Get Mystery Box with random crypto!

ОТМ.ЛАРНИНГ КАДРЛАР БЎЛИМЛАРИ ТАЛАБАЛАР БИЛАН ҲАМ ШУҒУЛЛУНИШИ | YURISTKADR

ОТМ.ЛАРНИНГ КАДРЛАР БЎЛИМЛАРИ ТАЛАБАЛАР БИЛАН ҲАМ ШУҒУЛЛУНИШИ КЕРАКМИ?

САВОЛ.
Ассалому алайкум. Мен ОТМнинг ходимлар бўлимида ишлайман. Саволим шуки, далват ОТМларида талабалар таркибига оид буйруқлар (талабалар сафига қабул қилиш, талабалар сафидан четлаштириш ва ҳоказолар) ким томонидан тайёрланиб рўйхатга олиниши керак? Чунки бу ҳозир “Ходимлар бўлими”нинг ходимларига юклатилган. Вахоланг-ки “Ходимлар бўлими” ходимларга оид ҳужжатлар билан шуғулланмайди-ми?

ЖАВОБ.

Ҳабарингиз бўлса керак, ҳозирча давлат ташкилотлари кадрлар хизматига қўйилган талаблар масаласида алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Аслида, Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сонли фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури”нинг 5-қаторида, асосан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига:

Давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар билан ишлаш бўлинмаларининг номланиши, уларнинг тузилмаси, штатлари сони, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлашга қўйиладиган унификациялаштирилган талабларни белгилашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарорини 2019 йил 1 декабргача ишлаб чиқиш юклатилган эди.

Бу масала эса қолиб кетди ва мана кўриб турибмизки, сиз каби давлат олий таълим муассасасининг кадрлар хизмати ходимлари аслида ўзларига тегишли бўлмаган бошқа вазифалар билан шуғулланиб юрибди.

Аслида, ОТМлардаги талабалар ходимлар ҳисобланмайди, улар билан ҳеч қандай меҳнат шартномаси тузилмаган, шу сабабли ҳам ОТМлардаги кадрлар бўлинмаларига талабалар таркибига оид (талабалар сафига қабул қилиш, талабалар сафидан четлаштириш ва ҳоказолар) ҳужжатлар билан шуғулланишни юклатиш мутлақо нотўғри деб ҳисоблаймиз.

Бу каби ҳолатлар кадрлар хизмати зиммасидаги асосий вазифа ва функциялар билан шуғулланишга ҳамда ОТМлардаги ходимлар таркибига оид масалалар билан шуғуллунишга тўлиқ имкон бермайди.

Шу сабабли ҳам, ОТМларда меҳнат муносабатлари соҳасидаги муаммолар камайиш ўрнига тобора кўпайиб бормоқда.

Мен билган айрим ОТМларда (масалан, ТДЮУда)ги кадрлар бўлими талабаларга доир хат-ҳужжатлар ва буйруқлар билан шуғулланмайди, улар ўзларининг ишлари билан – муассасадаги меҳнатга оид муносабатлар билан ва ходимларнинг шахсий таркиби билан шуғулланади.

Менимча, Олий таълим вазирлиги ҳозирги муаммони бартараф этиш чорасини кўриши керак, сабаби, бошқа ОТМларнинг кадрлар хизматида ҳам шу каби ҳолатлар учраб турибди.

@yuristkadr