Get Mystery Box with random crypto!

'Қудуқ атрофидагилар”. Уста Саид болалигидан уста. Одамлар би | Ибратли хикоялар

"Қудуқ атрофидагилар”.

Уста Саид болалигидан уста. Одамлар бир кишини уста деб чақириши учун у одам кўп иш қилиши, усталикда ном чиқариши, айтайлик, беш-ўн кишига уй қуриб бериши, ўн-ўн бешта шогирд тайёрлаши керак. Бир касбда анча йил ишлаши керак. Аммо Уста Саидни болалагидан одамлар Уста Саид деб чақиришади. Уста Саиднинг отаси уста эди. Уста Саид мактабнинг ўрнига отасига қўшилиб, қурилишларга борар, отасига мих, болға, теша олиб бериб турар, отаси ҳам мактабга бор, деб кўп тергамас эди.
Уста Саид мактабга келса ҳам усталик қиларди. Ўқитувчилар ундан дарс сўрашнинг ўрнига бузилган стол, стул, жавонларни тузатиб қўйишни сўрашарди. Меҳнат дарсларида Уста Саид ясаган нарсаларни Абдувоҳид муаллим кўргазма қилиб, териб қўяр, келадиган текширувчиларга “Мана, менинг ўқувчиларим ясаган нарсалар”, деб мақтанишни яхши кўрар, у нарсаларнинг бир хилини муаллимнинг ўзи ҳам ясай олмас эди.
Умрида бирор марта ўқитувчиларнинг саволига жавоб бермай, мактабни битирган Уста Саид қурган иморатларнинг бурчаги бирон марта саксон тўққиз ё тўқсон бир даража бўлмади, доим тўқсон бўлди. Уста Саид кўзи билан чамалаб терган деворни сув тарози билан текширган усталар унинг ишидан айб топа олмадилар.
Уста Саид тегирмончи бўлди. Сувтегирмон ясади. Шамол тегирмон ясади. Тош тегирмон ясади. Ток тегирмон ясади. Оқ тегирмон ясади. Оқ тегирмони чиқарган ун дўконга келадиган ундан оқроқ бўлди.
Уста Саид жувоз ясаб, мой чиқарди. Зиғир ёғ, пахта ёғ, кунжут ёғ, ундов ёғ, маскат ёғ, ўрик данагидан ёғ, шафтоли данагидан ёғ, ...
Уста Саид сомон майдалагич ясади. Ясаган асбоби пардоз сомон чиқарди.
Уста Саид тракторча ясади. Унинг тракторчаси бошқа тракторлар киролмаган кичкина томорқаларга кирди. Тракторчани икки киши кўтариб, буриб қўядиган бўлди.
Уста Саид ўзига бир уй қурди. Ҳамма шароити бўлган уй гоҳ шарққа қараб турса, гоҳ ғарбга қараб турар бўлди. Уста Саид узоқроққа ишга кетса, ўша уйини ўзи билан бирга олиб юрди.
Уста Саид ясаган нарса кўп бўлди, ҳаммасини айтавериб, ҳикоя қолиб кетди.
2.
Ленин бобо тузган давлат адо бўлгач, Жаласойда “Ильич чироқлари” ёнмай қолди. “Ильич чироғи” бўлмагач, сув чиқмай қолди. Битта Пирназар бобонинг ҳовузи қишлоққа камлик қилиб қолди. Биттагина Ҳамроқул бобонинг қудуғига Жаласойнинг қиз-жувони саҳардан шомгача “учурут” турадиган бўлди. Шомдан кейин Полина момо дарвозасини қулфлаб қўйди. “Надаели”, деди. Россиядан келган чеча бир оғиз ҳам ўзбекча ўргана олмади. Тўрт-беш сўзни билади, бу ерга ёзиб бўлмайди...
Ана шунда одамларнинг жонига Уста Саид оро кирди.
Уста Саид қудуқчи бўлди.
Уста Саид узоғи бир ҳафтада одамларнинг ҳовлисидан сув чиқариб берадиган бўлди.
Жаласойда қудуқ кўпайиб қолди. Одамлар Ҳамроқул бобоникига бормай қўйди. Ҳамроқул бобонинг қудуғидан чиқадиган сув лойқа эди. Ширин эмасди. Уста Саид чиқарган сув ширин бўлди. Уста Саид чиқарган сув тиниқ бўлди. Сабаби бошқалар кавлаган қудуқдан ўн икки метрдан сув чиқса, Уста Саид сувни ўттиз метр, баъзида қирқ метрдан чиқарди.
− Ернинг остида дарё бор, унинг суви ана шундай тиниқ, ширин бўлади, − дер эди мулла Сафар бобо. − Уста Саид ернинг остидаги ана шу дарёдан сув чиқариб беради, ана шу дарёга етгунча қудуқ кавлайди, ҳалоли бўлсин!
Уста Саид ҳаққини ана шундай, ҳалол қилиб оладиган қудуқчи бўлди.
Уста Саид кавлаган қудуқлардан сувни одамлар олдингидай, қўли толиб, арқонлаб тортиб олмайдиган бўлди. Уста Саид бир мослама ясаб, қудуқ тепасига ўрнатиб берди. Оти ўрисча бўлди − “Качалка” . Абдукарим муаллим ўзбекча айтинглар, ўзбекчаси босқон бўлади, деб чарчади, биров босқон демади.
− Босқон темирчида бўлади-да, − кулди Уста Саид. – Бизники “качалка”.
− Бунингизни ҳам боссак сув чиқади, шундай бўлгач, оти босқон бўлади-да, − тортишди муаллим.
− Майли, сиз босқон дея қолинг, − пастга тушди Уста Саид.
Аммо муаллимнинг ўзи ҳам “качалка”га ўрганиб кетди.
Уста Саид кимга қудуқ ясаб берса, қудуқдаги сув устига тахтага ўрнатилган бир электр насосни ҳам ўрнатиб кетаверди.
− Буни электр келиб қолса, ишлатасизлар, − одамларни умидлантирди Уста Саид. − Қора тугмани бос.
3.
Уста Саидни синфдоши Ҳасан ака чақиртирибди.