Get Mystery Box with random crypto!

​​Ё РАБ СЕНДАН БОШҚА КИМИМ БОР МЕНИНГ? Мен нечун Инжилни очи | Abdurahmon Meshayan

​​Ё РАБ СЕНДАН БОШҚА КИМИМ БОР МЕНИНГ?

Мен нечун Инжилни очиб варақлай,
Ўқисам "алиф", "лам",  "мим"им бор менинг.
Нур бергин юзимга шамсдек чарақлай,
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?

Суянаман десам отам ҳам ўлар,
Жон волидамнинг ҳам паймони тўлар.
Болам боласига парвона бўлар.
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?

Ён атрофим тўла ашаддий душман,
Дўстдан вафо кўрмай бугун хомушман.
Мерганлар мўлжалга олган оққушман,
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?

Биров етиб, биров етмас қадримга,
Ўлим ҳамла қилгач ҳаёт қасримга.
Бир кун битта ўзим киргач қабримга,
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?

Шунча йил зиндондан сақладинг омон,
Йўқса бўлар эди ҳолим кўп ёмон.
Савобларим томчи айбларим уммон,
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?

Ким узажак ўзинг узмасанг қарзим?
Бошқа Илоҳим йўқ қилмоққа арзим.
Қабул қилмоғингга муштоқдир фарзим,
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?

Ўттиз бир йил яшаб англадим шуни:
Таҳажжудсиз увол мўминнинг туни
Соялантиргани қиёмат куни,
Ё Раб Сендан бошқа кимим бор менинг?