Get Mystery Box with random crypto!

Мактаб директорини бўшатишда касаба уюшмаси розилиги олинадими | YURISTKADR

Мактаб директорини бўшатишда касаба уюшмаси розилиги олинадими?

Ҳозиргина меҳнат ҳуқуқи соҳасида ажойиб мутахассис укамиз Муҳаммадамин Каримжонов билан бир савол ҳусусида фикрлашиб қолдик. Ўзаро фикримизни каналга жойласам тўғри бўлади деб ўйладим.

Хуллас, савол шундай: Халқ таълими тизимидаги мактаб директорларини иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишда, касаба уюшмаси розилиги олинадими?

Бу борада Меҳнат кодексининг 101-моддаси биринчи қисмида шундай қоида бор:

Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди. Меҳнат шартномаси:

корхона тугатилиши муносабати билан;

корхона раҳбари билан тузилган шартномани ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра;

ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 6-бандига кўра иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиш талаб этилмайди.

Яъни, бизнинг казусимиз бўйичакорхона раҳбари билан тузилган шартномани ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра бекор қилинганида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиш талаб этилмайди” дейилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги Низомни 4-бандига асосан Халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактаблари ҳуқуқий жиҳатдан юридик шахс ҳисобланади.

Ўз навбатида, мактаблар ҳам Меҳнат кодексининг 1-моддаси 3-қисмига мувофиқ меҳнат ҳуқуқий муносабатларда корхона мақомига эга бўлади. Шундан келиб чиқиб, мактаб директори ҳам, корхона раҳбари сифатида қабул қилинади, тўғрими?

Демак, мактаб директорлари билан тузилган меҳнат шартномасини МК 100-моддаси иккинчи қисмидаги ҳар қандай асос билан, шу жумладан, интизомий жазо сифатида (3 ва 4-бандлари билан) бекор қилишда касаба уюшмаси розилигини олиш шарт эмас.

@yuristkadr