Get Mystery Box with random crypto!

Охирги пайт ўзбек тилида чиқаётган аниқ фанлар бўйича китоблар | Matematikadan repetitor

Охирги пайт ўзбек тилида чиқаётган аниқ фанлар бўйича китобларни тушунишга қийналяпман. Таржимонлар аниқ фанларда соф ўзбек тилини ишлатамиз деб, матнни тушунарсиз қилиб ташлашган. Ҳамма нарсани ўзбек тилига таржима қилиш шартми, деб сўрасам, кўпчилик буни тилимизга нисбатан ҳурматсизлик сифатида қабул қилади.

Тилга нисбатан ҳурмат ҳақида гап кетганда туркларни мисол қилишни ёқтирамиз. Турклар ростдан ҳам ўз она тилига ҳурмат билан қарайди. Шу сабабли илмий матнлар турк тилида қанақа таржима бўлиши ман учун қизиқ туюлди. Интернетдан турк тилидаги физикага оид мақолаларни қидирдим. Турклар илм фанда анча олдинлаб кетган бўлишига қарамасдан, турк тилида илмий мақола топиш осон иш эмас. Турк олимлари инглиз тилида мақола чоп этишади. Туркиядаги физика соҳасидаги энг нуфузли журнал - Turkish Journal of Physics ҳам инглиз тилида чиқади. Журнал архивини текшириб кўришингиз мумкин.

Шунга қарамасдан, иккита матн топдим. Сичқонча курсори турган жойдан ихтиёрий иккита гапни кўчириб олдим:

- Normalize edilmemiş 𝜓(𝑥,𝑡) dalga fonksiyonunu normalize edildikten sonra ψn(x,t) olarak adlandıralım.
- Büyük Patlamaʼnın problemlerine bir çözüm getirmek amacıyla kozmik enflasyon ile düzeltişmiş Büyük Patlama Kuramıʼnı öne sürmüşlerdir.
Кўриб турганингиздек, тахминан танланган бу иккита гапда ҳам, normilize, problem, fonksion, enflasyon каби асл турк тилига ёт бўлган сўзлар бор. Лекин бу сўзлар инглизча ҳам эмас. Балки инглиз тилидан турк тилига ўзгартирилган сўзлардир. Бу бугунги фаннинг сўзлари. Бу сўзларга турклар усмонийларнинг бирор луғатидан муқобил топиши мумкин эди. Лекин турклар тил бир неча аср аввалги ҳолатида қотиб қолмаслиги, балки бошқа тиллардан атамаларни ўзлаштириб орқали от ва феъл ясаши ҳам мумкинлигини яхши тушунишди.

Шу сабабли ўзбек тили ҳам фандаги атамаларни инглиз тилидан тўғридан-тўғри ўзлаштириши керак деб ҳисоблайман. Кўча тилида бемалол ўзлаштиряпмиз-ку маиший масалаларга тегишли сўзларни. Нега фанда бу ишни қила олмаймиз? Илмий матнларни таржима қилишда Алишер Навоий даврининг луғатига мурожаат қилиш тўғри эмас. Чунки, у даврда на квант механикаси, на электродинамика бўлган.