Get Mystery Box with random crypto!

Уста Саид аввалига “Нима қилаяпсан, ноинсоф, мен тирикман!” де | Ибратли хикоялар

Уста Саид аввалига “Нима қилаяпсан, ноинсоф, мен тирикман!” деб бақирмоқчи бўлди. Аммо туриб-туриб, яна қитмирлиги тутди. Ўзи тепадан бошлаб кавлаб тушган “Заҳира ариқ” ичига ўтиб олди. Бошига ўраган рўмолни ечиб, чангдан бўғилиб қолмаслик учун оғзи-бурнини ўради. Тепадагилар бир-бирини шошириб, ҳовлиқиб тупроқ ташлаганлари сари қудуқ кўмилиб борар, тупроқ билан бирга секин-аста “заҳира йўлак”дан Уста Саид ҳам тепага кўтарилиб борар эди.
“Бу қотилларга қудуқ ҳайф. Қудуқни ўзлари кўмиб ташласин, индамайман!”
Ниҳоят, “Заҳира йўлак” ҳам тугади. Қудуқ ҳам торайди. Энди юқоридагилар ташлаётган тупроқ Уста Саиднинг бошига, елкаларига туша бошлади.
“Энди овоз чиқармасам бўлмайди. Тупроққа қўшилиб тушадиган бирор каттароқ кесак ё тош бошимни ёриб, ростан ҳам ўлиб қолмай, булар барибир кўмади энди”, деб ўйлаган Уста Саид баланд овозда бақирди:
− Сал дам олинглар, шоввозлар, чарчаб кетдиларинг!
Аллақачон Уста Саиднинг жасади қудуқ тубида қолиб кетди, деб қудуқ кўмаётганлар бу овозни эшитиб, аввалига бир-бирига анграйиб қарашди. Кейин учови ҳам бир хил фикрга келди: “Бизга шундай туюлди, қудуқ ичидан овоз келиши мумкин эмас!”
Бир зум тўхтаган учовлон яна бирданига тупроқ ташлай бошлашди.
− Бўлди қилинглар, арқон нарвонни ташланглар!
Учовлон баравар тилдан қолди. Учовининг ранги баравар оқарди. Учовининг сочи баравар тикка бўлди. Учови баравар қудуқ ичига қаради. Узатса қўлига қўл етар жойда тупроққа беланиб, Уста Саид уларга қараб турарди.
Учови баравар ортига тисарилди. Ҳусан ака қўлидаги белкуракни отиб юбориб, ҳовлидан қочиб чиқиб кетди. Суннатилло ерга ўтириб қолди.
Ҳасан ака арқон нарвонни ташлади.
Уста Саид қудуқдан чиқди. Рўмолини, кўйлагини ечиб, чангини қоқди. Еб қўйгудек бўлиб, Ҳасан акага қаради. Ҳасан ака икки қўлини елкаси баравар кўтариб олган, нуқул “Йўқ” ишорасини қилиб, қўлларини силкитар, аммо бир сўз айта олмас эди.
Уста Саид Суннатиллога тикилди. Сополга айланган Суннатилло нима бўлаётганини англайдиган аҳволда эмас эди.
Уста Саид индамай бориб, машинасига ўтирди. Ҳасан ака унинг ортидан эргашиб борди. У нимадир демоқчи бўлар, аммо тили айланмас эди.
Уста Саид машинасини юргизиб кетар экан, бир оғизгина гапирди:
− Садқаи одам кет!
Тамом...
Каримберди Тўрамурод