Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судло | Irina Kh., Economic Court Judge

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2021 йил давомида кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиётини  умумлаштириш натижалари ҳақида

М А Ъ Л У М О Т Н О М А

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2022 йилнинг биринчи ярмига мўлжалланган иш режасининг 3.4-бандига асосан Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2021 йил давомида кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти таҳлил қилиниб, қуйидагилар аниқланди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳисобот даврининг бошига 64 та шикоят (протест) қолдиқда бўлиб, 2021 йилда кассация инстанциясига 2137 та кассация шикояти (протести) келиб тушган. Шундан 651 таси қайтарилган, 193 тасини қабул қилиш рад этилган ва 5 тасини кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган (2021 йил 13 январга қадар амалда бўлган ИПКнинг 315-моддасига асосан).

Жами 1140 та (шундан 27 таси протест) кассация шикояти (протест) кўриб чиқилиб, 212 та (шундан 11 таси бўйича иш юритиш тўхтатилган) кассация шикояти (протести) кейинги йилга қолдиқ бўлиб ўтган.

Судлов ҳайъати томонидан 2021 йилда келиб тушган кассация шикоятларининг 651 таси (30,5 фоиз) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 292-моддасига асосан қайтарилган.

Жумладан, кассация шикоятларининг 47 таси кассация шикояти имзоланмаган ёки уни имзолашга ҳуқуқи бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги, 85 таси кассация шикоятининг шакли ва мазмуни бўйича процессуал қонун талабларига риоя этилмаганлиги, 278 таси кассация шикоятининг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлиги ёки топширилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаганлиги, 205 таси белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаганлиги, 35 таси белгиланган муддат ўтганидан кейин берилганлиги ва узрли сабаблари кўрсатилган ҳолда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома илова қилинмаганлиги, 1 таси кассация шикояти иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида суд ажрими чиқарилгунига қадар шикоятни берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушганлиги учун қайтарилган.

Шунингдек, ҳисобот даврида судлов ҳайъати томонидан келиб тушган кассация шикоятларининг 193 тасини (30,5 фоизи) ИПКнинг 291-моддасига асосан иш юритишга қабул қилиш рад этилган.

Жумладан, кассация шикоятларининг 15 таси кассация шикояти ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилганлиги, 132 таси кассация шикояти қонуний кучга кирмаган ёки қонунчиликка мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши мумкин бўлмаган ёхуд апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилганлиги, 3 таси кассация шикояти кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилганлиги, 39 таси кассация шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилганлиги, 4 таси кассация шикоятидан уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли кассация шикояти бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида суд ажрими чиқарилганлиги учун иш юритишга қабул қилиш рад этилган.

Кассация инстанцияси судида жами кўрилган ишлар сони ўтган йилга (512 та) нисбатан 628 та (ёки 122,65 фоиз)га ортган.

@irinakhakimovajudge