Get Mystery Box with random crypto!

Ишхоналарда намозхона очганларни ёки намоз ўқиганларни жавобга | Бизнес-адвокат | Biznes-advokat

Ишхоналарда намозхона очганларни ёки намоз ўқиганларни жавобгар қилиниши тўғри, деб муносабат билдирган экан Дин ишлари қўмитаси. Сабаби шу эмишки, Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган экан (ана сизга мантиқ, мана сизга ақлнинг ғовлаб кетиши натижаси). Иккинчи асослари: ишхоналарда намоз ўқиш бошланса миссионерлар пайдо бўлиб, аҳолини бошқа динларга тарғиб қилиши мумкин экан. Яқинда эса шунга ўхшаш ноқонуний асослар билан тўйхонада Каъба макетини ўрнатгани учун блогер Мадина Мўминова ҳам жавобгар қилинди. Қуйидагиларга кўра диний эркинликларни чекловчи бундай тақиқлар ноқонунийдир:

1. Жавобгарлик МЖтК нинг 201-м га кўра "Диний йиғилишлар ва диний маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик" учун белгиланган. Намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш, закот бериш вб эса диний йиғилиш ҳам эмас, диний маросим ҳам эмас (булар ибодатнинг ўзидир, сиғиниш шаклининг асосидир). Аксини айблов идораси исботлаши керак. Чунки шахсни бирон масалада айблаш учун қонунда бу айбнинг нимадан иборат экани аниқ ёзиб қўйилган бўлиши шарт. Яъни намоз ўқиш (айниқса, якка тартибда жамоа бўлмасдан, ҳар бир одам ёнма-ён бўлиб алоҳида намоз ўқиши) диний йиғилиш ёки диний маросим экани аниқ қилиб кўрсатиб қўйилмаган. Тахминлар билан шахсни жавобгар қилиш мумкин эмас. Қонунлардаги ноаниқликлар, шубҳалар ва низоли масалалар айбланувчи шахснинг фойдасига ҳал қилинади. Бу умумий қоидани прокурорлар, терговчилар ва судлар яхши билади.
2. Дин давлатдан ажратилган, дегани бу - давлатни бошқариш жараёнида диний қоидалар ишламайди, дегани. Корхоналар, ишхоналар, тўйхоналар ва бизнес субъектларининг фаолияти эса давлатни бошқариш эмас, бизнес билан шуғулланишдир. Бизнесменлар ўз ишини юритишда диний қоидаларни ишлатиши мумкин. Масалан, иймон келтириши, намоз ўқиши, рўза тутиши, фоизга қарз олмаслиги ва фоизга қарз бермаслиги, рўзадор ишчиларига саҳарлик ва ифторлик овқатларини ташкил қилиши, ишчиларига закот бериши мумкин. Ишчиларнинг хам ўз корхонасида намоз ўқиши давлат диний давлатга айланиб кетди, дегани эмас. Корхона бу давлат эмас, давлатни бошқармайди, халқни бошқармайди, суд қилиб қамай олмайди, қонунлар чиқармайди, солиқ тўпламайди, армия ташкил қилмайди. Биринчи синф ўқувчиси ҳам буни биладику.
3. Ернинг тагида илон қимирласа биладиган, ўта яширин тарзда ташкил қилинган ҳужраларда Қуръон ўргатувчиларни ернинг остидан бўлса ҳам топиб жазолайдиган ДХХ ва ИИВ нинг терроризм бошқармаси ходимлари миссионерлар пайдо бўлганини сезмай қолишармикан? Унда нимага уларга биз тўлаган солиқлардан триллионлаб сўм маблағларни ажратяпмиз? Фақат қориларни ва Каъбани макетини ясаганларни ушлашлари учунми? Қорақалпоғистонда давлат ҳокимиятини ағдаришига оз қолган сепаратистларни ва намойишларни олдини ололмаганидан ҳам аниқ бўляптики, ДХХ ва ИИВ нинг тегишли бошқармалари фақат Ислом динига риоя қилувчиларнинг орқасидан пойлашни қойил қилишяпти холос.
4. Ишхоналарда намоз ўқилса, миссионерлар пайдо бўлиши мумкин экан. Миссионерлар пайдо бўлса уларни топиш ва жазолаш давлатнинг вазифаси, бу вазифасини бажариш ўрнига ноқонуний тақиқларни жорий қилинмайди. Тақиқлаш осон экан деб, диний эркинликларни хохлаганча тақиқланавермайди. Шахснинг ҳуқуқларини тақиқлаш ёки чеклаш мантиқий ва илмий асосланган бўлиши керак.
5. Сизларнинг мантиғингизга риоя қилинса унда: одамларни ҳам сўйиб юборишидан қўрқиб қассобларнинг фаолиятини ҳам тақиқламайсизларми? Одам ўлдиришда ишлатилишидан қўрқиб пичоқларни, болтани, кетмонни ва уларни ясовчиларни ҳам тақиқламайсизларми? Кўчада одамларни уриб ўлдириб юбориши мумкин эканидан қўрқиб машиналарни ва ҳайдовчиларни ҳам тақиқламайсизларми?

PS: Ўзбекистон миллий қонунларидаги бунақа тақиқлар ва диний ҳуқуқларнинг чекланиши Ўзбекистон имзолаган халқаро қонунларга зид. Жумладан, "Диний ва эътиқод асосли камситишларнинг барча турларини тугатиш тўғрисидаги халқаро Декларация" нинг 1-8-моддаларига зид. Ўшанчун, нотўғри жавобгарликка тортилаётганлар БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари Қўмитаси (ИҲ бча халқаро суд) га ариза киритишлари мумкин. Бунинг учун Олий суд ва Конституциявий суддан рад жавоб хати олиниши керак.