Get Mystery Box with random crypto!

Ширинлик е, яхши либос кий ва Аллоҳга тақво қил! Бир куни дар | Ислом тарихи | تاريخ الاسلام

Ширинлик е, яхши либос кий ва Аллоҳга тақво қил!

Бир куни дарвешлардан бири Абул Ҳасан Шозилий (раҳимаҳуллоҳ) ёнига яқинлашиб у киши кийган қимматбаҳо либосни қўллари билан ушлаб кўрди ва "эй имом Абул Ҳасан, шу либос билан ҳам Аллоҳга ибодат қилинадими?!" (яъни шундай дабдабали, нафис либосларни кийиб Аллоҳга ибодат қилишга уялмайсизми?!), деди. Абул Ҳасан Шозилий ҳозиржавоб эдилар. У киши ўзларини маломат қилган дарвешга шундай жавоб қилдилар: "менинг либосим одамлардан беҳожатлигимга далолат қилади. Сеники эса одамларга қарамлигинг ҳақида бонг урмоқда".

Дарҳақиқат, динни нотўғри фаҳмлаб олиш кишини адаштиради. Ислом дини дунёни тарк этишга чақирмайди. Зеро, дунё неъматлари ҳам худди ислому иймон неъматлари каби Аллоҳ томонидан ато этилган бир неъматдир. Албатта, неъматларнинг энг улуғи иймондир. Аммо, барча каттаю кичик неъмат Аллоҳ томонидан мўминларга фазлу карам ва имтиҳон сифатида берилган.

Ҳатто, ислом ва иймон неъматининг ҳам синовлари бор. Шундай экан, улардан пастроқдаги дунёвий неъматларнинг синови бўлиши табиийдир.

Инсон қачонки, дунё ҳаётини охиратдан устун қўйса, ана шундагина мазамматга лойиқ бўлади. Лекин, дунё неъматларидан эзгулик йўлларида фойдаланиб, қурби етганча Аллоҳга шукр қилиб, Уларни Аллоҳ таолонинг тоату ибодатига васила қилса ва Аллоҳ ва Расулига, мўминларга муҳаббатли бўлса, унинг мана шу мўътадил ҳолати динни суи фаҳм билан нотўғри талқин қилиб, дунёдан буткул юз ўгирган ва шу билан бирга одамлардан яхшилик умид қилиб, тамаъ либосини кийиб олганлардан афзалроқдир.

Баъзилар, нафл ибодатларда қаттиқ тиришадилар, нафсларини қийнайдилар аммо, уларга муҳаббат етишмайди. Тарихдаги ҳарурийлар, хаворижларнинг ибодати, мужоҳадаси шундай эди. Уларнинг амалдаги жидду жаҳдига саҳобалар ҳам ҳайрон қолардилар. Бироқ, уларнинг қалби муҳаббатдан холи эди.

Саҳобалар қандай бўлишган? Улар ҳар ишда мўътадилликни лозим тутишган. Фарзларни қоим қилганлар, нафлларни бажаришда мўътадил бўлганлар. Тарки дунё қилиб олмаганлар. Шу билан бирга, қалб поклиги, ихлос, тақво ва Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда мўминларни яхши кўриш уларда асосий ўринда бўлган. Ғийбатдан, бўҳтондан, мўминларнинг молу жони ва ирзига зарар етказишдан, уларга қалбда ғиллу ғашлик сақлашдан йироқ бўлганлар. Уларнинг мартабасини олий қилган нарса зотан мана шу хислатлари эди.

Инсон ўзига олимлар либосини кийиб олиши, зоҳирда тақводор бўлиб кўриниши, дунё неъматларидан юз ўгириши мумкин. Аммо, қалб муҳаббатдан, маърифатдан, махофатуллоҳдан бўм-бўш бўлса, амалларига риё аралашиши, тили бемалол мўминлар обрўси узра изғиб юриши, "зоҳидлиги" ҳам ўзгалар назарини жалб қилиш учун бўлиши мумкин. Шундай экан, салоҳияти бутун тананинг салоҳияти бўлган нарсага эътибор бериш лозим. У ҳам бўлса, қалбдир. Қалб салоҳият топса, амаллар ҳам ўнгланади. Қалб харобазор бўлса, уни қузғунлар маскан тутади. Кейин у инсоннинг либосию мазҳари бирор маънони англатмайди.

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрийнинг мажлисларида ширинлик тарқатилди. Ҳамма ўзига берилган ҳалвони қабул қилиб ея бошлади. Ўтирганлардан бири эса уни рад қилди. Ва "бу ҳолвани есам, унинг шукрини адо қилолмайман" деди. Шунда Ҳасан Басрий унга хитобан: "е, эй аҳмоқ! Зеро, сен нафақат бу ҳолвани, балки ичадиган бир қултум сувингнинг ҳам шукрини адо қилолмайсан", деди. Ва қўшиб қўйди: "бас шундай экан, ширинлик е, ҳулла (яхши либос) кий ва Аллоҳга тақво қил!".

@islomtarixiuz — ўтмишнинг биз унутган саҳифалари сари!