Get Mystery Box with random crypto!

“Лавозимдан четлаштириш” ва “лавозимдан озод қилиш” битта нарс | YURISTKADR

“Лавозимдан четлаштириш” ва “лавозимдан озод қилиш” битта нарса эмас.

Бундан 2 йил олдинги воқеа. Ходимга жиноят иши очилган, лекин ҳали ҳукм чиқмаган. Иш терговда. Орада ходимни ишдан четлаштириш зарурати туғилган. Шунга мувофиқ, жиноят суди судьяси ажрим ҳам чиқарган, фақат ажримда “лавозимдан четлаштирилсин” дейиш ўрнига “лавозимдан озод этилсин” деб ёзиб юборилган.

Суд бу вазиятда жуда жиддий хатога йўл қўйган. Чунки “лавозимдан озод қилиш” “лавозимдан четлаштириш” билан битта тушунча эмас. “Лавозимдан озод қилиш” жумлалари кўпинча меҳнат шартномасини бекор қилиш, яъни ишдан бўшатиш ўрнида ишлатилади. Суд эса бунинг фарқига бормаган.

Натижада, иш берувчи шу суд ажримига асосан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини эски Меҳнат кодексининг 106-моддасига асосан, яъни қонуний кучга кирган суд ҳукмига кўра деб бекор қилиб юборган.

Аслида, бунга қадар бу ходимга нисбатан суд ҳукми чиқмаган эди.

Кейинчалик суд ҳукми эълон қилинган бўлсада, ходимга озодликдан маҳрум қилиш ёки ЖК 45-моддасига мувофиқ муайян лавозимда ишлашдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди. Яъни, кейинги суд ҳукми ходимни шу ташкилотда ишлаш имкониятидан маҳрум қилмайди.

Лўндасини айтганда, жиноят суди судьясининг ажримидаги биргина хато туфайли ходим йўқ жойдан ишсиз қолган.

Ходим терговма-тергов, судма-суд юргани сабабли мана шу 2 йил ичида ишга тиклаш бўйича судга даъво билан чиқмаган. Энди чиқаман деса, суд даъво муддати ўтган деб, унга қарши қарор чиқариб қўйиши ҳам мумкин.

Суд ҳужжатларини тузишда ҳар бир жумланинг масъулияти шу қадар каттаки, бошқалардан фарқли равишда судьяларнинг биргина хатоси бутун бир инсон тақдирини ер билан яксон қилиб ташлаши мумкин.

Жиноят судларидаги баъзи судьялар гўёки кераксиздек меҳнат ҳуқуқи соҳасини унчалик менсимайди, лекин бунинг қанчалик зарарли ва хато эканини мана шу мисолдан ҳам кўриш мумкин.

P/S: биз айтган бу воқеа тўқима эмас, бу бугунги замонимизда бўлган воқеа.

@yuristkadr