Get Mystery Box with random crypto!

Аслида академияларни бўлиши зўр лойиҳа, гап йўқ. Бунга 2017 йи | Nadirkhuja Yuldashev

Аслида академияларни бўлиши зўр лойиҳа, гап йўқ. Бунга 2017 йил қўлга урилганда ниятлар катта бўлганди. Аммо ўша ният, ниятлигача қолиб кетганини Диёр мендан яхши билади ва унинг сабаблари ҳам унга аён. Мен ҳам истайман, давлатни ҳар йили кетадиган 60 - 70 млрд пуллари ортидан ҳеч бўлмаса 3 - 4 нафар футболчи чиқишини, ТОП даражада, ўртамиёна эмас. Аммо юқоридаги муаммолар ечимсиз қолавераркан ва бун ЎФА билиб туриб ўзгартиришга эмас, шунчаки "командиров"кага чиқиб қўрқитиб юравераркан, ҳеч нима ўзгармайди. Чунки тан оламизми йўқми, ҳозирги ЎФАда бу ишни профессинонал даражада қилиб бера оладиган мутахассис йўқ! Болалар футболи, бу фақат мусобақа ўтказиш ва сафарга чиқиб вазиятни ўрганиш эмас, вазиятга ечим беришни билиш. Ечимни ЎФАни ўзи бера олмаяптими, унда академиялардан ҳеч нима кутиш керак эмас ва буни академиядагилар билади. Комиссия келса, номига кулиб кутиб олишади, кейин билган ишини қилишади (узр, аммо шундай-ку?). Япон мутахассиси нима қилиб юрганини ўзи билмаса керак, 6 ойдан бери бир ерда уни жиддий иш қилганини кўрмадим. Ишлайверсин, давлатимиз қашшоқ бўлиб қолмайди. Ўзингникига келганда пул йўқ, чет элники ширин.

Устамани (нодбавка) 4 йилдан бери йўқота олмайди. Бу нарса йўқолса, вилоят ҳакамларининг анча молиявий ҳолатларига зарар етади. Тошкентни ҳам, мен керилиб юрардим, нодбавка турнирда тошкентлик ҳакамлар ҳалол ишлашига. Чучварани ҳом санабман, яқинда битта мураббий айтиб қолди, биз бермагандик, анавини қулоғидан тортди деб. Одам бўлмайди булар! Мен август ойида "отпуска"га чиққанман, ишдан кетиш аризасини ёзган ҳолда. Чунки бунақа тизим ичида ўсиб бўлмайди, ё мен кетишим керак, ё улар ҳалол бўлиши. Ҳозирча, биринчисини қилган яхшироқ.

Яқинда ЎФА Кубоги бўлди, хабарингиз бор. Бир икки академиялар финал босқичида тузукроқ ўйнади. Улардан бирининг гапи:
- Мусобақа тинч ўтяпти, яқинда академиялар чемпионати бошланади, чемоданларни тайёрлашимиз керак.

Қаранг, мусобақага тайёргарлик қилишимиз керак эмас, чемодан тайёрлашимиз керак деяпти. Айнан чемодан керак, агар пулингиз йирик бўлса, агар у 1000 ёки 5000 сўмлик бўлса, қоп керак бўлади. Масалан, ўтган йили бўлган ставкаларга бугунги Суперлига ҳакамлари, эх ёшлигим деб ҳавас қилади. Ростан катта суммалар, буни билишмайдими? Билмаслик мумкин эмас. Икки уч нафар тўлиб турган мураббийлар билан гаплашсангиз айтиб беради. Уларга ҳам алам қилади, йил бўйи жамоасини тайёрлайди, аммо нариги жамоа ҳакам билан келишиб қўйган, мажбур, у ҳам беради, ўйинни ютишга ишонса ҳам беради. Чунки бутун академия шунинг натижасига қараб кейин маош олади. Бу тизимни эса кўчадаги шифокор, милиция, биолог, қурувчи эмас, айнан футболимиздагилар, спортимиздагилар ишлаб чиқишган. Мана шу ишларни тепасида эса, бир пайтлар олий лигани гуллатган, ҳозир ўз ҳудудида ёшларни "тарбиялаётган" ҳакамлар туради. Уларни тузатиб бўлмайди, бунақа дори йўқ. Агар бўлганида, 2 йил аввалги қинғир ишлардан кейин булар тавба қилиши керак эди.

Буни ўқиётган ЎФАдаги болалар ҳафа бўлманглар, баъзи жойларда билмай қоласизлар, баъзи жойларда биласиз-у, исботингиз бўлмайди. Лекин 2019 йил терма жамоалар ўртасида бўлиб ўтган битта мусобақада, айнан мезбонларнинг ғалабасини ЎФА мутахассиси истаганди (гувоҳим бор, орадан ярим йил ўтиб ўша ўйинда ишлаган битта мутахассис бор ҳақиқатни тўкиб сочганди).

Аслида гап кўп, лекин ўша кўп гапдан зирапчадек фойда йўқ.

Давоми

@Nadirkhuja