Get Mystery Box with random crypto!

​Юқорида тожикларни тилга олдим, шулар ҳақида ҳам икки оғиз ай | Асанов формати

​Юқорида тожикларни тилга олдим, шулар ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтай.

Тожиклар, 2021 йил статистикасига кўра, уйғурлардан бироз камроқ – 58 минг. Улар асосан Жалолободнинг айрим чекка қишлоқларида (масалан, Андаракда), шунингдек, Боткеннинг Қизилқия шаҳрида яшайди. Қизиғи, Бишкекда ҳам тез-тез тожикларни учратиш мумкин: 10 йилча олдин, Тожикистонда Эмомали Раҳмон авторитар ҳокимият ўрнатаётганида кўп халқаро ташкилотлар Душанбедан чиқиб кетиб, Бишкекка ўрнашган эди; ўшанда бу ташкилотларнинг тожикистонлик ходимлари ҳам Қирғизистонга кўчиб ўтган эди.

Лекин Ўшда "тожик" деб аталувчи аҳоли унчалик тожик эмас. Бу ерда Тожик маҳалла деган жой бор, шунингдек, баъзи кўчаларда тожиклар яшашини айтишди. Текширганимда, уларнинг бари помирликлар бўлиб чиқди. Айтишларича, Хоруғдан келадиган камазлар Ўшда тўхтаб ўтган. Вақт ўтиши билан помирликларнинг бир гуруҳи шаҳарда ўрнашиб қолган.

Помирликларнинг қабристони ҳам алоҳида экан. Улар бошқа мазҳабда бўлгани учун шекилли. Ўша қабристонни кўрдим, лекин у анчадан бери ишламас экан. Афтидан, помирликлар ҳам тил, ҳам дин тарафдан ўзбеклашиб кетган.

Хуллас, Ўш бир қарашда биэтник кўрингани билан, у ерда ҳам турфа ўзликка, турли илдизга эга одамлар, гуруҳлар учрайди. Шу билан бирга, минтақанинг бошқа республикаларидаги каби, секинлик билан бу хилма-хиллик торайиб, титул миллатнинг тили, маданияти, қадриятлари устун келмоқда. Илгариги замонда Ўшда ўзбек тилли газеталар, радио, ТВ, мактаблар бўларди; ҳозир ўзбек мактаблари қолмаганини айтишди, кўпчилик болалар рус мактабларида ўқиётган экан. Ўзбек тили фан сифатида ўқитилар экан.

Кўчаларда ҳам ўзбекча ёзувлар учратмадим, бари қирғизча, оз сонда русча учраб туради. Айтишларича, кўча ёзувлари қирғизча бўлиши талаби қўйилган ва бу қатъий текширилар экан. Ўзбеклар бундан норози, қирғизларни миллатчиликда кўп айблашади. Лекин қонунга амал қилиб, ресторанларига, дўконларига қирғизча отлар қўйишади.

@AsanovEldar