Get Mystery Box with random crypto!

БАХТНИ ЎЗИНГИЗДАН ҚИДИРИНГ Сиз бахтни қидирсангиз ўзингиздан | AZON OVOZI

БАХТНИ ЎЗИНГИЗДАН ҚИДИРИНГ

Сиз бахтни қидирсангиз ўзингиздан топасиз. У сиздан узоқ эмас, балки, яқин. Фикрингизда, ажойиб зеҳнингизда, шодон кўнглингизда, некбин руҳингизда яшамоқда. Сизда соғлом тана, очиқ кўнгил, Аллоҳ берган заковат ва равон гапиришдаги иқтидор бор. Сизда чуқур ўй-фикр бор. Яна сизда қувноқлик, ғайрат бор, интилиш бор. Мана шунинг ўзи бахт. Сиз шу бахт ичида яшамоқдасиз. Сиз Аллоҳ таолога убудият ҳосил қилиб, бўйсуниб, хузуъ-хушуъ ила сажда қилмоқдасиз. Кўз ёшлар тўкасиз. Гўзал табассумларингиз бор, муножотларингиз бор. Сиз ҳаётингизда Аллоҳнинг ибодатига ҳаракат қилмоқдасиз. Ҳаракат ва саканотларингиз шу томонга йўналмоқда. Сиз одатларни ибодатга айлантира оласиз. Сиз қадамларингизни ҳасанот, савобга айлантира оласиз. Ейдиган луқмаларингизни еру-осмонларнинг Роббига шукр қилиб ея оласиз. Шунинг ўзи бахт!

Аллох сизга берган нарсалардан хурсанд бўлинг.

«Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган (бойликлари)дан яхшироқдир”» (Юнус сураси, 58-оят).

Сиз ўзингиздаги қобилият, иқтидорлардан фойдаланинг. Унинг ози ҳам кўп бўлади. Сиз уйингизда ўтирганда худди катта қасрда ўтиргандек тасаввур қилинг. Сиз тор хонангизда ўтирганда кенг ҳовлида яшаётгандек ўзингизни тутинг, кенг ва баланд хоналарда яшаётгандек ўзингизни тутинг. Бу ўй-хаёл, фикрлаш эътиборидан шундай қилинг. Сиз шундай фикрланг. Эҳтимол, ўша катта-катта асрларда яшаётганлар юраги сиқилиб, ичи тор бўлиб, гуноҳларидан зерикиб, офиятда ва соғломликда бўлмаган ҳолда яшаётгандир. Сиз бахтни кандай топишни билмай ўйлаб юрибсизми? Бахт баъзан оддий инсонда бўлади. У балки далада сув тараëтган инсондир ёки яйловда қўй боқаётган кишидир. Ёки тоғларда ўтин териб юрган кишидир. Балки, уйларни супуриб, тозалаб юрган фаррошдир, ковушларни тикаётган косибдир ёки кийимларни ямаётган ямоқчидир, буни билмайсиз. Бахт бойларда ёки камбағалларда, ёки раис, раҳбарларда, ёки уламоларда чеклаб қўйилмаган. Балки, у Аллоҳ берадиган бир неъмат, ато, ҳибадир. Уни хоҳлаган кишисининг қалбига қўяди. Бу бахт ўша жойдан туриб атрофга нур таратади, сурур бахш этади. У билан уйлар, маконлар ёришади. Замонлар, дўстлар, қўшнилар у билан бахтни ҳис қилади. Сиз бахтни қидиринг, тасаввур қилганингиздан ҳам кўпроқ ва жуда ҳам яқин ҳолда топасиз. У ўзингиздадир.

«Ниҳоят саодатни топдим» китобидан.