси тузилди.
Номи улуғ, супраси қуруқ лойиҳа. У ерга мамлакатдаги мавжуд энг яхши 2007 йилда туғилган футболчилар тортиб олинди ва ўқишга жойланди. Ундан кейин 2008 йиллар. Ҳоким билан қўрқитганлар ҳам бўлди, бермасанг ҳоким бувага айтамиз... БЎСМ мураббийларининг кўзи очилди, қараса бу мажбурий иш ортида ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Ундан ташқари, уларга ваъда қилинган ҳар бир бола учун тўланадиган устама ҳақи йўқ бўлиб чиқди. Натижада БЎСМ мураббийлари бу болани икки қўллаб топшириб қўйиш билан бир қаторда, ўзларининг мусобақаларида ўйната олмайдиган бўлдилар.

Бу лойиҳанинг салбий оқибатлари натижасида 2006, 2007 ва 2008 йилда туғилган вилоятдаги болалар яхши чемпионатга эга вилоятларга кета олмаяптилар. Уларнинг аксариятининг паспортлари олиб қўйилган ва бу қонунга зид. Содда ота оналарга эса, сен биз билан қўл қўйиб қўйгансан, ўғлинг охиригача бизда ўқишга мажбур деган важни келтиришади. Уларнинг ичида қонунни билгувчилари аллақачон фарзандларининг фойдасига қарор чиқаришда ўзларида куч топа олганлар. Лекин кўпчилигини ота-онаси ўғлига яхши жамоалардан таклиф бўлаётганлигини билмайди. Сабаби, мураббий ва директор учун НАДБАВКА керак. Агар улар мусобақада ярим финалгача етиб бормаса уларнинг маоши ошмай тураверади.

Бу иллат бутун бошли авлод, 2006, 2007, 2008 йилларни деярли мусобақаси мавжуд бўлмаган академияларда йўқ бўлиб кетишига сабаб бўляпти. 2018 йил энг кичик ёшдаги 2006 йилларгина уй сафар тизимидаги чемпионатда ўйнашди. Аммо 2007 ва 2008 йиллар ҳеч қандай мусобақа кўрмади деярли. 2021 йилга кўра улар яна эски тартибда мусобақада ўйнайдилар. Сабаби энди аввалги лойиҳа мавжуд эмас, академияларни номи ўзгарган ҳолда Спорт вазирлигига ўтди. Энди улар бир йилда 2 маротаба марказлашган мусобақада ғолиблик учун кураш олиб борадилар холос ва бу, бор йўғи 2 ҳафтани ташкил этади. Агар мусобақанинг кейинги босқичига чиқа олмасангиз, унда 1 ҳафта. Яна шундай Ўзбекистон Кубоги бор.

Буни ечими борми? Бор албатта.

Академиядан бошқа клубга ўтадиган футболчи, академиялар мусобақасида ўйнаш ҳуқуқини сақлаб қолиши керак. Масалан, Жиззах академияси 2005 йилда туғилган боласини "Пахтакор"га беради. Ўрнига бошқа ўйинчи олади. Ҳам футболчи чиқарди, ҳам бошқа ўйинчига имконият беряпти. Академиялар мусобақасида эса "Пахтакор"даги ўйинчисини ўйнатиши мумкин. Фақат у бола учун надбавка олмайди. Аммо қайдномадаги қолган 19 нафар футболчи бор. Буларни ўзи 1900 фоиз ишлаб беряпти. Шунда академиялар яхши жамоалар учун ўйинчи тарбиялашга ўтади. Сабаби яхши жамоада ўйнайдиган футболчилари, Академия мусобақасида ўша ёш тоифани кучайтирган бўлади. Лекин бу футболчи учун молия пул бермайди, тўғри. Аммо ўша 2005 йил мисолида, академиядан клубга футболчини бераётганда шартномага қўл қўяди, ўша болани мусобақа ҳаражатини клуб ўз зиммасига олади. Битта футболчининг ҳаражати узоғи 700-800 минг сўм бўлади.

Биз миллиардлар ишлатмаймизми, агар ҳар бир вилоятнинг ўзининг шахсий кучли чемпионати бўлмаса бари бефойда. Энг зўрман деган академияларни 17-18 ёшли футболчиларини кўринг. Уларни зўрлигидан асар ҳам қолмайди, вақт ўтгач. Сабаби улар зўр бўлиб йиғилади, лекин зўр бўлиб мусобақаларни кўрмайди. Ҳар қандай машғулот, ҳар қандай кучли мураббий бўлмасин, бола мусобақа кўрмаса бари бефойда. Камига ўша вилоятнинг Суперлигадаги ё клуби бўлмайди ё борини эса ўринбосарларига эътибор - 0!

Футболчининг манфаатини ойликдан устун қўймаган ҳолда, ўзидан яхши жамоа чиқса индамай қўйиб юбориш керак. Чунки ҳеч бир директор чўнтагидан ҳаражат қилиб бола боқиб қўйган жойи йўқ. Эртага у ойлик олишда давом этади. Лекин боланинг тақдирини ортга қайтариб бера олмайди. Бола ойлик учун эмас, Ватан учун улғайиши керак.

Агар биз вилоятдаги болаларни охиригача ўстиришни истасак, вилоят терма жамоалари ўртасида уй-сафар тизимидаги мусобақани йўлга қўйишимиз керак. Бу ҳаражат талаб қилади, лекин биз ЖЧга чиқишни истаяпмиз-ку!?

@Nadirkhuja
6.6K viewsY.N, edited  08:55
Ochish/sharhlash
2021-02-04 12:59:00 Агар "Нефтчи"да менеджемент бўлганида Анвар Бердиевни бош мураббий этиб тайинларди. Мансур Саидов футболчилик фаолиятини тугатган ҳолда, 2022 йил учун ўринбосарлар таркибига жамоа йиғиш учун селекционер қилиб қўйиларди. Бошқа пайт Бердиевга ёрдамчи вазифасини ўтарди. Уни олдига Акмал Холматовни қўшарди. Бир неча йилдан бери 2004 йиллар билан фаолият олиб бораётган Азиз Алижоновни эса U-18 жамоасига бош мураббий қилиб тайёрларди ва 2022 йил бу ёш айнан 18га тўлган ҳолда ПФЛ мусобақасида иштирок этарди. Иқбол Акрамовни эса "Нефтчи" жамоасининг 2-лигадаги фарм клубига бош мураббий қилиб қўярди.

Шунда улар 5 йил ўтиб жамоа "Насаф"ни ҳолатига тушиб қолган тақдирда ҳам, Рўзиқул Бердиев каби ёнидан гўшт олиб, жамоанинг "питания"сини қилиб бериб турарди.

Яна, анъанавий Юрий Саркисян Кубогини ўтказиш орқали ҳар йили 17-18 ёшли истеъдод эгаларини саралаб олиш мумкин бўларди. Жамоани фахрий президенти этиб айнан Юрий Вазгеновични тайинлаган бўларди. Инсон ҳаётлигида ҳам нимадирни кўриши керак.

"Нефтчи" ДСШ ва Фарғона ФАни бирлаштирган ҳолда, уларнинг моддий техника базаси учун битта сунъий майдон қуриб берарди. "Нефтчи" ҳам бошқа клубларга ўхшаб четдан келадиган ўйинчилар учун захира аэродроми бўлиб қолиши керак эмас. Бу клубни ўз анъаналари бор ва у давом этиши керак. Бундай клублар жуда ҳам саноқли.

Бу гапларни Илҳом Мўминжоновга алоқаси йўқ. Унга таклиф бўлди ва у буни рад этмади.
6.1K viewsY.N, 09:59
Ochish/sharhlash