Get Mystery Box with random crypto!

Гаров мулки қийматидан кредиторнинг қайси талаблари қаноатлант | Банк юристи

Гаров мулки қийматидан кредиторнинг қайси талаблари қаноатлантирилади?

Қонунда гаров талабнинг уни қондириш пайтидаги ҳажмини таъминлаши назарда тутилган. Гаров билан таъминланадиган талаблар сирасига асосий қарздан (мажбурият танидан) ташқари, шунингдек:
мажбурият бўйича фоизлар;
неустойка (пеня ёки жарима);
ижрони кечиктириб юбориш натижасида етказилган зарар;
гаровга олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур ҳаражатлари ва ундирув ҳаражатлари киритилган.

Яъни кредитор гаров мулки қийматидан нафақат асосий қарз, балки кўрсатилган тўловларни ҳам талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Мисол. Кредит шартномаси бўйича кредит тани, яъни олинган кредитнинг қайтарилмаган қисми бўйича қарздорлик 100 млн сўм, муддати келган, лекин вақтида тўланмаган фоиз қарздорлиги 15 млн сўмни ташкил қилди. Банк ушбу суммаларни вақтида қайтармаганлик учун банк яна неустойка (пеня ёки жарима) 5 млн сўм ҳисоблади. Қарздор мажбуриятни бажармаганлиги (кечиктирганлиги) оқибатида 1 млн сўм зарар вужудга келди. Гаровга машина қўйилган ва банк талаби билан машина хатланиб, банк ҳисобидан жарима майдончаси ҳаражатлари 500 минг сўм миқдорида қопланган. Банк юристлари лавозим йўриқномаларида қарздорликни ундириш мажбурияти бўлмаганлиги учун, ички меҳнат қоидаларига асосан ундирув билан шуғулланган юристларга яна қўшимча ҳар бир қарздорлик учун 100 минг сўмдан иш ҳақи тўланди. Жами банк ҳисоблаган қарздорлик 121.600.000 сўмни ташкил қилди. Бу суммадан 1 млн зарар қисми юристлар томонидан айрилди, чунки қонунда зарар неустойкадан ортган қисмида кредиторга қопланиши белгиланган.

Гаров мулки гаров шартномасида 100 млн сўмга баҳоланиб, кимошди савдосида 150 млн сўмга сотилди.
Демак, 150 млн сўмдан банк натижада 120.600.000 сўмни олишга ҳақли.

Шартномада гаров билан таъминланадиган талаблар рўйхати, тури ва ҳажмини чекласа бўлади, ёки гаров қийматидан кредиторга қопланадиган қисми чегарасини ўрнатса бўлади. Қонун бунга изн беради. Бундай чекловлар шартнома билан белгиланмаса, умумий қоидага кўра, гаров қийматидан кредитор юқорида кўрсатилган барча тўловларни имтиёзли қоплаш ҳуқуқига эга бўлади.

Уланинг ва улашинг —- > https://t.me/bankyuristi