Get Mystery Box with random crypto!

Бугун Президент Админстрацияси бошлиғи Сардор Умрзоқов Олий су | Бизнес-адвокат | Biznes-advokat

Бугун Президент Админстрацияси бошлиғи Сардор Умрзоқов Олий суднинг янги раисини таништириш вақтида: "Халқимиз судларнинг адолатсиз қарорларидан норози экани, бундан кейин судлар ижро ҳокимиятининг ноқонуний фаолиятларини тийиб туриши, нотўғри қарорларини бекор қила олиши, ижро ҳокимияти вакилларини жазолай олиши" кераклиги тўғрисида маъруза қилишибди. Тасанно. Лекин бундан ҳам кучлироқ гапларни бундан 5-6 йил муқаддам Умрзоқовдан ҳам каттароқ ва кучлироқ давлат амалдори, яъни Президент Мирзиёевнинг ўзлари ҳам айтишган эди. Нақ жилаб юборай дегандим. Ўшанда судьялар бу ҳақикатни, бу ғамхўрликни эшитиб, йиғлаб-йиғлаб Президентимизга ва халқимизга Мурожаатнома, деган қасида ёзишган эди. Дунёнинг биронта давлатида бунақаси бўлмаган. Агар Шимолий Кореяда бўлмаган бўлса. Бу қасидаларида судьялар ҳақикатдан ҳам шу вақтгача адолатсизликларга йўл қўйишгани, .......... ва ҳоказо ва ҳоказо пушаймонликлар, энди буёғига халқимизга ва Президентимизга адолат билан хизмат қилишлари тўғрисида роса узундан-узун ваъдалар бериб, камига қасам ҳам ичишган эди (ҳамма судьялар ишга бошлашдан олдин қасамёд қилишади). Афсуски, на Мурожаат, на қасида, на қасам, на ваъдаларни бажарилмади. Демак, 6 йил ўтса ҳам яна ўша эски усул, энди сал дозасини пасайтиришибди. Доза ўта юқори бўлганда таъсир қилмаган даволаш усули доза пасайтирилгани билан фойда берармикан? Муаммони хал қилиш учун Давлатнинг 1 еки 2 чи амалдорини танқид қилиши етарли бўлмаслигини тушуниб етмадикми ёки буни яхши билсак ҳам шунчаки халқ истеъмоли учун гапириб қўйилаверадими? Муаммони ҳал қилиш учун жиддий ислоҳотлар ўтказиш керак эмасми? Судлар адолатсизлик қилишяпти, деб ваъз ўқишни ўзи етарлими? Давлат ҳокимиятининг 3 га бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриш механизмини жорий қилиш тўғрисида биронта Дастур ёки қонун чиқармасдан, қуруқ гап билан судларни адолатли қилиб бўлмайдику?!

PS: Агар Президент ёки Админстрация раҳбари ҳақиқатдан ҳам судларнинг ижро ҳокимиятини тийиб туришини самимий исташса, жумладан, Президентнинг ноқонуний қарорларини судлар бекор қила олишига қарши бўлишмаса, қонунларни ўзгартиринглар олдин. Амалдаги биронта қонунда фуқаролар Президентнинг ёки ВМ нинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш учун судга бериши мумкинлиги кўрсатилмаганку. Фақат Конституциявий судга айрим чекланган давлат амалдорлари шу тўғрида ариза киритиши мумкин ҳолос (30 йиллик тарихда биронта амалдор бунақа ариза киритмаган). Фуқаролар эса бундай ҳуқуққа эга эмас. КС га мен Президентнинг паспортга ҳижобда расмга тушишни тақиқловчи қарорини ва ВМ нинг 666-қарорини бекор қилишни сўраб ариза бердим. Жавоблари шу бўлдики, КС га фуқаролар Президент ёки ВМ қарори эмас, фақат қонунларнинг Конституцияга мос эмаслиги масаласида ариза кирита олади холос. Қонунда шундай ёзилган. Президент қарори устидан шикоят бера олмайсиз, деб ёзма жавоб беришди.
PS-2: Яқинда Олий судга яна ўша Президент қарорини ва ВМ нинг 666-қарорини бекор қилишни сўраб 3 та ариза бердик. Умрзоқов жаноблари Олий суд раисига айта олармикан, Президент ва ВМ нинг ноқонуний қарорларини бекор қилишдан қўрқманглар, деб. Кўрамиз...

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга аъзо бўлинг:

Telegram  | YouTube  | Facebook