Get Mystery Box with random crypto!

​2021 йилги статистикага кўра, Қирғизистондан 60 мингдан кўпро | Асанов формати

​2021 йилги статистикага кўра, Қирғизистондан 60 мингдан кўпроқ уйғур бор; уларнинг кўпчилиги Бишкекда, Тўқмоқда яшайди. Ўшда, Жалолободда улар ўзбеклашиб кетган. Мен билган аҳолижойлардан фақат Қашқарқишлоқда уйғур ўзлигини сақлаб қолишга уринишлар бор, ҳатто уйғур маданий маркази ишлайди.

Агар ўзбеклашган, қирғизлашган аҳолини, икки ўзликка эга (уйда уйғур, маҳаллада ўзбек) одамларни қўшса, бу рақам 3-4 баравар катта бўлса керак.

Уйғур ўзлигининг мустаҳкам эмаслигига сабаблардан бири бу ўзлик 1920-йилларда ишлаб чиқилганидир. Унгача Қашқардан кўчиб келган аҳоли асосан қашқарлиқ деб аталган. Шунингдек, ўша минтақадан келган таранчи ва дўлон номли этник гуруҳлар ҳам бўлиб, улар ҳам уйғурлар таркибига қўшилиб кетган.

Тоғаларимнинг айтишича, уларнинг болалигида, биринчидан, ҳали "уйғур" деган ном кенг тарқалмаган, иккинчидан, ўзбеклар ҳали қашқарлиқларни ўзларидан яққол ажратган. Бугунги кунда "қашқарлик" деган ном унутилган, ўзбек билан уйғур орасида фарқ қолмаган.

Яна бир кишидан олган маълумотимга кўра, маълум вақт уйғур ва қашқарлиқ ўзликлари бир пайтнинг ўзида мавжуд бўлган, уйғурлар ва қашқарликлар бир-бирини алоҳида гуруҳлар деб билган. Улар орасида қандай фарқ бўлган десам, ўзбек ва хўжа ўртасидагидек фарқ деб тушунтиришди. Гап охунлар – уйғур хўжалари (Офоқхўжанинг авлодлари) ва таранчи, ерлик, дўлон каби этнографик гуруҳлар ҳақида деб ўйладим.

Яна бир маълумотга кўра, уйғурлар ва тожиклар ўзбекларга нисбатан ҳаракатчанроқ, яъни ўқишга, давлат ишига интилади, қирғиз тилини ўрганади. Карьера йўлида улар паспортига қирғиз деб ёздиради. Ўзбекларда бундай ҳолат жуда кам кузатилади – улар ўз дунёсида, катта бирдам гуруҳ бўлиб яшашга, қирғизлашмасликка, савдо-сотиқ, бизнес билан шуғулланишга, давлат ишига аралашмасликка ҳаракат қилади.

@AsanovEldar