2021-05-19 15:23:07
АЁЛЛАРНИНГ УЗРЛИ ВАҚТЛАРИДА ҚОЛГАН НАМОЗЛАРИ ҚАЗОСИ ЎҚИЛАДИМИ?
#намоз
646-CАВОЛ: Аёлларнинг узрли вақтларида қолган намозлари қазо қилиб ўқиладими?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аёллар ҳайз ёки нифос ҳолати сабабли ўқилмай қолган намозларни поклангач, қазо қилиб ўқимайдилар. Чунки ҳайз тез-тез такрорлангани сабабли, намозларни қазо қилиб ўқишда машаққат бор. Нифос ҳам узоқ чўзилгани сабабли ҳайз ҳукмида бўлади. Оиша онамиздан бу ҳақда сўрашганда: "Биз шунга буюрилганмиз", деб жавоб берганлар. Мана шу гапга ижмоъ боғланган. (ُУсмон ибн Али аз-Зайлаъий, "Табйинул ҳақоиқ" китоби, Ҳайз муддати боби).
Ҳайз ва нифос пайтида аёл кишига фарз, вожиб, суннат, нафл ёки бирор қазо намозни ҳам ўқиш мумкин бўлмайди. Шунингдек тиловат ё шукр саждасини қилиш ҳам мумкин эмас. Аммо намоз вақти бўлган пайтда таҳорат қилиб одатда намоз ўқийдиган жойида тасбеҳ айтиб ўтириши мустаҳаб бўлади. Баъзи мўътабар уламолар мазкур мустаҳаб амални қилган аёлга энг яхши ўқиган намозининг ажри ёзилади, деганлар. Демак дастлаб ҳайз кўраётган аёл ҳам, ёки одати келган аёл ҳам ҳайз кўриши билан намоз ўқишни тўхтатади.
Беш вақт намоздан бирининг вақти кирган пайтда пок бўлиб ҳали уни ўқишга улгурмасдан ҳайз кўриб қолса, ушбу намознинг қазосини ўқимайди. Агар мазкур намозга киришган пайтда ҳайз кўрса ҳам намозини тўхтатади ва қазосини ўқиши лозим бўлмайди. Аммо бирор нафл намозга киришганидан сўнг ҳайз кўриб қолса намозини тўхтатади ва покланганидан кейин қазосини ўқийди. Чунки нафл намозга киришиш билан уни тўлиқ адо этиш зиммага лозим бўлиб қолади.
Агар одати бор аёлнинг қон кўриши одатидан ошиб кетса ҳайз ўн кунгача бўлиши эътиборидан намозни бошламай туради. Шунга кўра мазкур аёл ўн кунгача намоз ўқимай туради. Агар ўн кундан ҳам ўтиб кетса ғусл қилади ва одатидан ортиқ кунларнинг қазосини ўқийди. Масалан бир аёлнинг беш кун одати бўлса, қон кўриши ўн кундан ошиб кетса, беш кундан кейинги кунларнинг қазосини ҳам ўқиши лозим бўлади. Олдин бир марта кўрган бўлса ҳам одат ўрнига ўтаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar
Савол йўллаш
@SavollarMuslimUzBot
YouTube | Instagram | Facebook | Tiktok
21.5K viewsedited 12:23