Get Mystery Box with random crypto!

Вазирлар Маҳкамасидагилар, нега лицензиялаш ўрнига жорий қилин | YURISTKADR

Вазирлар Маҳкамасидагилар, нега лицензиялаш ўрнига жорий қилинган ҳабардор қилиш тизимлари ишламаяпти? Нега тадбиркорларга тўсиқ бўляпсиз?

Мен ҳозирги Вазирлар Маҳкамасининг иш услубига тушунмайманда. Ижро интизомининг бузилишида бу ташкилотнинг ўзи “бош-қош” бўлаётганга ўхшайди.

Ҳуллас, Президентимизнинг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони билан 2021йил 1 январдан кўплаб фаолиятлар бўйича мавжуд бўлган лицензиялаш ва руҳсатномалар бекор қилинган ёки соддалаштирилган.

Масалан, Фармоннинг 3-иловасига асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб нодавлат таълим фаолияти сифатида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаби бекор бўлган.

Ҳамда 1 январдан бошлаб бу фаолиятни тегишли ваколатли органни ҳабардор қилиш тартибида амалга ошириш мумкинлиги белгиланган. Булар тўғрисида Президентнинг ўзи ҳам Парламентга йўллаган мурожаатномасида айтиб ўтган. Яъни ҳаммаси тадбиркорлар учун, уларга енгиллик яратиш учун.

Лекин, жуда афсусланарли вазият юзага келган ҳозир. Мазкур фаолиятни янги бошлаётган тадбиркорлар айни вақтда ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан де факто маҳрум этилган десам ишонасизми?

Муаммо шуки, айни вақтда нодавлат таълим фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия тизими ўрнига жорий этилиши керак бўлган, ҲАБАРДОР ҚИЛИШ ТИЗИМИ ҳали ишга туширилмаган.

Шу сабабли, тадбиркорлар ҳозирда бу фаолиятни юритиш учун лицензия ҳам ололмайди, ваколатли органни ҳабардор қилиш имконига ҳам эга эмас. На униси ва на буниси. Соддароқ қилиб айтганда, улар ҳеч қанақасига ишлай олмайди.

Билишимча, лицензия талабининг ўрнига жорий этилаётган ҳабардор қилиш механизми бўйича алоҳида қоидалар тасдиқлаш учун аллақачон Вазирлар Маҳкамасига киритилган экан. Лекин, бизнинг Вазирлар Маҳкамасидаги масъуллар “тошбақасимон” иш услубини мукаммал кўринишидан “унумли фойдаланиб” Қарор лойиҳасини ҳалигача ортга сурмоқда экан.

Ҳозир Президентнинг ПФ-6044-сонли Фармонида кўрсатилган нодавлат таълим йўналишидаги талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қўпол равишда бузилганлиги, 1 январдан ишлаши лозим бўлган қоидалар ижросизлик туфайли икки ойдан бери ишламаётганлиги маълум бўлиб турибди.

Бу салбий ҳолатлар тадбиркорларнинг йўлига тўсиқ эканлигини, уларнинг манфаатларига жиддий зарар етаётганлигини ҳамда ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ ВА ҚАРОРЛАРИНИНГ ИЖРОСИ асосан, юқоридан бошлаб бузилаётганлигини англатади.

Соддалаштирилган ва лецензиялаш ўрнига ҳабардор қилиш тизими билан ишлаш белгиланган қолган фаолиятларчи, улардаги аҳвол қандай? Бу ҳақида ҳам тез орада маълумот берамиз.

https://t.me/yuristkadr/3512

@yuristkadr