Get Mystery Box with random crypto!

​​#ривоят БЕШ ДОНИШМАНД Беш нафар донишманд ўрмонда адашиб қ | MA'RIFAT DARSI | МАЪРИФАТ ДАРСИ

​​#ривоят

БЕШ ДОНИШМАНД

Беш нафар донишманд ўрмонда адашиб қолишибди. Йўлни топиб олиш борасида узоқ вақт бош қотиришгач, охири ҳар бири ўз фикрини айтибди.

Биринчи донишманд дебди:
-Мен чап томонга қараб кетаман, чунки ички сезгим шу тарафга қараб юриш кераклигини айтяпти.

Иккинчи донишманд дебди:
-Мен ўнг томонга қараб юришни режалаштиряпман. Чунки ўнг томондан бошланган иш доим хайрли кечишини яхши биламан.

Учинчи донишманд шундай сўз юритибди:
-Мен орқага қайтаман. Чунки ҳаммамиз ортдан олдинга қараб йўл босдик. Аминманки, ортга қараб юрсам, йўл чиқади.

Тўртинчи донишманд фикрини шундай билдирибди:
-Мен олдинга қараб юраман. Юраверсам, охири ўрмон тугаб, йўлни кесиб чиқарман, ҳойнаҳой.

Бешинчи донишманд шундай қарор чиқарибди:
- Сизларнинг фикрларингиз нотўғри. Энг яхшиси, менга қулоқ солинглар. Ҳозир, - у шундай деб атрофдаги энг баланд дарахтни топиб, тепасига ўрмалаб чиқибди. Бироқ бешинчи донишманд дарахтга чиққунича қолган ҳамроҳлари ўз йўналишича тўрт томонга ажралиб, йўл боса кетишибди. Бешинчи донишманд дарахт тепасидан атрофга назар ташлаб, энг яқин йўлни аниқлаган эди. У қўллаган тадбири нақадар оқилона эканидан ўзида йўқ шод бўлибди.

Биринчи донишманд чап томонга юриб, чакалакзорга рўпара келибди. Энди иккинчи муаммо туғилибди: очликдан қутулиш ва йиртқичлардан ҳимояланиш йўлларини излай бошлабди. Шу тариқа машаққат чекиб, юра-юра ўрмонни ўрганиб чиқибди.

Ўнг томонга қараб юрган донишманд қароқчиларга рўпара келибди. Қароқчилар донишманднинг бор-будини талаб, ўзини ўз қаторларига қўшибди. Бироқ ҳеч қанча қт ўтмай, қароқчилар юрагида инсонийлик туйғулари жўш уриб, яхшилик қилишни ўрганишибди. Донишманд қароқчиларга инсоний қиёфага киришлари учун кўп нарсаларни ўргатибди.

Учинчи донишманд эса ортга қайтиб, юра-юра, текислик олдидан чиқибди. Бу йўл ўрмонда адашиб қолганларни ўз уйларига олиб чиқадиган йўл экан.

Тўртинчи донишманд тўғрига қараб юравериб, ҳали очилмаган, кашф этилмаган жойларни аниқлабди. Бу ерда бирор бир инсон қадами тегмаган, фанга номаълум ўсимлигу наботот ва турли ҳайвонлар дунёси мавжуд экан.

Энг охирги донишманд эса энг қисқа вақт ичида муаммоларга ечим топадиган мутахассис бўлиб етишибди. Унинг олдига одамлар ўз муаммоларини бартараф қилиш учун келадиган бўлишибди. Шу тариқа беш донишмандни ўрмон беш тарафга ажратиб, уларни ўзлари истамган тарзда беш дунё вакилига айлантирган экан.

https://t.me/manaviyat_va_marifat_darsi