Get Mystery Box with random crypto!

HABEAS CORPUS ФИКЦИЯСИ 1-қисм. Ишни ими-жимида битирамиз (ми?) | "Madaminov Law Group" адвокатлик бюроси

HABEAS CORPUS ФИКЦИЯСИ
1-қисм. Ишни ими-жимида битирамиз (ми?)
(5 дақиқалик ўқиш учун матн)

ЖПК 19-моддасига кўра, судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, истисно фақат давлат сирлари ва жинсий жиноятлар билан боғлиқ жиноятларга таалуқли.

Шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш терговда бўлган жиноят ишлари доирасида амалга оширилади. Бироқ, айни пайтда, ЖПК 243-моддасида қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

Бу ҳолатга асослантирилган тушунтириш олиш учун процессуалист олимларни фикрларини қидиряпман, лекин ҳозирча жўяли ва ишончли асослантирилган нуқтаи-назарни тополганим йўқ.

Балки баъзи хорижий давлатларда ҳам шахсни қамоққа олиш билан боғлиқ ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилар, лекин нима сабабдан бу давлатлар шундай тўхтамга келганини ўрганган мутахассисларимиз бормикан ёки уларни нормасини кўр-кўрона кўчирганмизми?

Шу сабабли ўз фикримни айтаман – тергов жараёнида шахсни қамоққа олиш билан боғлиқ ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилмаслиги лозим.

Амалиётда қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилар экан, судларимиз тергов ва прокуратура органларининг жуда кўп камчиликларига кўз юмиб юборишади. Масалан, оғир ёки ўта оғир жиноятни содир қилган шахсларга нисбатан ҲМҚО органи ходимлари томонидан жисмоний шикаст етказилганлиги ҳолатига бирор марта суд “санкция”ни кўриб чиқиш натижасида муносабат билдирганини, бу муносабат оқибати нима бўлганини биласизми? Мен билмайман (гап охирги йиллар тўғрисида кетяпти).

Бундан ташқари, ўз амалиётимдан келиб чиқиб айтишим мумкин-ки, шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашни кўриб чиқиш билан боғлиқ суд ишлари амалда шунчаки расмиятчиликка айланиб кетиб бўлганига чамаси 10 йиллар бўлиб қолди. Бу масалани алоҳида ёритиб ўтамиз.

Бундан бошқа камчиликлар ҳам талайгина...

Шу сабабли қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши керак.

Агарда қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома очиқ суд мажлисида кўриб чиқилса, прокурор шунчаки гумонларини гапириш билан чекланмасдан, илтимосномани реал асослашга ҳаракат қилади, ҳимоячи ва судланувчининг важлари суд томонидан юзаки эмас, батафсилроқ ўрганилади, суднинг адолатлилигига аҳоли ўртасида ишонч ортади.

Хулоса, ЖПКнинг 243, 247 -моддалари ҳамда мазкур моддалар билан боғлиқ (корреспондент) моддаларга ўзгартириш киритилиб, бу турдаги суд мажлислари очиқ тарзда ўтказилиши белгиланиши лозим. Чунки суднинг мақсади инсонни қамаш эмас, уни ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш бўлиши керак.
https://t.me/advokatmadaminov