Get Mystery Box with random crypto!

Гаров қайси ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинган? Гаров ҳ | Банк юристи

Гаров қайси ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинган?

Гаров ҳақидаги умумий қоидалар Фуқаролик кодексининг «Гаров» номли 1-қисми 22-боби 2-параграфи (264-289-моддалари) билан тартибга солинган. Ушбу нормаларда гаров нималиги, унинг асосий қоидалари акс этган. Шу билан бирга кодекснинг бу қисмида муомаладаги товарлар гарови, ашёларнинг ломбарддаги гарови каби гаров турларининг хусусиятларини белгиловчи қоидалар ҳам ўрин олган.

«Гаров тўғрисида»ги қонун Фуқаролик кодексининг гаров ҳақидаги қисмидаги қоидаларни такрорлаш билан бирга, ҳуқуқлар ва қимматли қоғозлар гарови хусусиятлари, гаров шартномаси тарафларининг бир қанча ҳуқуқлари каби махсус қоидаларни ўз ичига олади.

Келтирилган қонунлар, асосан, гаров ҳақидаги умумий қоидаларни ўз ичига олган. Кўчмас мулк гарови – ипотека ҳақида махсус қонун ҳам мавжуд. Кўчмас мулк гарови, авваламбор, Фуқаролик кодексининг ашёвий ҳуқуқларга бағишланган қисми – II бўлими билан тартибга солинади. Бу бўлим билан бирга «Ипотека тўғрисида»ги қонун кўчмас мулклар гаровига бағишланган махсус нормалардир. Қонуннинг 3-моддасида унинг махсус норма эканлиги таъкидланган: яъни ипотека бўйича муносабатларга нисбатан, бу қонунда бошқа қоидалар белгиланмаган бўлса, Фуқаролик кодексида ва «Гаров тўғрисида»ги қонундаги гаров ҳақидаги умумий қоидалар қўлланилади.

Алоҳида мулк турлари гарови ҳақидаги қоидалар махсус қонунларда белгиланиши мумкин: масалан, лизинг объектини, МЧЖдаги улуш ёки унинг қисмини гаровга олишнинг алоҳида қоидалари белгиланган.

Баъзи қонуности ҳужжатларида ҳам гаровнинг махсус қоидалари белгиланган: қимматли қоғозлар гарови билан боғлиқ, ломбардлар томонидан гаровга олишнинг ўзига хос хусусиятлари тегишли қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Гаров шартномасида истеъмолчилар ҳуқуқларини кафолатлаш учун қандай шартлар бўлиши кераклиги Марказий банк томонидан ҳам белгиланган.

Маъмурий муносабатларни тартибга солувчи қонунларда, масалан, Солиқ кодексида ва Божхона кодексида гаровга оид қоидалар, чекловлар, истиснолар ҳам мавжуд. Бироқ бу гаров турларига нисбатан, агар уларда фуқаролик қонунчилигининг қўлланиши ҳақида бирор-бир сўз бўлмаса, юқорида келтирилган қонунларни қўллаб бўлмайди. Бизнингча, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров ҳам маъмурий муносабатлар доирасидаги гаров ҳисобланади.

Уланинг ва улашинг —- > https://t.me/bankyuristi