Get Mystery Box with random crypto!

Жазоларни мансабдорлардан бошлаш керак. Демократик давлатлард | YURISTKADR

Жазоларни мансабдорлардан бошлаш керак.

Демократик давлатларда оддий фуқаролар ўзларидаги ҳуқуқлар, имтиёз ва чекловларни амалдорлар билан таққослайверадилар ва бу табиий жараён эканлигини айтишимиз керак.

Айниқса, давлатнинг жазолаш функциясида бу кўпроқ кўзга ташланади.

Оддий фуқаролар қонунни бузганда жавобгарлик тезлашиб кетадиган бир вақтда, мансабдорларнинг қонунбузарлигидан кўз юмилиши нотенглик ҳисобланади. Демократик муҳитда ана шундай нотенгликка тоқат қилинмайди. Кўпинча, қонун устуворлиги борасидаги баланснинг бузилиши ҳам шундан келиб чиқади.

Қанчалик мушкул бўлиб туюлмасин, қонунбузар мансабдор шахсларга жазо қўлланилиши одатий ҳолга айланиши керак.

Бу борада оммадаги руҳий ҳолатни мисол сифатида тушунтираман. Масалан, энг кўп содир этилаётган ҳуқуқбузарликлардан – чиқинди соҳасидаги ҳуқуқбузарликни олайлик.

Эколог инспектор рейдга чиқди. Рейд давомида маълум бўлдики, туман марказида 4 та тадбиркор ва 3 та фуқаро ўзига тегишли бўлган ва ўрнатилиши зарур бўлган ҳудудга чиқинди қутиси (урна) ўрнатмаган. Худди шундай: туман ҳокимлиги ва туман прокуратураси биносига кириш жойда ҳам чиқинди қутиси йўқ. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-2-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Инспектор 4 та тадбиркор ва 3 та фуқарога МЖтКнинг 91-2-моддасига асосан маъмурий жарима қўллади, бироқ ҳоким ва прокурорга индамасдан ва ҳеч қандай чора кўрмасдан ўтиб кетди. Бу вазият ўша тадбиркор ва фуқаролар кўз олдида рўй берди. Эътибор беринг, мана шундай ҳолатларда ана шу тадбиркорлар ва фуқароларда норозилик келиб чиқади, энг ёмони бу норозилик ортидан ён-атрофни ҳам итоатсизлик муҳити эгаллай бошлайди.

Агар, инспектор ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазони ўша туман ҳокими (ёки унинг хўжалик иши юклатилган ўринбосари)дан ва прокурордан бошласа, вазият тамомила бошқача бўлади. Деярли ҳеч кимда эътироз туғилмайди. Ўша 4 та тадбиркор ҳам, ўша 3 та фуқаро ҳам қўлланилган чорани нафақат тўғри қабул қилади, балки кейинчалик ҳам қонунбузарликка йўл қўймайди. Чунки, ўзидан анчагина “юқори” бўлган одам (хатто прокурор) ҳам жазодан қочиб қутула олмаганлиги унга бошқача таъсир қилади.

Итоаткорлик масаласида оммадаги руҳий ҳолат шундай: қонунни бузган юқори жабҳадаги шахслар ва мансабдорларга қўлланилган таъсир чоралари одамлардаги ҳовурни пасайтиради, қонунларга нисбатан ҳурмат хиссини оширади.

Назорат органларида аслида бу амалиёт бир услуб сифатида қабул қилинмоғи керак.

Ривожланган демократик давлатларда қайсидир министр ёки қайсидир мэрга кўрилган жазолар тўғрисида тез-тез оммага маълум қилиб турилиши ҳам бежизга эмас. Бу кўпинча, фуқароларни огоҳликка чақириш ва улардаги итоаткорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қилинади.

@yuristkadr