Get Mystery Box with random crypto!

НУБУВВАТ АХЛОҚЛАРИДАН Ямома аҳлининг саййиди Самома ибн Асол | ALRISALAH | ibratli kanal

НУБУВВАТ АХЛОҚЛАРИДАН
Ямома аҳлининг саййиди Самома ибн Асол Ҳанафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёмонликни ирода қилган ҳолда Мадина кўчаларида кетаётган эди. Муҳаммад ибн Маслама бошқариб келаётган қўшин уни тутиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига олиб келишди. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Бу асирга яхши муомала қилинглар, – дея илтифот қилдилар.
Сўнг уйларига кириб аҳилларига:
– Бор таомларингизни ҳозирлаб Самомага чиқариб юборинглар, – дедилар.
Яна бир туяни топиб келтирдилар. Эрталаб ва кечки пайтда сутини соғиб беришга буюрдилар.
Кейин унинг олдига кириб:
– Хўш, Самома! Аллоҳ сенга имкон бердими?
– дедилар.
– Эй Муҳаммад! Агар ўлдирмоқчи бўлсанг, қоним учун ўлдирақол! Мабодо, афв қилмоқчи бўлсанг, шокирлик ила афв қилақол! Агар молимни олмоқчи бўлсанг, сўра, хоҳлаганингча берай, – деди Самома.
Учинчи куни бўлганида афв қилиб қўйиб юбордилар. Самома чиқиб кетиб, яқин орадаги сув бор жойга борди. Ғусл қилиб покланди. Кийимларини поклади. Кейин масжидга кириб:
– Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сенинг юзингчалик нафратли юз йўқ эди.
Энди эса сенинг юзинг ҳамма юзлардан ҳам кўра ёқимлироқ бўлиб қолди. Мен учун динларнинг орасида сенинг динингдек нафратлироқ дин йўқ эди, энди эса дининг мен учун ҳамма динлардан кўра маҳбуброқ бўлиб қолди. Мен учун шаҳарлар орасида сенинг шаҳрингдан ёқимсиз шаҳар йўқ эди, энди эса сенинг шаҳринг мен учун энг маҳбуб шаҳар бўлиб қолди, – деб ҳақ шаҳодатни келтириб мусулмон бўлди. Сўнг умра учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн сўради.
Самома Маккага келганида одамлар унинг мусулмон бўлганини билишди.
– Ҳой Самома! Динингдан кечдингми? – сўрашди улар.
– Мен Исломга кирдим. Муҳаммаднинг динига эргашдим, – жавоб берди у.
Ўлдирмоқчи бўлишди­ю, бироқ унинг қавмидан қўрқишди. Чунки буларни ғалла билан, асосан, Ямома халқи таъминлар эди.
– Аллоҳга қасамки, мен сизларга Расулуллоҳ изн бермагунларича зинҳор буғдой донини бердирмайман, – деди Самома.
Дарҳақиқат, Ямомага қайтгач, Макка аҳлига буғдой соттирмай қўйди. Бу эса маккаликларнинг очарчиликда қолишларига сабаб бўлди. Чорасиз қолган Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатиб, Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, қариндошлик ҳурматидан Самома қилаётган ишни тўхтатишини илтимос қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Самомага буғдой беришни сўраб хат ёздилар.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётидан лавҳалар” китобидан.

@ALRISALAH_UZ