2021-06-12 16:19:02
«Саҳиҳул Бухорий» тўпламини биласизми?
«Hilol Nashr» нашриётида «Олтин силсила» туркумида “Саҳиҳул Бухорий” тўплами 8 та жузда тўлиқ нашрдан чиққан. Тўпламнинг жузлари 2012-2018 йиллар оралиғида нашрдан чиқарилиб, ҳозирда яхлит тўплам ҳолига келтирилган. Китоб муҳаддислар султони имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий тўплаган саҳиҳ ҳадислар жамланмасидир. Тўпламнинг ҳар бири жузи 672 ёки ундан кўпроқ саҳифадан иборат.
Ўзим тўпламнинг иккинчидан бошқа барча жузларини ўқиганман. Биринчи ва олтинчи жузларини алоҳида меҳр билан ўқиганман. Биринчи жузнинг бошида ҳадис илми ҳақида, Имом Бухорийнинг ҳаёти, Ислом оламида, ҳадис илмида тутган ўрни ҳақида кўп фойдали маълумотлар берилган. Ундан кейин у киши тўплаган ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимаси, зарур ўринларда изоҳлар ҳам берилган. Олтинчи жузда “Тафсир китоби”, яъни Қуръон сура ва оятлари билан боғлиқ ҳадислар берилган. Улар оятлар маъноларини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
Бухорийнинг ушбу тўплами “Жомеъус саҳиҳ” ҳам дейилади, яъни тўплам барча мавзулардаги ҳадисларни ўзида жамланган, шунинг учун ҳам “жомеъ”. Ислом дини таълимотларининг асоси Қуръон ва ундан кейин ҳадис бўлса, бу китоб бутун Ислом оламида ҳадис тўпламларининг энг ишончлиси саналади. Бухородан чиққан олим зот тўплаб, мавзулар бўйича бобларга ажратиб чиққан ушбу ҳадислар тўпламига юзлаб шарҳлар ёзилган. Афсуски, бу шарҳларнинг бирортаси ҳали бизнинг она тилимизга ўгирилмаган. “Саҳиҳул Бухорий” тўпламига ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий» китобидир. Ушбу шарҳ муаллифнинг энг машҳур асари ҳисобланади. Ибн Ҳажарнинг шарҳи қисман инглиз тилига таржима қилинган, қизиққанлар топиб ўқишлари мумкин.
Бутун инсоният ҳаётини янги ўзанга буриб юборган Ислом динини тушунтириб берадиган, ўша давр муҳитини майда деталларигача очиб берадиган манба мана шу ҳадислар тўпламидир. Бу тўпламнинг ўзбекчага тўлиқ таржима қилинишининг ўзи халқимиз учун катта ютуқ. Ушбу таржимани бемалол фундаментал иш сифатида баҳолаш мумкин. Тўпламни ўқиб чиққан одам ўзи учун қанча билим ва маълумот олишини айтиб тугатиб бўлмаса керак.
Обуна бўлинг @HYorqinjon
11.4K views13:19