Get Mystery Box with random crypto!

ҲАҚ ОЛИНУР, БЕРИЛМАС. АҚШ нинг собиқ Президенти Дона | Бизнес-адвокат | Biznes-advokat

ҲАҚ ОЛИНУР, БЕРИЛМАС.

АҚШ нинг собиқ Президенти Дональд Трамп лавозимга келиши билан чиқарган қарорининг (6 та араб давлатидан мигрантлар қабул қилишни тақиқлаш тўғрисида эди) ижросини қайсидир бир округ суди томонидан тўхтатиб қўйилган эди. Ва бу қарор ноқонуний экани сабабли охир-оқибат кучга кирмаган эди. Ўшанда роса орзу қилган эдим, қани эди бизда ҳам шунақа адолатли давлат тузуми бўлса, Президентни қарорини бекор қилиш тўғрисида судларга даъво кирита олсак деб (қаноатлантириш бир четда турсин, даъво киритишни ўзи орзу эди). Тасодифни қарангки, бу орзуимни амалга ошишига ишонмасам ҳам, бунга сабабчи бўлмасамда, шунга ўхшаш даъвони судга киритишга азм-шижоат қилган бир мард, тақводор ва ўз Конституциявий ҳуқуқи учун курашга қаттиқ бел боғлаган ўзбек аёлига (нафақа ёшидаги онахонга) адвокатлик қилишимга тўғри келиб қолди. Бу аёл паспортга расмга тушиш вақтида ҳижобни ечишга рози бўлмагани сабабли 2013 йилдан бери паспорт ололмай келмоқда. Унга деярли ҳар куни босим ва қўрқитишлар бўлди, қилмаган таҳдидлари қолмади. Лекин 10 йилдан бери бу босимларнинг ҳаммасига чидаб келмоқда ва ҳижобини ечмади. Натижада 10 йилдан бери паспорти йўқлиги учун нафақа ололмаяпти, маҳалладан моддий ёрдам ололмаяпти, бирон жойга ишга кира олмайди, тадбиркорлик билан шуғуллана олмайди ва бошқа кўплаб ҳуқуқларидан маҳрум ҳолда, моддий ва маънавий қийинчиликларга чидаб яшаб келмоқда. На тирикчилик манбаи бор, на иши бор, на бошқа имконияти. Фақат кучли иймони, кучли тақвоси, ҳаёси, сабр-бардоши, ору-номуси бор. Хайр-эхсонни ҳам қабул қилмайди. Пайғамбаримиз сав нинг авлодлариданман, менга закот ва эҳсон олиш мумкин эмас, деб ўзим бермоқчи бўлган закотни ҳам қабул қилишмади. Бир марта рўмолимни ечсам шу билан кейин бир умр қаерга борсам паспортимни қўлига олган орган ходими “паспортда рўмолиз йўқ экан, ечинг рўмолизни” дейиши аниқ. Ва диний ҳуқуқим ҳар куни поймол қилинади, ундан кўра қийналсам ҳам паспортсиз яшаганим яхши, деб чидаб, лекин ўз ҳуқуқи учун 10 йилдан бери курашиб келмоқда. Мен ҳам бу аёлнинг жасоратига, сабр-бардошига, жидду-жаҳдига қойил қолдим ва миллатимнинг бундай аёллари борлигидан фахрланган ҳолда бу муҳтарама онахонга хурсандчилик билан адвокатлик қилмоқдаман.
Мана шундай бир ўзбек мумина аёли билан биргалашиб жаноб Президентимизнинг паспортга (айди-картага) расмга тушиш вақтида ҳижобни ечишни талаб қилувчи қуйидаги 2 та қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризани ЎР Олий судининг 1-босқичида кўриб чиқиш учун киритдик:
1. ЎР Президентининг 22.09.2020 йилдаги №6065-сонли “ЎР да идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига 1-илованинг 17-бандининг тегишли қисмини;
2. ЎР Президентининг 26.12.2018 йилдаги № 4079-сонли “ЎР фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда ЎР биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 1-иловаси 40.5- банди “в” пунктининг тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида.
Агар даъвомиз рад қилинса Конституциявий судга, КС ҳам рад қилса (рад қилиши аниқ менимча, лекин аслида Аллоҳнинг айтгани бўлиши аниқ) унда БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига (инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро судлов органига) ариза киритишгача тайёрмиз.
Аслида бу онахонимиз билан бирга биз аллақачон БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига (Халқаро судга) Тошкент вилоят ИИБ Миграция бўлими ходимларининг паспортга расмга тушиш вақтида ҳижобни ечишга мажбурловчи ҳаракатлари устидан норози бўлиб берган бошқа бир аризамизни киритиб бўлганмиз. Халқаро суд бу аризамизни иш юритувига қабул қилган ва Ўзбекистон Ҳукуматига мазкур аризамиз юзасидан ўз фикрномасини (эътирозлари бўлса агар ўша эътирозларини билдиришини) сўраган. Лекин халқаро судда ишларни кўриб чиқиш бир неча йил давом этишини ҳисобга олиб, кутиб ўтирмасдан, Миграция бўлимларининг ҳижобни ечиш тўғрисидаги талабларига асос бўлиб хизмат қилаётган Президент қарорларининг ўзини ҳам бекор қилишни сўраб судга ариза киритишга мажбур бўлдик.