Get Mystery Box with random crypto!

ОВОЗИНГНИ ЎЧИР (ма).... Айни кунларда ИИО ходимлари 103 ҳайдо | "Madaminov Law Group" адвокатлик бюроси

ОВОЗИНГНИ ЎЧИР (ма)....

Айни кунларда ИИО ходимлари 103 ҳайдовчиларини мурожаати юзасидан чақиртириб, тергов олди ҳаракатлари бошлаб юборишгани кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Бу масалани адвокат Абдумалик Абдуллаев ҳам ўз саҳифасида муҳокама қилиб, бир қатор фикрлар билдирди.

Ўзи шундоқ ҳам муҳокама бўлаётган мавзуни муҳокама қилиб, тафтология билан шуғулланмоқчи эмасман.

Мени эътиборимни фақатгина аҳолининг чиқишлари ва бунга давлат ҳокимияти вакилларининг муносабти тортяпти холос. Масалан, ҚҚРдаги воқеалар, Ўзбекистон туманидаги чиқиш қилган ишчиларга маъмурий қамоқ қўлланилиши, ва, ниҳоят, тез тиббий ёрдам ҳайдовчилари в уларга ўтказилаётган руҳий босим...

Мазкур баёнотимда мен ҳокимият вакилларига мурожаат қилмоқчи эмасман. Мени баёнотим мазмуни асосан ўз ҳақини талаб қилиб, жабр кўраётганларга мўлжалланган.

Демак, биринчидан, фуқароларнинг митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказилга бўлган ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқ нормаларида қайд этилган.

Шу билан бирга, Конституциянинг 33-моддасига кўра, фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Бир қарашда, Конституциямиз, фуқароларга ҚОНУНГА МУВОФИҚ митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказишга рухсат берадигандек.

Амалдаги қонунчилик митинглар, йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш тартибини белгилаб бермаган. Бу масалада ИИВ қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокама қўйган эди. Қонун лойиҳаси қонун лойиҳасилигича қолиб кетган.

Қолаверса, Конституциядаги "қонунга мувофиқ" жумласи нимани англатиши бўйича Конституциявий суд тушунча бермаган.

Хулоса - митинг ўтказиш ҳуқуқимиз бор, лекин уни реализация қилиш механизми йўқ.

Савол: Бундай ҳуқуқий бўлиқ ҳолатида ҳолатда митинг ўтказиш қонунга хилоф ҳисобланадими?

Мени жавобим - Йўқ, қонунга хилоф ҳисобланмайди. Чунки, масалан, митинг ўтказиш, бизни конституциявий ҳуқуқимиз ва бу ҳуқуқдан суднинг қарорисиз маҳрум қилиб бўлмайди.

Иккинчидан, агар митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш қонунга хилоф бўлса, юртимиздаги сиёсий байрамлари жараёнида ўтказиладиган йиғилиш ва намойиш иштирокчиларини ҳам жавобгарликка тортиш керак. Чунки бизни қонун сегрегацияга йўл қўймайди. Нима учун байрам жараёнидаги "ҳайбаракаллачи"ларга жавобгарлик йўғ-у, муаммони кўтариб чиққанга жавобгарлик бор? Ахир бундай бўлмайди-ку. Бу икки чиқиш ҳам шаклан бир хил бўлса...

Фуқарога уни конституциявий ҳуқуқини реализация қиши учун ҳуқуқий механизмни яратилиб берилмаганлиги бу фуқаронинг айби эмас, демак уни жавобгарлигига олиб келиши мумкин ҳам эмас.

Учинчидан, МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни белгилайди, яъни бу диспозитив норма. Бу норма бўйича жавобгарликка тортиш учун эса бошқа қонун нормасини бузилган бўлиши керак. Бундай қонун нормаси эса мавжуд эмас.

Савол: Мавжуд бўлмаган қонун нормасини бузиб бўладими?

Жавоб: мени фикримча мавжуд бўлмаган қонун нормасини бузиб бўлмайди. Демак, намойиш ўтказган одамларни МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортиш қонунга зид.

Хулоса: фуқаролар томонидан йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар уюштириш ҳамда ўтказилиши ҳеч қандай қонун нормасини бузмайди. Бу уларнинг конституциявий ҳуқуқи. МИТИНГ ЎТКАЗИШДАН ЧЎЧИМАНГ.

Фақат бир нарсани УНУТМАНГ! йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар уюштириш ҳамда ўтказиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва манфаатларини бузмаслиги керак.

Масалан, норозиликни ифода қилиш учун автомобил йўлларини тўсиб қўйиш қонунга хилоф ҳисобланади, чунки бу йўл ҳаракати қатнашчиларининг манфаатларини бузаётган бўлади.

https://t.me/advokatmadaminov