Get Mystery Box with random crypto!

​​#ЎЗБЕКИСТОН Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимни айтиб, Юрагимга шо | Abdurahmon Meshayan

​​#ЎЗБЕКИСТОН

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимни айтиб,
Юрагимга шодликлар ҳам келди қайтиб.
Қилаверсин тўйлар халқим гумбурлатиб,
Эй довруғи осмоним-ей, донғи достон,
Tинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Бешигида тинч ухласин чақалоқлар,
Жони эрта узилмасин қизғалдоқлар.
Бомба сасин эшитмасин бу қулоқлар,
Ул ғанимлар қилолмаслар сени яксон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Пок Хожилар Аллоҳимга қилиб сажда,
Асли сенга тинчлик сўраб келар хажда
Мен хам Хаққа ёлворурман шеър авжида:
Эй ўттиз бир миллион юлдузи бор осмон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Юртлар бордир унда халқ хор эл норози,
Саҳардан то оқшомгача ўқ овози.
Юракларга ваҳм солур қишин-ёзин,
Эй ўттиз миллион бахтли сузган уммон.
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Oта-маҳзун,
Она-маъюс,
Бола-хомуш,
Кўзларига кўринмайди олтин-кумуш.
Бахт татирми юртда бўлса қонли уруш?
Ай меҳрибонимей, отамдек қадрдон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Гўдак она сийнасидан оқ сут эма-
Улғайгандек, ўсдим нонинг еб, лоф дема.
Эй дунё уммонида мен минган кема,
Уруш бўлиб ош егандан тинч ей ёвғон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Сен ўттиз бир миллион япроғи бор дарахт,
Агар синсанг жоним чиқар, бошим карахт.
Ушбу халқ пешонасин доим ўпса бахт,
Бу дунёдан ўтар эдим мен беармон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Биз қилсакда дунё бўйлаб истироҳат,
Бағрингга қайтдик қилгани истиқомат.
Тангрим бизни қилгунгача аҳли жаннат,
Бемор бўлган юракка, юрт ишқи дармон.
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

"Булутлар" йўқ қуёш каби нур соч балқи,
Сахийлигингдан бахраманд ўзбек халқи.
Сени жондан севадирмиз Худо хаққи,
Тангрим сенда туғилмоққа берди имкон.
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Гарчи сендан чиқмагандир анбиёлар,
Анбиёга эргашган чин авлиёлар-
Кўп етишган бағрингдан, ким не деёлар?
Банда кўнар, Мусҳафдадир олий фармон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Сотқинлар бор сендек юртдан кечдим деган,
Эх қушларга ўхшар улар эсин еган.
Ёз-у кузда яйраб, қишда учиб кетган,
Гарчи қилмас хоин зоти кўп пушаймон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Омон бўлсин ёнса агар халқ дардида,
Мўмин султон султонларнинг энг мардида.
Эх бу дунё урушлар деб ўзгардида,
Бағрингдадир ноним бутун бошим омон.
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Масжидлардан азон куйи янграйверсин,
Буни тинглаб лаъин зоти инграйверсин.
Хар султонга чиндан Умар йўлин берсин!
Орзуларим дард қўлида бермасин жон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Қадамларин пойлаб юрган пойлоқчидан,
Халқин мудом гиж-гижгижлаган айғоқчидан.
Пахтасини ташиб кетган қароқчидан,
Йигирма беш йил олдин қутилган карвон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

Ёлвораман дуом қабул қилсин маним,
Арш султони хор қилсин тош отса ғаним.
Она юртим, Маккада хам соғинганим,(соғинадиганим)
Ушбу шеърни йиғлаб ёзди Абдураҳмон,
Тинчлигингга кўз тегмасин Ўзбекистон!

@A_meshayan
14:01-23-07-2016-йил
Абдурроҳман Мешаян