Get Mystery Box with random crypto!

КЎРИНГАНИНГ КАБИ БЎЛ ЁКИ БЎЛГАНИНГ КАБИ КЎРИН (Ж.Румий) Конс | Бизнес-адвокат | Biznes-advokat

КЎРИНГАНИНГ КАБИ БЎЛ ЁКИ БЎЛГАНИНГ КАБИ КЎРИН (Ж.Румий)

Конституцияда Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат экани, қонунларда эса дунёвий давлат экани ёзилган. Ўзбекистон имзолаган Халқаро қонунларда эса қуйидаги диний эркинликларни ўз халқига беришни ўз зиммасига олган, лекин 30 йилдан бери бермаяпти, халқаро ҳамжамиятга берган ваъдасини бажармаяпти (халқига берилган ваъдаларни ҳам бажарилиши кераклиги эса уларнинг лексиконида бўлмаса ҳам керак):

1. Президентнинг паспортга рўмолда расмга тушишни тақиқлаш тўғрисидаги Фармони ва ВМ нинг 666-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаларимизни Олий суд рад қилди. Олдин ҳам рад қилган эди. Даъво предметини ўзгартириб, бир неча хил кўринишларда берсак ҳам бари бир рад қиляпти. Конституциявий суд ҳам олдин бир неча марта рад қилган ва яна рад қилиши аниқ.
2. Президентга кўп марта ёзма равишда ва ижтимоий тармоқлар орқали Сизлар билан биргаликда илтимосномалар киритдик: мадрасалар сонини ва уларга қабул сонини кўпайтиришга ёрдам беринг, Олий маъҳадга 50 та ўғил бола ва 10 та қизлар учун ўрин ажратилган холос, буни кўпайтиришга ёрдам беринг деб илтимослар киритдик, масжидлар қошида болалар учун ёзги таътил вақтида Қуръони каримни ўрганишлари учун Қуръон курслари очишга, диний ва дунёвий таълимни қўшиб олиб борадиган хусусий диний мактаблар очишга рухсат беринг, бу ҳуқуқларимиз халқаро қонунларда белгиланган деб бу қонунларни номи ва моддаларигача кўрсатдик. Лекин биронта талабимиз бажарилмади. Бу талаблар қонунлардан келиб чиқиб билдирилган эди.
3. Масжидлар сони ЎЗбекистонда 2100 та ҳам эмас, буни ҳеч бўлмаса 7 млн аҳолиси бор қўшни Қирғизистон даражасига (4 мингта) чиқаришга рухсат беринг, деб кўп аризалар бердик. Лекин масжидлар сони ҳалиям 2100 дан ошмади. Одамлар ҳайит ва жума намозларини кўчаларда ўқишга мажбур бўлишяпти. Кўп аҳоли қишлоқларда масжидлар 10-15 км узоқда экани сабабли намоз ўқиш учун масжидларга бора олмаяпти ҳам.
4. Қуръони каримни Ўзбекистонга олиб кириш ВМ нинг 2022 йил 14 апрел кунги 180-сонли қарори билан тақиқланди. Фуқаролар фақат 3 донагача олиб кириши мумкин холос, тижоратчи фирмалар эса сотиш учун Қурьони карим ва диний адабиёт олиб кириши умуман тақиқланди. Бундан мақсад нима?
5. “Диний ва эътиқод асосли камситишларнинг барча турларини тугатиш тўғрисидаги халқаро Декларация” нинг бошидан охиригача санаб чиқилган рўйхатдаги диний эркинликларимизни (бу рўйхатни ёзсам жуда чўзилиб кетади) беришдан Ҳукумат бош тортиб келмоқда.

Унда нимага юқоридаги халқаро Декларацияни ва бошқа халқаро қонунларни тан оламиз, деб имзо қўйдингизлар? Агар бажара олмасангиз нимага бу Декларациядан чиқиб кетмаяпсизлар? Ёки бажаринглар, ёки бекор қилинглар. Халқни алдашни ва халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммангизга олган мажбуриятларни бузишни бас қилинг. Пост сарлавҳасида айтилганидек: ЁКИ КЎРИНГАНИЗ КАБИ БЎЛИНГ ЁКИ БЎЛГАНИЗ КАБИ КЎРИНИНГ.
Ҳаттоки, Конституциясида дунёвий ва секульяр давлат экани ёзиб қўйилган Туркияда ҳам ҳижоб тақиқланмаган, паспортга ҳижобда расмга тушиш тақиқланмаган, хусусий диний таълим тақиқланмаган, диний таълим берадиган хусусий ва давлат мактабларига рухсат берилган (5 мингта имом-ҳатиб мактаби, 20 мингдан ортиқ Қуръон курслари, юзлаб исломий университет ва факультетлар, 85 минта масжид бор-аҳолиси 85 млн). Демак, биз дунёвий давлатмиз, Исломий давлат эмасмиз, ўшанчун диний эркинликларни бера олмаймиз, деган гаплар қуруқ баҳона, ёлғон ва манипульяция холос.

PS: Ваҳоланки, 30 йил олдин ҳам, бугун ҳам ҳар иккала Президент Каъбатуллоҳга кириб 4 томонга қараб намоз ўқишди, умра қилишди, расмларга ва видеоларга олиб бу воқеаларни давлат ва хусусий телеканалларда мақтаниб намойиш қилишмоқда. Бас, шундай экан, унда Сизларга нима тўсиқ бўлмоқда Халқаро қонунларни бажаришингизга?