2021-12-06 10:09:48
Ҳоким ноқонуний қарори натижасида етказилган зарарга ўз “чўнтаги” билан ҳам жавоб бериши керак.
Баҳодир Ахмедовнинг ҳокимларни ноқонуний қарорлари натижасида келиб чиққан зарарларга нафақат давлат, балки ҳокимнинг ўзи ҳам ўз чўнтаги билан жавоб бериши ҳақидаги постини ўқидим. Жуда тўғри гап. Ҳоким ва унинг ҳамтовоқлари ҳохлаганча қарор чиқариб, хоҳлаганча бекор қилиб ташлаяпти. Ёки кейинги ҳоким, биринчи ишини аввалги ҳокимнинг қарорларини бекор қилишдан бошлаяпти. Натижада, аввалги қарорга ишониб, унга ажратилган ерга қурилиш қилган, пул тиккан тадбиркорлар ва оддий фуқаролар миллионлаб, миллардлаб зарарга кириб кетяпти.
Баъзида, ўз ҳуқуқларини яхши билган фуқаролар судга ариза бериб, зарарни ҳокимликдан, яъни бюджетдан ундириб оляпти, лекин ҳокимиятдаги ҳуқуқий хизматлар ва назорат органлари ишнинг қолганини – регресс ундирувини амалга оширмаяпти. Масалан, кўпчилик гувоҳи бўлган, ер ажратиш ҳақидаги қарорлар кўп бекор бўлаётган ёки энг кўп ноқонуний “снос”лар бўлган ҳокимликлардан бири Бўстонлиқ ҳокимияти бўлса керак. Бекор қилинган қарорлар ёки ноқонуний равишда бузилган бинолар сабабли тадбиркорлар ва фуқароларга етказилган зарарларни Бўстонлиқ ҳокимлигидан ундириш бўйича ижро ишлари ҳам анчагина. Шундайми, Бўстонлиқ тумани МИБидаги акалар?
Агар мана шунга ўхшаш вазиятларда, тадбиркорга ёки фуқарога етказилган зарар давлат бюджетидан ундирилганидан сўнг, ўша ноқонуний қарор чиқарган ёки ноқонуний бузиш ишларини амалга оширган ҳоким ва шерикларининг мол-мулкидан қайтадан, тийин-тийинигача ундириб олинса, ана ўшанда тартиб бўлади. Ҳозир эса, негадир бу ишлар қилинмаяпти, шунинг учун ҳам ҳокимлар ҳеч нарсадан қўрқмаяпти: бугун тадбиркорнинг фойдасига “А” деб қарор чиқариб, эртага уни бекор қилиб “Б” деб қарор чиқаряпти. Ёки бўлмасам, судга борганда, “йўқ, биз нотўғри қарор чиқарганмиз, узр, адашибмиз, тадбиркорни биноси бузилиши керак” деб турибди.
Ана ўтган ойда, Олий судда Қамчиқ довонидаги бургутчи тадбиркор масаласида ҳам шундай бўлди. Ўша вақтдаги ҳоким қарори чиққанда ишлаган ва бу қарорга эътироз билдирмаган ҳокимлик вакили судга келиб, ўзларининг қарорини ҳимоя қилишни ўрнига “биз адашганмиз, бу қарор ўшанда ноқонуний чиққанди” деб кўрсатма берди. Мана энди, ўша бургутчи тадбиркор “агар бу қарорлар бекор бўлса, мен бу қарорлар бўйича миллиард сўмдан ортиқ зарарларни ҳокимликдан ундириб оламан”, деб юрибди. Лекин, зарар ҳокимликдан ундирилганидан кейин, бу пуллар ўша қарорни чиқарган Поп тумани ҳокими ва қарорга имзо қўйган бошқа мансабдорлардан регресс тартибда ундириб олиниши керак. Чунки бюджет ҳисобидан тўланган пуллар, бу ўша ҳудуддаги солиқчиларнинг, оддий халқнинг пулларидир. У жойига қайтарилиши шарт.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳокимликларда ўз қарорлари бўйича жавобгарлик хисси йўқолган, чунки ҳокимлар ва уларнинг шериклари ўзларининг ноқонуний қарорлари натижасида фуқароларга етказилаётган миллиардлаб зарарларни ўз чўнтакларидан қайтариб тўлашмаяпти, регресс ундирув амалиёти ишламаяпти. Асосий масала шунда.
Тадбиркор ёки фуқарога етказилган зарар ҳокимликдан ундирилганидан кейин мана бундай амалиёт давом этиши керак. Регресс тартибдаги ундирув масаласида ҳоким ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан фуқаролик судига даъво ариза киритилади, суднинг ҳал қилув қарори чиққач, туман МИБга ижро варақаси берилади. Шундан сўнг, давлат ижрочиси ҳоким ва бошқаларнинг шаҳсий мол-мулки (автомашинаси, бизнеслари, ортиқча турар-жойлари, хўжаликдаги ундирув қаратиш мумкин бўлмаган рўзғор буюмларидан ташқари барча мол-мулкларига)га ундирув қаратади. Агарда, бундай мол-мулклари бўлмаса, ойлик иш ҳақи тўловларининг 50 фоизига ундирув қаратади. Шу тариқа, бюджетдан тўланган ҳаражат айбдорлар ҳисобидан ундириб олинади.
@yuristkadr
https://t.me/joinchat/AAAAAFRDeHBeMwlHz9j1mA
924 views07:09