Get Mystery Box with random crypto!

ДАЪВОГАР СУСТ БЎЛСА - ҚОЗИ МУТТАҲАМ БЎПТИ туркумидан Ўқитувчил | Бизнес-адвокат | Biznes-advokat

ДАЪВОГАР СУСТ БЎЛСА - ҚОЗИ МУТТАҲАМ БЎПТИ туркумидан
Ўқитувчиларнинг маошларини пасайтириб юборилаётгани тўғрисида блогер Қобул Дўсовнинг ютубдаги мурожаатини ва бошқа хабарларни кўриб, қуйидаги масалаларда Президент Админстрациясидан, Вазирлар маҳкамасидан, Солиқ қўмитасидан ва бошқа алоқадор вазирликлардан муносабат билдиришини талаб қиламиз:
1. Жорий 2022 йилда бюджет тақчиллиги (дефицити) 4 % қилиб белгилангани тўғрими?
2. Ўқитувчиларнинг маошлари билан боғлиқ машмашаларнинг бюджет тақчиллигига алоқаси борми?
3. Президент томонидан 2 йил олдин солиқ соҳасида ислоҳотлар ўтказишдан мақсадимиз солиқ юкини камайтириш деган эди. Амалда эса Солиқ юки камайтириш ўрнига кўпайтириб ва оғирлаштириб юборилди. Нимага?
4. Солиқ юки ошириб юборилгани исботи шуки, 2 йил олдин бюджетга жами солиқ тушуми 100 трлн сўм атрфоида эди. Жорий 2022 йилда эса 200 трлн сўмдан ошиши белгилангани тўғрисида ҳабарлар чиқди. Бу рақамлар тўғрими?
5. Агар халқимиз, тадбиркорлар ва бошқа солиқ тўловчилари тўлаётган солиқ 100 трлн сўмдан 200 трлн сўмга ошган бўлса, бу ошган суммалар қайси харажатларни қоплаш учун йўналтириляпти?
6. Оширилган 100 трлн сўм доирасида (10 млрд доллар) ўқитувчиларнинг ойлигини 1000 долларга оширишни имкони бўлмадими?
7. Халқ таълимига ажратилган маблағ 2 йил олдин 20 трлн сўм (2 млрд дол) атрофида эди (эски вазир Шерматов матбуот конференциясида айтганди). Бюджетга тушаётган қўшимча 100 трлн сўмдан қанча қисми шу 20 трлн сўмни оширишга йўналтирилди? Ва жорий 2022 йилда халқ таълимига ажратилган жами сумма неча сўм?
8. Бюджетга тушумлар етмаётган бўлса, бюджет тақчиллигини 3 % дан 4 % га ошираётган бўлинса, нимага унда халқимизнинг ҳаққи бўлган давлат корхоналарини жуда арзон нархларда сотиб юборилаётгани тўғрисидаги хабарларга биронта давлат идораси жавоб бермади? Масалан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини ҳақиқий нархи 5 млрд доллар бўлса ҳам уни 100 млн долларга сотиб юборилгани тўғрисида хабар чиқди. Бу рақамлар тўғрими? Нимага рад қилмаяпсизлар? Сукут розилик аломатику.
9. Жуда кўплаб нефть ва газ конлари, нефт сақлаш омборлари ва бошқа кўплаб давлат мулклари собиқ “Жиззах петролеум” корхонасига ёки шунга ўхшаш юқори амалдорларнинг қариндошларига қарашли фирмаларга бепулга ёки ўта арзон нархларда бериб юборилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда чиққан хабарлар тўғрими ёки нотўғрими? Нотўғри бўлса нимага эътироз билдирмаяпсизлар?
10. Умуман барча давлар корхоналарини ва халқнинг бойликларини сотиб юборилиши шартлари (неча сўмга сотилгани, тўлов шу корхонани ишлатиш натижасида келадиган фойда ҳисобидан бир неча йил давомида бўлиб-бўлиб тўланяптими ёки олдиндан 100 % тўланяптими, сотиш шартлари) қанақа? Шулар тўғрисида ҳар ой якунида матбуотда халқимизга ҳисобот бериб боришларингизни талаб қиламиз.
11. Юртимиздаги тадбиркорлардан ҳар йили қўшимча ундирилаётган 10 млрд дол нинг 1-2 млрд ини ўқитувчиларга, 5 млрд доллар қисмини ишлаб чиқариш корхоналари қуришга сарфланса бўлмасмиди? Ёки шу солиқларни тадбиркорларнинг ўзида қолдириб, уларнинг зиммасига шу суммаларга қўшимча иш ўрни яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш вазифасини қўйилса бўлмасмиди? Ўшанда бу пулларни бюджетни ўғрилаётган коррупционер давлат амалдорларининг чангалига ташланмаган бўлар эди.

PS: бундан ташқари, давлат ҳар йили хориждан 5-6 млрд доллар атрофида ташқи қарз олмоқда. Солиқларнинг ошиши ҳисобидан қўшимча пайдо бўлган 10 млрд доллар етмаяптими? Божхона пошлиналаридан тушумларчи? Олтин, мис, уран, газ ва бошқа ер ости бойликларидан тушумлар қаерга кетяпти? Юзлаб соҳалардаги давлат компаниялари ва корхоналаридан тушаётган тушумлар ва дивидендлар қаерга кетяпти?