Get Mystery Box with random crypto!

Ўзини шаръий билим талабига бағишлаган толиби илм ва олимларни | Ислом тарихи | تاريخ الاسلام

Ўзини шаръий билим талабига бағишлаган толиби илм ва олимларни моддий тарафдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмга фориғ бўлишларини енгиллаштириб, муаммоларини ҳал қилишга ёрдамлашиш умумий маънода бутун уммат устига тушадиган вазифа ҳисобланади. Чунки, толиби илм умматга умумий фарз бўлган ишлардан бўлмиш илм талабини зиммасига олиб, ўзини шунга бағишлаяпти.

Ундан ташқари, Аллоҳ таоло закот ҳақдорларини санаганда "وفي سبيل الله" (Аллоҳ йўлида) деган банди бор ва шундай синф бор. Ўзини илмга бағишлаган олимлар ва толиб илмлар ҳам мазкур синфга дохилдирлар.

Ҳадиси шарифларга назар солсак, бирор улуғ ибодатга ёрдамлашган кишининг қўлга киритадиган ажру савоби мазкур ибодатни шахсан бажарган киши билан баробар эканлигини кўрамиз. Масалан, Зайд ибн Холид Жуҳаний (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا" яъни "ким бирор рўзадорга ифтор қилиб берса (ифтор таоми билан таъминласа), унга мазкур рўзадорнинг ажричалик ажр берилур. Ва шу билан бирга рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камайтирилмас" (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Шу маънодаги ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб уламолар қуйидаги олтин қоидани айтганлар: "Аллоҳга тоат ҳисобланган ҳар қандай ишда бирор шахсга ёрдам берган киши мазкур тоатни амалга оширган кишининг ажри мислича ажр қозонади ва тоатни бажарган кишининг ажридан ҳеч нарса камайиб қолмайди".

Боз устига бу ишлар Аллоҳ таоло буюрганидек эзгулик ва тоатда ўзаро ҳамкорлик қилишга ҳам киради. Аллоҳ таоло буюради: "وتعاونوا على البر والتقوى" яъни "эзгулик ва тоат йўлида ўзаро ҳамкорлик қилингиз (бир-бирингизга ёрдамлашингиз)!" (Моида сураси: 2-оят).

Илм толибларини тайёрлаш ва олимлар етишиб чиқишига ёрдамлашиш бутун уммат зиммасидаги фарзи кифяо амаллардан саналади. Шу боис ҳам Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳ) "танқиҳ ал-фатово ал-ҳомидийя" китобида шундай дейди:

"تلزم على المسلمين كفاية طالب العلم إذا خرج للطلب؛ حتى لو امتنعوا عن كفايته يجبرون كما يجبرون في دين الزكاة إذا امتنعوا عن أدائها"

"Агар илм толиби илм талаби учун йўлга чиқса мусулмонлар зиммасида унинг эҳтиёжини қоплаш вожиб бўлади. Агар унга ёрдам беришдан бош тортсалар, худди закот қарзини адо этишга мажбурланганларидек мажбурланадилар".

Яна мазкур олим "радду-л-муҳтор" асарида илм толибларининг эҳтёжини қоплаш учун байтул мол яъни давлат хазинасидан ҳам маблағ ажратилиши лозимлигини айтган. Жумладан шундай дейилади: "أن من مصارف بيت المال كفاية العلماء، وطلاب العلم المتفرغين للعلم الشرعي" яъни "уламолар ва ўзларини шаръий билим эгаллашга бағишлаган талабаларнинг эҳтиёжини қоплаш байтул молдан ажратилиши керак бўлган сарф-харажатлардан бири ҳисобланади".