Get Mystery Box with random crypto!

ТУРИЗМ ВА СПОРТ ВАЗИРЛИГИ ЯҚИНДА ЎТКАЗАДИГАН АТТЕСТАЦИЯ ТАДБИР | YURISTKADR

ТУРИЗМ ВА СПОРТ ВАЗИРЛИГИ ЯҚИНДА ЎТКАЗАДИГАН АТТЕСТАЦИЯ ТАДБИРИ ҚОНУНИЙМИ?

САВОЛ.
Ассалому алейкум яхшимисиз Саидали ака сиздан яна бир бор илтимос, олдин ҳам сизни каналда ёритган маълумотлариз билан ходимларни ёппасига бўшатиш ҳақидаги огоҳлантириш бекор бўлган эди. Ҳозирда Туризм ва спорт вазирлиги яна Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари директорларига аттестация ташкил қиляпти, шу буйруқ қонунийми?

ЖАВОБ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5279-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорнинг 7-банди 4-хатбошисига кўра Туризм ва спорт вазири А. Абдухакимовга:

2022 йил 1 мартга қадар барча давлат спорт-таълим муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда тренерларини аттестациядан ўтказиш ҳамда унинг натижаси асосида чуқур билим, тажриба ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўриш юклатилган.

Яъни, давлат спорт-таълим мактабларининг нафақат директорлари, балки уларнинг ўринбосарлари ва тренерларини аттестациядан ўтказиш Президент қарори билан белгиланган топшириқдир.

Шу нуқтайи-назардан давлат спорт мактабларидаги ушбу аттестация тадбирлари келаси йил
1-чорак давомида бўлиши кутилаётган расмий жараён ҳисобланади ва бу жараён тўлиқ қонунийдир.

Бошқа томондан хавотирингизни тушуниб турибмиз. Давлат органларида раҳбарият таркиби қанчалик кўп аттестация ўтказилса, коррупция аломатлари ҳам шунчалик кўп кузатилиши мумкин. Гарчи буни вазирларнинг ўзи истамаса ҳам, баъзан уларнинг ён-беридаги айрим “учарлар” вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилишади.

Биз Туризм ва спорт вазирлигини 2022 йил январь-февраль ойларида бўлиб ўтадиган аттестация тадбирларини шаффоф ва очиқ тарзда ўтказишга ҳамда бу жараённи жамоатчиликнинг кўз ўнгида ўтказишга чақириб қоламиз.

Бу масалада Адлия вазирлигида яхши тизим йўлга қўйилган, шундан намуна сифатида фойдаланса бўлади.

@yuristkadr