Get Mystery Box with random crypto!

СОЛИҚ ЮКИ ЕНГИЛЛАДИМИ ЁКИ КЎПАЙДИМИ? Грузияда 2004 й | Бизнес-адвокат | Biznes-advokat

СОЛИҚ ЮКИ ЕНГИЛЛАДИМИ ЁКИ КЎПАЙДИМИ?
Грузияда 2004 йилнинг бошида солиқ ислоҳоти ўтказилди ва мавжуд 22 турдаги солиқларнинг 16 таси бекор қилинди, фақат 6 таси қолдирилди. Ва бу солиқнинг фоизлари ҳам йилма-йил камайтириб борилди ва энг минимал миқдорга пасайди. Дунёдаги энг солиқ юки кам давлатлардан бирига айланди (4-урин). Буни ўқиган одам “Аҳмоқ эканку грузинлар, бюджети бўшаб қолгандир?! ” деб ўйлаши мумкин. Лекин аксинча бўлди: 4 йил ичида солиқ тушуми 469 млн доллардан 2.2 млрд долларга етди.
Бизда ҳам 2 йил олдин Ҳукуматимиз Грузиянинг бу ислоҳотидан намуна олмоқчи бўлишдими, билмадим, “Солиқ юкини енгиллатиш учун ислоҳотлар қиламиз” деб эълон қилишди. Ва янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Амалда эса ғирт тескарисини қилинди. Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд бўлган 4 % лик ягона солиқни бекор қилинди ва ўрнига қуйидаги солиқлар жорий қилинди:
1. Қўшимча қиймат солиғи – 15 %
2. Фойда солиғи - 15 %
3. Мулк солиғи- 1,5 %
4. Ягона ижтимоий тўлов 12 %
5. Ишчилардан даромад солиғи (олдиндан бор эди) 12 %
6. Ер солиғи –
7. Сув солиғи-
8. Карьер солиғи
9. Дивиденд солиғи
10. Лицензиялар учун йиғимлар, таможня пошлиналари, молиявий ва бошқа жарималар сони ва рўйхатини эса ёзиб тугатиб бўлмайди.
Натижада бизда ҳам 2 йил олдин 100 трлн сўм (10 млрд доллар) бўлган солиқлар миқдори бу йил 200 трлн сўмга (20 млрд дол) кўпайди. Бу сумма тоза солиқлардан иборат бб, таможня пошлиналари, давлат корхоналаридан дивиденд тушумлари, ўта юқори миқдордаги жарималар суммаси кабилар бунга кирмайди (давлат корхоналарини хусусийлаштиришдан тушаётган пуллар эса алоҳида баҳсли масала). Ҳар йили олинаётган ташқи қарзларни қўшсак жами сумма 30 млрд долларга яқинлашиб қолса керак. Ўзбекистонни жами Ялпи ички маҳсулоти эса 60 млрд доллар эди. Бу дегани солиқлар, божлар ва бошқа мажбурий тўловлар ЯИМ нинг 50 % ига яқинлашиб бўлди. Дунёнинг биронта давлатида бунақа солиқ юки мавжуд бўлмаса керак.
Аслида эса Грузия намунаси қўллаш орқали бундан ҳам кўпроқ солиқ тўплаш мумкин эди. Лекин бизда бизнесни ва тадбиркорларни солиқ юки билан эзиш йўли танланди. Натижада ЯИМ (ВВП) ҳам ошмаяпти. Жон бошига 1800 доллардан кўпая олмаяпти. Грузия усули танланганида ЯИМ ҳам, солиқ тушуми ҳам параллел равишда кўпайган бўлар эди.
Энди эса, ҳар доимгидек, Президентимизнинг “хабарларисиз” ошириб юборилгани учун шекилли, бундан “дарҳол” хабар топишди ва бу солиқ ставкаларини фақат биттасини, яъни ҚҚС ни кейинги йилдан 12 % га пасайтиришларини эълон қилишди. Яъни олдин планкани осмону фалакка олиб чиқиб қўйиб, кейин уни 10-15 йил давомида, аста-секин 1 фоиз, ярим фоиздан камайтириб, тадбиркорларнинг қарсакларини ва халқимизнинг олқишларини олишмоқда. Браво...

PS : қонунларимизга минглаб турдаги жавобгарлик чораларини аллақачон киритиб бўлишган ва бу чораларни қўллашга мораторий эълон қилиш ўрнига, буёғига энди янги жавобгарлик чораларини қонунларга киритмасликка мораторий эълон қилишди. Мавжуд чораларни эса бемалол қўллайверишади. Яна бир марта Браво... Ва яна қарсаклар. Гулдурос ва давомди қарсаклар.