Get Mystery Box with random crypto!

Ибратли хикоялар

Telegram kanalining logotibi ibratli_xikoyala — Ибратли хикоялар И
Telegram kanalining logotibi ibratli_xikoyala — Ибратли хикоялар
Kanal manzili: @ibratli_xikoyala
Toifalar: Iltimoslar
Til: Oʻzbek tili
Mamlakat: Oʻzbekiston
Obunachilar: 18
Kanalning ta’rifi

Bu dunyoda har bir insonning o'z hikoyasi bor, insonlarni yaxshi bilmay turib hukm qilmang. Haqiqat sizni ajablantirib qo'yishi mumkin ...
Admin:
@Dreamer_Programmer_official

Ratings & Reviews

3.33

3 reviews

Reviews can be left only by registered users. All reviews are moderated by admins.

5 stars

1

4 stars

1

3 stars

0

2 stars

0

1 stars

1


Oxirgi xabar 2

2021-01-31 18:33:00
1.2K viewsNurbek Ismoilov, 15:33
Ochish/sharhlash
2021-01-31 18:32:30 -Нега келдингиз? -деди лаблари титраб.- Шунча машмаша камми,сизга? Агар уйимдагилар сизни келганингизни билишса,мени ўлдиришади.
-Нимага ўлдиришар экан?- деди Мансур ғазаб билан. -Сиз боши очиқ аёлсиз.Ўз ҳаётингизни ўзингиз ҳал қила оласиз.Мен сиздан ҳеч қачон воз кечмайман... У шундай деб ўзи олиб келган алланималарни Гулдонанинг бош томонида турган шкафчага жойлаштира бошлади.-Сизни бир кўрмасам, бўлмас эди.Аммо билиб қўйинг,мен орқага чекинмайман барибир.-У шундай деб Гулдонанинг ёнидаги стулга ўтириб олди.
-Илтимос,тезроқ кетинг.-Гулдона йиғлаб юборди.-Ҳозир уйдагилардан бирортаси келиб қолса,билмайман нима бўлади?
-Нима бўлса бўлар,-Мансур қўлини силтаб қўяркан,қўшиб қўйди.- Дунёда ҳал бўлмайдиган масала фақат ўлим.Бошқасининг эса иложини топса бўлади.Жуда бўлмаса,сизни ўғирлаб кетаман.
Аёл индамади.Унинг руҳияти жуда чарчаган эди. Тинчлантирувчи дорилар таъсиридами, асаби бўшашиб,кўзларига уйқу тиқилиб келаётганини ҳис қилди.Аммо шу пайт қайнонасининг овози бошида бомба портлатгандай бўлди.
-Войдод,мусулмонлар.Бу шармандаликни қаранглар.Бу ошиқ- маъшуқларни кўринглар.Уялмасдан касалхонага келганини-чи?-Қайнонаси касалхонани бошига кўтариб бақирарди.
Бир зумда хона шифокорлар ва қўшни палатада ётганлар билан тўлиб кетди.Гулдона кўзларини янада маҳкамроқ ёпди.У ҳозир номус қилганидан ҳаммаси тушга айланишини ёки ўлиб қолишини шунчалар истардики...
-Хола ўзингизни босинг.Бу нима деган гап? Ахир бу ерда қанча беморлар оғир аҳволда ётибди. Навбатчи шифокор Барот аканинг сўзлари уни бироз ўзига келтиргандай бўлди.- Боринг,чиқинг бу ердан.Келинингизни аҳволи ҳали ўнгланмаган.Бу қанақаси?
Қайнонаси яна бир нималар деб вайсаганича чиқиб кетди.Мансурнинг қачон чиқиб кетганини эса Гулдона сезмай ҳам қолди.
Эрталаб яна қизи келди.Кўзлари шишиб кетган,юзлари сўлғин аҳволдаги Гулсара онасини қучоқлаб йиғлаб юборди. Қўлидаги ҳамёнида онасининг тилла буюмларини,каттароқ сумкада кийимларини солиб келган экан.
- Онажон,бибим сизни “уйга қайтиб келмасин”,- дедилар.Ҳамма кийимларингизни ҳовлига чиқариб қўйибдилар.Имомали ҳам " Юзимни ерга қаратадиган онанинг менга кераги йўқ,-" деди,ахмоқ. Шундай дегани учун иккимиз уришиб қолдик. Укам менга "Сен нега онамнинг тарафини оласан? Сен чидасанг ҳам мен чидамайман.Бу иснод-ку," -деб бақирди. Мен турмуш қуришнинг иснод эмаслигини унга тушунтиролмадим.-Қизи ҳиқиллаганча шу сўзларни айтди-да,яна онасини бағрига босди.- Энди нима қиласиз,онажон?
Гулдона музлаб қолганди."Ахир мен нима қилдим? Мен Мансурга тегаман деб туриб олганим йўқ-ку.Бу гап акаларимнинг қулоғига етиб борса,улар мени омон қўйишмайди." Аёл рашки баланд,ор-номуси осмон акаларининг феъл-атворини яхши биларди.
-Онажон,кўп ўйланаверманг.Мен Сизни уйимизга олиб кетаман.Имомали ҳам унгача ўйлаб кўрар.Эҳтимол,фикри ўзгарар.. Онасига далда бўлишга уринаётган Гулсаранинг овозида аллақандай ишончсизлик бордай эди. -Куёвингизга тушунтирдим...
-Қизим, ҳаётингга халақит беришни истамайман.Қолаверса,бу гаплар қайнона -қайнотангнинг қулоғига етиб борса, шаънингга яхшимас. Мен акаларимнинг олдига бораман. Гулдона шу сўзларни айтиб,жойидан турди.-Мана, бугун аҳволим анча яхши.
- Онажон,бибим кеча тоғаларимникига бориб,жанжал қилиб келдилар.Улар сизни қабул қилишмайди энди. Гулсара эзилиб шу сўзларни айтди-да, баралла йиғлаб юборди. -Ўзимни жудаям ёмон кўриб кетяпман.Сизга ёрдам беролмаяпман...
-Унда Самарқандга холангникига бораман, -Гулдона бу гапи билан ўзига ҳам қизига ҳам далда бермоқчи бўлди.(Унинг биргина опаси бўлиб,кўп йиллар олдин қўшни вилоятга турмушга чиқиб кетган эди.)
-Майли онажон.Холамни уйларига меҳмонга боргандай бўлиб, ўша ерда яшаб туринг. Бироз вақт ўтсин.Кейин ҳаммаси ўз жойига тушар балки.-Гулсара онаси билан хайрлашаркан,келтирган овқатини косага солиб қўйди. -Кечки пайт яна келарман.
-Келишинг шартмас қизим.Тинчингга қара.
1.1K viewsNurbek Ismoilov, 15:32
Ochish/sharhlash
2021-01-31 18:32:30 Хавотирли хаёллар билан тонггача ухлолмаган Гулдона эрталаб бош шифокорнинг олдига кирди.Уйга кетавериши мумкинлигини эшитиб, жойини йиғиштириб қўйди.Чой ичган бўлди. Қўлида биргина сумка билан касалхонадан чиқиб,туман марказидаги шоҳбекатга йўл олди.У Самарқандга кетишга қарор қилганди. У бошига тушган ғалвалар сабаб Мансур ҳақида ўйлашни ҳам, эслашни ҳам истамай қолганди.
Кўча бошига бормасидан қўл телефони чақириб қолди.Нотаниш рақамдан кимдир қўнғироқ қилаётганди.Аёлнинг жавоб бергиси келмади.Маршрут таксига ўтириб, шоҳбекатга келди.
Самарқандга кетадиган автобус вақтини аниқлаб, ҳали бир соатча вақт борлиги сабаб ўша ердаги дўконларни айланмоқчи бўлди. Шу пайт яна қўл телефони жиринглаб қолди. Қўнғироқ яна ўша нотаниш рақамдан экан."Ким бўлди экан?"Гулдона яшил тугмачани босди.
-Гулдона,нега жавоб бермаяпсиз? Роса хавотир олдим...Бирданига янграган Мансурнинг овози аёлни саросимага солиб қўйди.
-Менга бошқа қўнғироқ қилманг. Бу ердан бутунлай кетяпман.
-Қаердасиз? Мен сизни ҳеч қаерга кетишингизни ҳоҳламайман.-Мансурнинг овози илтижо аралаш янгради.
- Илтимос, бошқа қўнғироқ қилманг.Мени унутинг.
Мансур яна алланималар деяётганда,Гулдона телефонини ўчириб сумкасига солиб қўйди. Кейин бироз ўйланиб турди-да,қизига қўнғироқ қилиб Самарқандга кетаётганини айтди. Кайфияти бузилиб,дўконларни айланишдан ҳам воз кечди.
Аёл автобуслар турган жойга яқинлашди.Юраги қалқиб кетаётгани учун тинчлантирадиган ҳапдоридан тилининг остига ташлади.Ҳайдовчидан илтимос қилиб, ҳеч ким бўлмаса-да, автобусга чиқиб ўтириб олди. Энди буёғига ўзининг ҳаёти қандай кечиши ҳақида ўйлай бошлади.Опасига нима дейди,қандай тушунтиради? Поччаси, жиянлари уни қандай қаршилар экан?
Автобус деразасига қараб, ўй суриб ўтирган Гулдона бирдан сергак тортди.Чунки шоҳбекат майдонига Мансурнинг "Нексия"си кириб келганини кўриб қолганди.Машинадан Мансур билан бирга қизи Гулсара тушиб келди.
Гулсара шоҳбекатга аланг- жаланг қараб, тўғри "Самарқанд- Бухоро" ёзувли автобусга қараб кела бошлади.Мансур ҳам унга эргашди. Гулшан бўлса автобусдан тушишни ҳам, тушмасликни ҳам билмас, вужуди титраб ўтирарди.
Моҳигул Назарова.
1.1K viewsNurbek Ismoilov, 15:32
Ochish/sharhlash
2021-01-31 18:32:30 -Хола, нега мен ҳақимда суриштиради? Ҳали бошимга йўқ жойдан туҳмат ағдарилмаса эди...Қўрқаман,бунақа гаплардан.Биласиз,эри йўқ аёлнинг тупроғи енгил бўлади,- Гулдона ростдан чўчиб кетди.- Мен қуда- андали аёлман.Ортиқча гап-сўз керакмас,менга.
Кунлар ўтаверди. Мансур Гулдонани кузатиб юраверди. Бир куни Ғафурга кўнглини ёрди. Ғафур дўстининг аҳволини яхши тушунгани учун уни ранжитмаслик учун индамай тинглади.Кейин бу масала жуда қийинлигини,Гулдона турмушга чиқолмаслигини,бу таклиф унинг оиласида ҳам катта муаммо чиқариши мумкинлигини тушунтирди. Мансур бўлса "Шунча йиллик дўстлигимиз ҳаққи,бир марта мен учун совчи бўлиб боргин.Фарзандлари ҳам уйли- жойли бўлишибди. Ҳали Гулдона ёш-ку. Боши очиқ аёл бўлса...Илтимос йўқ демагин," -деб туриб олди.
Ғафур аввал хотинига бу гапнинг учини чиқарди.Аммо Шоира бу масала ўта нозиклигини,онаси буни эшитса жуда хафа бўлишини, укаси ўлмаганда шундай бўлмаслигини айтиб, йиғи-сиғи қилиб эркакни сиқиб ташлади.Ғафур эртаси куни Мансурга "Мен бу ишга аралашишга тоқатим ҳам, иложим ҳам йўқ.Гулдонанинг ўзи билан келишгин. Агар тақдирларинг қўшилган бўлса,ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди,"- деди.
Мансур энди Гулдонанинг кўнглини топишга ҳаракат қиладиган бўлди.Табиийки, ҳар иккиси бир жойда ишлашгани учун бунга эриша олди ҳам.
Бир куни шамоллаб қолган бўлса-да, ишлаётган Гулдонани мажбурлаб, шифокорга олиб борди, буюрилган дори-дармонларини келтириб берди. Ўзининг эътиборлилиги, ширинсўзлиги, меҳрибонлиги билан аёлнинг кўнглига йўл топа олди. Меҳрга ташна аёл қалби бунга бефарқ бўлолмади. Гулдона унга ўрганиб қолди.Шундан кейин Мансур Қаршига бориб тоғасининг хотинини олиб келди-да, Гулдонанинг "керакмас,бундай қилманг",- деб қилган илтижоларига қарамай,совчиликка жўнатди.
Ўша куни Гулдоналарнинг уйида қиёмат қўпди гўё.Қайнона келган совчи аёлни беобрўй қилиб, кўчага ҳайдаб чиқарди. Онасидан хабар олишга келиб, бу воқеанинг устидан чиқиб қолган Имомали кўчада совчи аёлни кутиб турган Мансурни ҳақоратлади, у миниб келган машинанинг ойнасини уриб синдирди. Гулдона ишга боришдан маҳрум бўлди.Қайнонаси унга "Агар шу одамга тегсанг,уйни ҳам,фарзандларингни ҳам унутгин. Эрга теккинг келган экан,ёшлигингда теккин эди.Қуда-андалик бўлганингда бу нима қилганинг? Бизни қишлоқда шарманда қилмоқчимисан?Агар шу одамни десанг,сени ҳаммамиз оқ қиламиз",-деди.Гулдонанинг ҳаёт зарбларидан минг бўлак бўлган юраги бу гапларни кўтаролмади. Йиқилиб қолди. Касалхонада ўзига келган аёлнинг бошида қизи йиғлаб ўтирарди.
-Онажон,-деди қизи Гулсара.-Мен Имомалига тушунтиришга ҳаракат қилдим. Дадам вафот этганларидан бери ёлғиз ўзингиз бизни катта қилганингизни,сизга қийин бўлганлигини,ёшингиз ўтаётган пайтда ёнингизда бир ҳамроҳ кераклигини айтдим.Аммо у тушунмаяпти.Бибимнинг гапларини такрорлаяпти...
- Қизим...Гулдона томоғига қаттиқ нарса тиқилиб, бир зум гапиролмай қолди. Уят,номусдан баттар ғужанак бўлиб,бошига одеялони тортди.-Менга ҳеч нарса керакмас.Мен...турмуш қурмоқчи эмасман.
- Онажон, мендан уялманг.-Гулсара онасини ётган жойида маҳкам қучоқлаб олди.-Сиз уятли ҳеч қандай иш қилмадингиз. Ҳали 30 ёшга кирмасдан бева қолдингиз.Дадам раҳматли яхши одам бўлсалар-да,сизга меҳрлари йўқ эди. Мен ҳаммасини яхши эслайман."Сени ёмон кўраман" десалар ҳам индамай ичингизда йиғлаб, ишларингизни қилиб юраверардингиз.
Гулдона қизига ҳеч нарса демади. Кейинги ойларда ҳаётига озгина ёруғлик олиб кирган одамдан жудо бўлганини ҳис қилгани, бошига шунча ғалва тушгани учунми, унга ҳамма нарса барибир бўлиб қолгандек эди. Қизи онасининг овқатини иситиб, чой дамлаб келди. Бироздан кейин кетишга ижозат сўради.
- Майли қизим,борақол.Бу гапни уйингдагилар эшитмасин,яна. Гулдона истиҳола билан гапирар экан,яна юраги санчиб кетди.- Ҳаммаларини сўраб қўйгин.
Қизи кетгач,ҳамшира келиб, томчи дорини уларкан, бир эркак Гулдонани кўришга келганини айтди."Қайнукаларимдан бирортаси кўришга келган бўлса керак-да",- деб ўйлаган Гулдона эшик олдида турган Мансурни кўриб, юраги орқасига тортиб кетди.
1.2K viewsNurbek Ismoilov, 15:32
Ochish/sharhlash
2021-01-31 18:32:29 Ёлғизликни енгган аёл... (ҳикоя)

Ҳикоя ва қиссалар

Зардевон қишлоғида оралаган миш-миш ҳамманинг эсини тескари қилиб юборди.Ҳамманинг оғзида шу гап."Ҳай эшитдингизми, Гулдона янга қочиб кетганмиш..""Йўғе,наҳотки? Ахир у келин- куёв кўрган кап-катта аёл бўлса? Нега қочиб кетади?Ким билан қочиб кетибди?" "Унга бир эркак оғиз солган экан.Уйдагилари йўқ дейишган эмиш.Кейин ўша эркак билан кетворибди".
Хуллас,"Эл оғзига элак тутиб бўлмайди", деганларидек миш-мишлар роса болалади.
Қишлоқда ҳамма яхши биладиган ҳурматли хонадоннинг ўн етти йил олдин тул қолган келини Гулдона янганинг бундай қилиши ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмаган эди.
... Гулдона 17 ёшда аммасига келин бўлганди. У буғдойранг, кичик жуссали бўлиб, жингалак сочлари, қош -кўзлари ўзига ярашган қиз эди.Эри Раҳмонали ундан бир ёшга катта бўлиб,ҳарбий хизматни ўтаб келгач, ўша пайтда мавжуд бўлган жамоа хўжалигида бригадир бўлиб иш бошлади.Ғайратли,бир гапириб ўн куладиган, хушсурат,гавдали Раҳмонали хотинига ҳеч кўнгил қўёлмади. Эҳтимол,ака-сингилдек бирга ўсишгани бунга сабаб бўлгандир. Раҳмонали ичиб олса,хотинини уйдан ҳайдаб чиқарар,” ўттизга кирсам,устингга бошқа уйланаман”,-дерди.Кетма-кет туғилган қиз-ўғил фарзандлар ҳам уларнинг орасини илитолмади.
Аммо Раҳмоналига ўттизга кириш насиб этмаган экан. Унинг 28 ёшда сирли равишда дунёдан кўз юмиши Гулдонанинг ҳаётини ағдар тўнтар қилиб юборди.Дўстлари билан зиёфатга борган йигит маст аҳволда уйга қайтди-ю, эрталаб уйғонмади.
Бева қолган аёл ота-онасининг уйига қайтиб бормади. Гулдонанинг ота- онаси дунёдан ўтиб кетган, уларнинг ота ҳовлисида кичик акаси яшар, Гулдона унинг тинчини бузгиси йўқ эди. Раҳматли эри қурган данғиллама ҳовлида қайнана-аммаси билан бирга яшаб юраверди.Далада ишлади,ипак қурти боқди. Бошқа келинларига анчайин қаттиққўл амма кўнгли ярим келинини доимо аяр,ундан ширин сўзини аямасди.
Шундай қилиб орадан вақт ўтди.Гулдона қайниларининг ёрдами билан қизи Гулсарани турмушга берди,ўғли Имомалини уйлантирди. Имомали амакилари каби ошпазликни ўрганган,қўшни вилоятдаги ошхонадан яхши маошли иш топганди. Тўйдан кейин ўғил онасининг рухсати билан хотинини олиб, қўшни вилоятга кўчиб кетди. Бу орада қайнонаси кенжа ўғлиникига кўчиб ўтди.Чунки кенжа ўғилнинг оиласида эгизаклар туғилган, уларга қарашга одам керак эди.
Энди Гулдонанинг ёлғизлиги жуда билинадиган бўлди.40 ёшга ҳам тўлмаган аёл кечқурун бўлишидан юрак олдириб қўйди. Телевизор кўриб алламаҳалгача ўтирадиган одат чиқарди.Қайнанаси борида билинмаган экан, энди у ёлғизликнинг қанчалар оғир юк эканлигини борлигича ҳис қиладиган бўлди.
Худди шундай кунлардан бирида қайнопаси Шоира келиб,эри Ғафурнинг янги ошхона очаётганлигини ,ошхонага ошпазга ёрдамлашиш, идиш-товоқ ювиш учун аёл киши кераклигини айтиб қолди.
-Хохласангиз,ишланг келин, -деди Шоира опаси кетишидан олдин. –Барибир куни билан уйда зерикиб ўтирасиз.
-Майли опа,бир ўйлаб кўрайчи,-деди Гулдона.
Эртаси куни қайнонаси келганида у билан маслаҳатлашган Гулдона ошхонада ишлашга қарор қилди.
Ошхонани Ғафур асли қаршилик бўлган ҳамкори Мансур билан бирга очган экан. Кўринишидан оғир-вазмин,ошхонанинг бозор-ўчарини қиладиган бу эркакка Гулдона эътибор бермади. Ошхона фарроши Матлуба холанинг айтишича, Мансурнинг ҳеч кими йўқ экан.Ота-онаси ёшлигида ўтиб кетишгач,амакиларининг ёрдами билан уйланиб уй -жой қилган экан. Рўзғор ғамида чет элга ишлашга кетган вақтида фалокат юз берибди.Яъни, уйидан ёнғин чиқиб, хотини ва бир ёшли ўғилчаси ҳалок бўлишибди. Кейинчалик уй-жойини амаллаб ўз ҳолига келтирган бўлса-да, Қаршида туролмабди.Қачонлардир ҳарбий хизматда топишган дўсти Ғафурни қора тортиб Бухорога келиб қолибди.
- Унинг айтиши сиз унинг ёнғин туфайли вафот этган хотинига ўхшаб кетар экансиз,- деди Матлуба хола ҳикоясининг охирида. Сизни кўрган куниданоқ "ким бу аёл?" деб сўради. Жаҳлим чиқиб уришиб бердим.
1.4K viewsNurbek Ismoilov, 15:32
Ochish/sharhlash
2021-01-27 11:57:55 Уста Саид кутган иш бўлди. Ҳасан аканинг навбатдаги силтаб тортишида арқон узилиб кетди-ю, тупроқ тўла челак қудуқ тубига равона бўлди.
− Уста Саид эҳтиёт бўл!
Ҳасан ака бошқа сўз айтишга улгурмади. Ичкаридан аввал “гуп” этган, кейин “Иҳ!” деган товуш эшитилди-ю, дунё сув қуйгандек жим бўлди.
Ҳасан ака билан Ҳусан ака бир-бирларига қараганча тош қотишди.
− Нима бўлди? Энди нима бўлади? – ранги оқарди Суннатиллонинг.
− Жим бўл! – ўғлини жеркиди Ҳасан ака. – Қулоқ солинглар қани, Уста Саиднинг овози эшитилаяптими?
Учаласи бараварига қулоқ солишди. Қудуқдан садо чиқмади.
− Фонарингни олиб кел! – бақирди Ҳасан ака.
Суннатилло хитой чироғини олиб келиб, қудуқ тубига тўғрилади. Қудуқ тубида Уста Саид ётгани кўринар, аммо у қилт этиб, ҳаракат қилмасди.
− Уста Саид, тирикмисан? – қудуқ тубига бақирди Ҳасан ака. − Одамни қўрқитма, дўстим?
Жавоб бўлмади.
− Ҳусан, тушиб чиқ!
Ҳусан ака икки қадам ортига тисарилди:
− Икки дунёда ҳам тушмайман! Боя бир тушганим умримнинг охиригача етади. Ўзингиз тушинг!
− Мен тушолмайман, пастда юрагим қисади, Суннатилло, сен-чи?
− Э, қўрқаман, дада! Яна у ерда Қудуқчи бова ўлиб ётибди!
− Бас қил! Ким айтди сенга уни ўлди деб?
− Ана, ўлиб ётибди-ку? – ҳиққиллади Суннатилло. – Тирик бўлса, ҳеч бўлмаганда инграрди-да. Нафас ҳам олмаяпти-ку?
Ҳасан ака яна бир бор қудуқ тубига хитойчироқ тутди.
− Нима қиламиз, Ҳусан? Ростдан ўлганга ўхшайди. Одамларни чақириш керак. Уйидагиларга нима деймиз?
− Э, одамларни чақирсак, балога қоламиз, − деди Ҳусан ака. – Мелиса келади, у ёғи суд. Иккаламиз ҳам қамалиб кетамиз. Уйидагиларга айтсак ҳам барибир биздан гумон қилишади.
− Нима қил, дейсан бўлмаса? – қўллари қалтирай бошлади Ҳасан аканинг.
− Билмайман, ака, билмайман, − йиғлаб юборди Ҳусан ака. – Аниқ қамаладиган бўлдик.
Бирпас ҳаммалари жим қолишди.
− Яқинроқ келинглар! – пичирлади Ҳасан ака.
Учаласи қудуқ тепасида каллалари каллаларига тегар даражада жам бўлишди.
− Кўмамиз! – кўзларида ёввойи бир нур ялтиради Ҳасан аканинг.
− Нимани кў-кўмамиз? – қалтиради Ҳусан ака.
− Қудуқни кўмамиз, галварс! – тишлари орасидан сўзлади Ҳасан ака. – Ҳозироқ қудуқни кўмиб ташлаймиз. Икковинг ҳам бировга чурқ этиб оғиз очмайсан! Биз қудуқ-пудуқ кавлатганимиз йўқ. Уста Саид бизникига келгани йўқ. Биз уни кўрганимиз йўқ, тамом-вассалом! Тушундиларингми?
− Уйидагилар Ҳасан аканикига кетувди деса-чи? – сўради Ҳусан ака.
− Келгани йўқ, деймиз.
− Мелиса ит олиб келса-чи? – овози титради Суннатиллонинг.
− Ўн беш-йигирма метр пастда қолиб кетган Уста Саиднинг ҳидини ит ҳам ололмайди, − овози ўктамлашди Ҳасан аканинг. – Кетмонни ол! Тез бўлинглар! Биров билиб қолмасдан, қудуқни кўмиб, текислаб, устига товуқларга катак ҳам ясаб қўямиз.
7.
Уста Саид ўзи ўйлаб топган заҳира туйнукда туриб, челакни ўтказиб юборган, у “гуп” этиб, қудуқ тубига урилганда айтган иши бўлганидан “Иҳ!” деб юборган эди. Кейин қитмирлиги тутиб, “Қани, булар нима қилар экан?” деб овозини чиқармай ўтирган эди. Ҳасан аканинг “Фонарингни олиб кел!” деганини эшитиб, узала тушиб ётиб олган, ўзини ўлган қилиб кўрсатиб, ака-ука синфдошларини бир қўрқитиб қўймоқчи бўлганди. Улар пастга тушганда, “Айтмадимми, арқонни силтаб тортсанг, ана шундай бўлади”, деб танбеҳ бермоқчи эди. Аммо ака-укаларнинг пичирлаб айтган, қудуқ тубида эса аниқ-тиниқ эшитилиб турган гапларини эшитиб, аввалига улар менинг ҳийламни билиб қолишиб, менга ҳазил қилишаяпти, деб ўйлади. Ҳасан аканинг қатъий айтган сўзларидан кейин эса, ақли шошиб қолди.
“Наҳотки, бир одамни бутунича қудуққа қўшиб, кўмиб юборишса?” ўйлади Уста Саид. “Йўғ-эй, бунчаликка боришмас, ахир улар синфдошларим, дўстларим-ку? Боягина дўстлигимиз абадий бўлсин, деган одам дўстини тириклай кўмиб юбормас? Дўстлик ҳақида шунча шеър айтган одам, дўстликнинг ҳам, дўстининг ҳам устидан тупроқ тортадими?
Уста Саиднинг хаёлини тепадан шовуллаб тушаётган тупроқлар бузиб юборди.
“Ё, тавба! Булар соғми ўзи?”
2.2K viewsDreamer Programmer, 08:57
Ochish/sharhlash
2021-01-27 11:57:55 Уста Саид аввалига “Нима қилаяпсан, ноинсоф, мен тирикман!” деб бақирмоқчи бўлди. Аммо туриб-туриб, яна қитмирлиги тутди. Ўзи тепадан бошлаб кавлаб тушган “Заҳира ариқ” ичига ўтиб олди. Бошига ўраган рўмолни ечиб, чангдан бўғилиб қолмаслик учун оғзи-бурнини ўради. Тепадагилар бир-бирини шошириб, ҳовлиқиб тупроқ ташлаганлари сари қудуқ кўмилиб борар, тупроқ билан бирга секин-аста “заҳира йўлак”дан Уста Саид ҳам тепага кўтарилиб борар эди.
“Бу қотилларга қудуқ ҳайф. Қудуқни ўзлари кўмиб ташласин, индамайман!”
Ниҳоят, “Заҳира йўлак” ҳам тугади. Қудуқ ҳам торайди. Энди юқоридагилар ташлаётган тупроқ Уста Саиднинг бошига, елкаларига туша бошлади.
“Энди овоз чиқармасам бўлмайди. Тупроққа қўшилиб тушадиган бирор каттароқ кесак ё тош бошимни ёриб, ростан ҳам ўлиб қолмай, булар барибир кўмади энди”, деб ўйлаган Уста Саид баланд овозда бақирди:
− Сал дам олинглар, шоввозлар, чарчаб кетдиларинг!
Аллақачон Уста Саиднинг жасади қудуқ тубида қолиб кетди, деб қудуқ кўмаётганлар бу овозни эшитиб, аввалига бир-бирига анграйиб қарашди. Кейин учови ҳам бир хил фикрга келди: “Бизга шундай туюлди, қудуқ ичидан овоз келиши мумкин эмас!”
Бир зум тўхтаган учовлон яна бирданига тупроқ ташлай бошлашди.
− Бўлди қилинглар, арқон нарвонни ташланглар!
Учовлон баравар тилдан қолди. Учовининг ранги баравар оқарди. Учовининг сочи баравар тикка бўлди. Учови баравар қудуқ ичига қаради. Узатса қўлига қўл етар жойда тупроққа беланиб, Уста Саид уларга қараб турарди.
Учови баравар ортига тисарилди. Ҳусан ака қўлидаги белкуракни отиб юбориб, ҳовлидан қочиб чиқиб кетди. Суннатилло ерга ўтириб қолди.
Ҳасан ака арқон нарвонни ташлади.
Уста Саид қудуқдан чиқди. Рўмолини, кўйлагини ечиб, чангини қоқди. Еб қўйгудек бўлиб, Ҳасан акага қаради. Ҳасан ака икки қўлини елкаси баравар кўтариб олган, нуқул “Йўқ” ишорасини қилиб, қўлларини силкитар, аммо бир сўз айта олмас эди.
Уста Саид Суннатиллога тикилди. Сополга айланган Суннатилло нима бўлаётганини англайдиган аҳволда эмас эди.
Уста Саид индамай бориб, машинасига ўтирди. Ҳасан ака унинг ортидан эргашиб борди. У нимадир демоқчи бўлар, аммо тили айланмас эди.
Уста Саид машинасини юргизиб кетар экан, бир оғизгина гапирди:
− Садқаи одам кет!
Тамом...
Каримберди Тўрамурод
1.5K viewsDreamer Programmer, 08:57
Ochish/sharhlash
2021-01-27 11:57:55 − Бир бошга бир ўлим, − ҳансиради Ҳасан ака. – Ўзимиз кавлаймиз, дедикми, ўзимиз кавлаймиз.
− Бўпти, қарорларинг қатъий экан, энди бундай қиламиз, − деди Уста Саид ва ким нима иш қилишини тушунтирди.
Уста Саид қудуққа тушиб, кавлайдиган, Ҳасан ака билан Ҳусан ака қудуқ тепасига ўрнатилган чамбарак ёрдамида Уста Саид челакларга солиб берадиган тупроқни арқон билан тортиб оладиган, Суннатилло у тупроқни олиб бориб, нарироққа тўкиб келадиган бўлди.
− Ҳамма нима иш қилишини тушундими? – сўради Уста Саид.
− Тушундик, тушундик! – бўлди жавоб.
− Тушунган бўлсаларинг, бугун дам олинглар, эртага эрталабдан янги куч, янги ғайрат билан иш бошлаймиз.
− Майли, майли, бугун ўйин бошига етади, − деди Ҳасан ака бошқа кавлашига кўзи етмай.
5.
Эртаси куни эрталаб етиб келган Уста Саидни Ҳасан ака билан Ҳусан ака яна дастурхон ёзиб кутиб олди.
− Келининг ўнтагина тухум қовурибди, шуниб еб олайлик, қувват бўлади.
− Қувват бўладиган бошқа нарса қўшмасанг, майли, − деди Уста Саид.
− Бўлди-бўлди, унисини тушликка қўшамиз.
Тушликкача Уста Саид қудуққа тушиб, ерни ўйиб, челакка солиб бераверди, гоҳ Ҳасан ака, гоҳ Ҳусан ака чамбарак билан у челакларни тортиб олаверди, Суннатилло йигирма қадам нарига тўкиб келаверди, қудуқ қудуққа ўхшаб қолди. Уста Саиднинг овози акс-садо бериб қолди:
− Ҳасанбой, арқонни силтамасдан, ройиши билан торт! Арқон узилиб кетмасин яна.
− Хўп, Уста Саид, хўп!
Хўп деган билан бунақа ишни қилиб юрмаган Ҳасан ака ҳам, Ҳусан ака ҳам арқонни Уста Саид буюргандек тортишни эплай олмади. Уста Саид икки-уч марта қудуқдан чиқиб, арқонни қандай тортишни кўрсатди, барибир деҳқондан чиққан янги қудуқчилар чамбаракни силлиқ ишлатишнинг уддасидан чиқа олишмади. Улар силтаб-силтаб арқон тортишда давом этаверишди.
Тушлик маҳали Ҳасан ака яна дўстлик ҳақида сўз айтиб, қадаҳ тўлдирди.
− Мен ичиб, қудуққа тушишдан қўрқаман, ичкари қўрқинчли кўринади, − деди Уста Саид.
− Э, ваҳима қилма-е! – кулди Ҳасан ака. – Биз ҳар куни далага чиқишдан қўрқмаймиз-ку, қудуқ ҳам сенинг даланг-да, нимасидан қўрқасан?
− Ҳа, шундай сўзлардан кейин ичмаслик увол, − акасини қўллади Ҳусан ака. – Битта шеър ҳам айтинг энди.
Ҳасан ака ҳам куттирмай, шеър ўқиди:
− Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб-туришин кўринг.
Биров билан ошно бўлай десангиз,
Аввал ўз сўзида туришин кўринг.
Биринчисини Уста Саиддек ўз сўзида турадиган мард дўстларимиз учун оламиз!
− Буниям Мелиев домла ёзганми? – сўради Уста Саид.
− Эсимда йўқ, менга Гулсара муаллима ўргатувди, − деди Ҳасан ака. – Менимча, Гулсара муаллима ёзган бўлса керак. Муҳими, зўр айтилган, олдик!
− Олдик!
− Мен ҳаммаси учун охирида битта оламан, бас, − деди Уста Саид. – Қудуққа мен тушаман, шунинг учун гапимга хўп денглар!
− Э, қўрқитма, Уста Саид, мен ҳам тушаман, − деди Ҳасан ака икки пиёлани бўшатгач, ботир бўлиб.
− Керак бўлса, мен ҳам тушаман, − деди Ҳусан ака учинчи пиёладан кейин.
− Кўрамиз!
− Кўрасан!
Тушликдан кейин арқон нарвондан аввал ўзи қудуқ тубига тушган Уста Саид аввал Ҳасан акани тушириб олди. Чуқурлиги ўн метрдан ошиб қолган қудуқ тубига тушган Ҳасан аканинг юраги сиқилди. Дарҳол юқорига “ўрмалади”:
− Бизга тўғри келмас экан, Уста Саид, юрагим ёмон бўлди.
Кейин Ҳусан ака тушди. Бунисини ваҳима босди.
− Уста Саид, гўрга киргандек бўлаяпман! Вой, энажон! Анави нима? Илонми?
− Ваҳима қилма-е, қани, қаерда? – сўради Уста Саид.
− Ана, кавакда бир ниманинг кўзи ёниб турибди-ку?
− У сув келадиган тешиклар, томчилаб сув чиқаяпти, ана шулар йиғилиб, қудуққа сув тўлади-да, қўрқма!
− Э, мен чиқаман, ҳозир ўлиб қоламан!
− Икковинг ҳам боя мард эдинг-ку? – кулди Уста Саид. – Ана шунақа, қудуқ тубида ишлаш ҳар кимнинг ҳунари эмас.
6.
Ҳар қанча тайинламасин, ҳар қанча ўргатмасин, Ҳасан ака билан Ҳусан ака арқонни силтаб тортишини қўймади. Уста Саид ўз хавфсизлигини ўйламаса, бир кор-ҳол бўлишини англаб, эҳтиёт чорасини кўрди. Қудуқ билан баравар ёнидан бир одам сиғадиган қилиб, қўшимча ариқ ҳам очиб кетаверди. Уста Саид ҳар гал челакни арқонга илдиргач, ўзи ана шу “ариқ” ичига ўтиб турар, кейинги челак қайтиб тушгунча, ана шу заҳира “йўлак”да туриб турарди.
1.4K viewsDreamer Programmer, 08:57
Ochish/sharhlash
2021-01-27 11:57:55 Уста Саид ўзи кўп жўрабоз эмас. Иши кўплигидан жўраларга кўп қўшилмайди, деб ўйлаган одам хато қилади. Уста Саид иши йўқ пайти ҳам одамларга қўшилиб, гаштаклашиб, улфатлашиб юрмайди. Тўй, маъракага боради, аммо турли зиёфатларни хушламайди. “Қоринни хурсанд қилишга кетган ярим кунда кўзни хурсанд қиладиган бир нима ясаган яхши”, дейди.
− Э, Уста Саид, қадамларига ҳасанот! – қучоқ очиб кутиб олди Ҳасан. – Чақирмасам, бир йўқлай демайсан-а, дўстим?
− Мана, келдим-ку? – қучоқлашди Уста Саид.
Ҳасан ака Уста Саидни тўрга ўтқизди. Ўғлига буюрди:
− Суннатилло, югур, Ҳусан амакингни чақир. Қудуқчи бовам келди, де.
Ҳусан ака ҳам Уста Саидга синфдош. У ҳам қучоқлашиб кўришиб, ёзғирди:
− Ўзингдан билиб, бир келай демайсан-а, Уста Саид?
Бирпасда дастурхон тузалиб, аччиқ-чучук, чакка-чукка қўйилди. Ҳасан аканинг имоси билан Суннатилло битта узун шиша олиб келди. Ҳусан ака пиёлаларни тўлдирди.
− Биринчисини дўстлигимиз учун оламиз, − деди Ҳасан. – Дўст дегани нима? Дўст сени тушунадиган, керак бўлганда ёрдамини аямайдиган одам. Ўзи, ўйлаб кўрсам, мактабда бирга ўқиган болаларнинг ичида энг яқин дўстимиз сен экансан, Уста Саид. Сен доим ёрдам сўрасак, йўқ демагансан. Нима ишимиз бўлса, пайсалга солмай, қилиб бергансан. Бирон марта қилган ишингга пул ҳам олмагансан. Ол, дўстим, дўстлигимиз абадий бўлсин!
Дўст билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам.
Дўст қадам қўмас эса, вайронадур кошона ҳам.
− Қойил! Ўзинг тўқидингми? – пиёла уруштирди Уста Саид. – Ўзи сени Гулсара муаллима бекорга яхши кўрмас эди. Мактабда ҳам кўп шеър айтардинг.
− Буни Мелиев домла кўп айтарди, − изоҳ берди Ҳасан ака. – Менимча, шу шеърни Мелиев домла ёзган бўлса керак.
− Ким ёзган бўлса ҳам зўр ёзган, олдик! – деди Ҳусан ака.
Олишди. Кейингисини синфдошлар учун, ундан кейин устозлар учун, бола-чақалар учун олишди. Шиша бўшаганда тиллари ҳам анча бўшалди.
− Мен ҳам сизларни яхши кўраман, − деди Уста Саид. – Нима ишларинг бўлса, чақираверинглар, келмаган номард!
− Иш? Иш бор-да, Уста Саид, иш бор, − деди Ҳасан ака. – Сен кавлаган қудуқларнинг довруғи довон ошиб кетди. Ҳаммага қудуқ ясаб берасан, биттагина қудуқни шу Ҳасан жўрамга ясаб берай демайсан. Менгаям битта қудуқ ясаб бер, дўстим!
− Битта қудуқми? Бор-йўғи битта қудуқми? – деди Уста Саид. − Ясаймиз. Эртагаёқ болаларим билан келиб, бошлайман. Уч кунда Тошкентнинг минерал сувидек ширин сув чиқариб бераман.
− Ҳисобли дўст айрилмас, деганлар, Уста Саид, бирданига айт, қанча бўлади?
− Одамларга бир ярим миллионга ясаб бераяпман, сен бир миллион берсанг бўлди, − деди Уста Саид. – Насосини ҳам, майли, ёнимдан қўйиб бераман.
− Неча киши ишлайсизлар?
− Укам ва икки ўғлим билан келамиз.
− Ҳа, баракалла, − деди Ҳасан ака. – Тўрт киши ишлаб, бир миллион оласан, шундайми?
− Шундай десак ҳам бўлаверади, − Ҳасан аканинг мақсадига яхши тушунмади Уста Саид.
− Сен бир ўзинг кел. Мана, мен Ҳусан билан ёрдам берамиз. Ўғлим Суннатилло ҳам нима иш буюрсанг, қилади. Мен сенга, сенинг бир ўзингга беш юз минг сўм бераман. Янги пулда. Пластикда эмас, нақд.
− Сен ҳам, Ҳусан ҳам, ўғлинг ҳам қудуқ кавлашни билмайсан-ку? – ҳайрон бўлди Уста Саид. – Пулига оғринаётган бўлсанг, камроқ бер, аммо укам ва болаларим билан кавлаб берайлик.
− Уканг қилган ишни биз ҳам эплаймиз, − деди Ҳусан ака. – Суннатилло ҳам полвон йигит. У ҳам кавлашади, керак бўлса.
− Майли, кўрамиз, қўлларингдан нима келаркан?
− Қачон бошлаймиз?
− Ўзларинг ёрдам берадиган бўлсаларинг, эртани кутиб, нима қиламиз? – деди Уста Саид. − Иш кийимларим, асбобларим машинада, ҳозирдан бошлайверамиз.
− Суннатилло, энангга айт, ошни сузсин, ошни еб, қудуқ кавлашни бошлаймиз.
4.
Ҳовлининг кунгай томонидан жой танлашди. Уста Саид битта айлана чизиб, унинг ичига кетмон урди.
− Қани, бир кучларингни кўрсатинглар-чи! Мен сал чуқурроқ бўлса, тушаман.
Суннатилло дастлаб бир-икки қарич тупроқни кетмон билан кавлаб, атрофга отди. Кейин Ҳусан ака белкурак билан озроқ кавлади. Кейин Ҳасан ака. Қудуқ одам бўйи чуқурлашгунча учовининг ҳам ҳоли қолмади.
− Ҳали ҳам ўзимнинг одамларимни олиб келай, икки метр кавламай, пишиб қолдиларинг, ҳали қирқ метр кавлаймиз, − кулди Уста Саид.
1.3K viewsDreamer Programmer, 08:57
Ochish/sharhlash
2021-01-27 11:57:55 "Қудуқ атрофидагилар”.

Уста Саид болалигидан уста. Одамлар бир кишини уста деб чақириши учун у одам кўп иш қилиши, усталикда ном чиқариши, айтайлик, беш-ўн кишига уй қуриб бериши, ўн-ўн бешта шогирд тайёрлаши керак. Бир касбда анча йил ишлаши керак. Аммо Уста Саидни болалагидан одамлар Уста Саид деб чақиришади. Уста Саиднинг отаси уста эди. Уста Саид мактабнинг ўрнига отасига қўшилиб, қурилишларга борар, отасига мих, болға, теша олиб бериб турар, отаси ҳам мактабга бор, деб кўп тергамас эди.
Уста Саид мактабга келса ҳам усталик қиларди. Ўқитувчилар ундан дарс сўрашнинг ўрнига бузилган стол, стул, жавонларни тузатиб қўйишни сўрашарди. Меҳнат дарсларида Уста Саид ясаган нарсаларни Абдувоҳид муаллим кўргазма қилиб, териб қўяр, келадиган текширувчиларга “Мана, менинг ўқувчиларим ясаган нарсалар”, деб мақтанишни яхши кўрар, у нарсаларнинг бир хилини муаллимнинг ўзи ҳам ясай олмас эди.
Умрида бирор марта ўқитувчиларнинг саволига жавоб бермай, мактабни битирган Уста Саид қурган иморатларнинг бурчаги бирон марта саксон тўққиз ё тўқсон бир даража бўлмади, доим тўқсон бўлди. Уста Саид кўзи билан чамалаб терган деворни сув тарози билан текширган усталар унинг ишидан айб топа олмадилар.
Уста Саид тегирмончи бўлди. Сувтегирмон ясади. Шамол тегирмон ясади. Тош тегирмон ясади. Ток тегирмон ясади. Оқ тегирмон ясади. Оқ тегирмони чиқарган ун дўконга келадиган ундан оқроқ бўлди.
Уста Саид жувоз ясаб, мой чиқарди. Зиғир ёғ, пахта ёғ, кунжут ёғ, ундов ёғ, маскат ёғ, ўрик данагидан ёғ, шафтоли данагидан ёғ, ...
Уста Саид сомон майдалагич ясади. Ясаган асбоби пардоз сомон чиқарди.
Уста Саид тракторча ясади. Унинг тракторчаси бошқа тракторлар киролмаган кичкина томорқаларга кирди. Тракторчани икки киши кўтариб, буриб қўядиган бўлди.
Уста Саид ўзига бир уй қурди. Ҳамма шароити бўлган уй гоҳ шарққа қараб турса, гоҳ ғарбга қараб турар бўлди. Уста Саид узоқроққа ишга кетса, ўша уйини ўзи билан бирга олиб юрди.
Уста Саид ясаган нарса кўп бўлди, ҳаммасини айтавериб, ҳикоя қолиб кетди.
2.
Ленин бобо тузган давлат адо бўлгач, Жаласойда “Ильич чироқлари” ёнмай қолди. “Ильич чироғи” бўлмагач, сув чиқмай қолди. Битта Пирназар бобонинг ҳовузи қишлоққа камлик қилиб қолди. Биттагина Ҳамроқул бобонинг қудуғига Жаласойнинг қиз-жувони саҳардан шомгача “учурут” турадиган бўлди. Шомдан кейин Полина момо дарвозасини қулфлаб қўйди. “Надаели”, деди. Россиядан келган чеча бир оғиз ҳам ўзбекча ўргана олмади. Тўрт-беш сўзни билади, бу ерга ёзиб бўлмайди...
Ана шунда одамларнинг жонига Уста Саид оро кирди.
Уста Саид қудуқчи бўлди.
Уста Саид узоғи бир ҳафтада одамларнинг ҳовлисидан сув чиқариб берадиган бўлди.
Жаласойда қудуқ кўпайиб қолди. Одамлар Ҳамроқул бобоникига бормай қўйди. Ҳамроқул бобонинг қудуғидан чиқадиган сув лойқа эди. Ширин эмасди. Уста Саид чиқарган сув ширин бўлди. Уста Саид чиқарган сув тиниқ бўлди. Сабаби бошқалар кавлаган қудуқдан ўн икки метрдан сув чиқса, Уста Саид сувни ўттиз метр, баъзида қирқ метрдан чиқарди.
− Ернинг остида дарё бор, унинг суви ана шундай тиниқ, ширин бўлади, − дер эди мулла Сафар бобо. − Уста Саид ернинг остидаги ана шу дарёдан сув чиқариб беради, ана шу дарёга етгунча қудуқ кавлайди, ҳалоли бўлсин!
Уста Саид ҳаққини ана шундай, ҳалол қилиб оладиган қудуқчи бўлди.
Уста Саид кавлаган қудуқлардан сувни одамлар олдингидай, қўли толиб, арқонлаб тортиб олмайдиган бўлди. Уста Саид бир мослама ясаб, қудуқ тепасига ўрнатиб берди. Оти ўрисча бўлди − “Качалка” . Абдукарим муаллим ўзбекча айтинглар, ўзбекчаси босқон бўлади, деб чарчади, биров босқон демади.
− Босқон темирчида бўлади-да, − кулди Уста Саид. – Бизники “качалка”.
− Бунингизни ҳам боссак сув чиқади, шундай бўлгач, оти босқон бўлади-да, − тортишди муаллим.
− Майли, сиз босқон дея қолинг, − пастга тушди Уста Саид.
Аммо муаллимнинг ўзи ҳам “качалка”га ўрганиб кетди.
Уста Саид кимга қудуқ ясаб берса, қудуқдаги сув устига тахтага ўрнатилган бир электр насосни ҳам ўрнатиб кетаверди.
− Буни электр келиб қолса, ишлатасизлар, − одамларни умидлантирди Уста Саид. − Қора тугмани бос.
3.
Уста Саидни синфдоши Ҳасан ака чақиртирибди.
1.5K viewsDreamer Programmer, 08:57
Ochish/sharhlash