Get Mystery Box with random crypto!

ЭКОЦИД ЖИНОЯТИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ? Янги таҳрирдаги Жино | YURISTKADR

ЭКОЦИД ЖИНОЯТИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасида экология соҳасидаги янги бир моддага эътибор қаратамиз.

Лойиҳанинг 193-моддасида биринчи марта “экоцид” жинояти ҳақида сўз боради
. Бу модда, лойиҳанинг тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноятлар туркумига киритилмоқда. Маълумот учун айтаман, ушбу жиноятлар қаторидан урушни тарғиб қилиш, агрессия, геноцид, терроризм каби ўта хавфли жиноятлар ҳам ўрин олган.

Демак, 193-моддага кўра, экоцид, яъни қасддан ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсини оммавий қириб юбориш, атмосфера ҳавосини, ер ва сув ресурсларини заҳарлаш, агар ушбу ҳаракатлар экологик офат ёки фавқулодда экологик вазиятни келтириб чиқаришга қаратилган бўлса, - ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланади.

Лойиҳадаги янги “экоцид” жинояти Россия Федерацияси Жиноят кодексидан (358-моддасидан) ва қўшни Қозоғистоннинг Жиноят кодексидан (169-моддасидан) олингани кўриниб турибди. Фақат Россияда экоцид учун 12 йилдан 20 йилгача, Қозоғистонда эса, бизни лойиҳадаги билан бир хил: ўн йилдан ўн беш йилгача “срок” берилиши кўрсатилган.

Масала шундаки, лойиҳанинг алоҳида бобидан бошқа экология соҳасидаги жиноятлар ҳам ўрин олган. Бу жиноятларга масалан, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, атроф табиий муҳитни ифлослантириш, экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш каби жиноятлар ҳам киради.

Ушбу жиноятларнинг диспозицияси “экоцид” жинояти билан жуда-жуда яқин, хатто мазмунан бир хил бўлиб ҳам чиқмоқда. Айниқса, бу жиноятларнинг диспозициясидаги “бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса” деган жумлалар билан.

Фарқ шуки, вазиятга 193-моддададаги экоцид жинояти деб баҳо бериш учун содир этилган жиноят экологик офат ёки фавқулодда экологик вазиятни келиб чиқишига сабаб бўлиши керак.

“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига кўра:

хўжалик фаолияти ва бошқа йўсиндаги фаолият, табиат стихияли кучларининг вайрон этувчи таъсири ёхуд рўй берган фалокат ёки ҳалокат натижасида муайян ҳудудларнинг, шу жумладан сув ва ҳаво бўшлиғининг атроф табиий муҳитда инсон саломатлигига, табиий экология тизимларининг, ўсимлик ва ҳайвонлар генетик фондларининг ҳолатига таҳдид солувчи барқарор салбий ўзгаришлар содир бўлаётган қисми фавқулодда экология вазияти минтақалари деб эълон қилинади;

муайян ҳудуднинг табиат мувозанати, табиий экология тизимлари бузилиши билан боғлиқ ҳолда табиий муҳитда барқарор ёки тузатиб бўлмас ўзгаришлар рўй берган ёки рўй бераётган қисми экология офати минтақалари деб эълон қилинади. Гап йўқ, булар тушунарли.

Бироқ, бу моддада яна бир норма бор:
“фавқулодда экология вазияти ёки экология офати минтақалари деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор қонунларда белгилаб қўйилган тартибда қабул қилинади”. Муаммо шундаки, бизда ҳозиргача фавқулодда экологик вазияти ёки экологик офат минтақалари деб эълон қилишнинг алоҳида тартиби бирор-бир қонун билан белгиланмаган.

Шу нуқтайи-назардан шахсан менда, ушбу “экоцид” деб номланган модда маълум бир вазиятларда ишламай қолиши мумкин деган фикр туғилмоқда.

@yuristkadr