Get Mystery Box with random crypto!

ХК ёки МЧЖнинг ягона таъсисчиси бир вақтда директор бўлса, ўрт | YURISTKADR

ХК ёки МЧЖнинг ягона таъсисчиси бир вақтда директор бўлса, ўртада меҳнат шартномаси тузиладими?

Хусусий корхоналарда қоида аниқ, хусусий корхона эгаси фақат битта бўлади ва у бир вақтнинг ўзида хусусий корхонанинг раҳбари ҳам ҳисобланади. Яъни, бошқа юридик шахслардан фарқли ўлароқ, хусусий корхонада раҳбарлик вазифаси муассиснинг ўзида бўлади.

Масъулияти чекланган жамиятлар (МЧЖ)да ҳам баъзан ягона таъсисчи бўлиши мумкин. Ҳусусий корхонадан фарқли равишда МЧЖ таъсисчиси бошқа бир шахсни директор этиб тайинлаши мумкин. Бироқ, буни истамаса, МЧЖ директорлигини ўзи ҳам олиб бориши мумкин.

Менга орада савол беришган эди: агар хусусий корхона ёки МЧЖ эгаси бир вақтнинг ўзида директорлик қилаётган бўлса, меҳнат шартномаси қандай бўлади? Иш берувчи сифатида ҳам, директор (яъни ишга ёлланган шахс) сифатида ҳам меҳнат шартномасига ўзи имзо қўядими?

Мен бундай ҳолатларда ҳар икки томон ҳам бир шахсдан иборат бўлгани учун ўртада алоҳида меҳнат шартномаси тузилиши шартмас деб ҳисоблайман.

Меҳнат кодексининг 28-боби 1-параграфидаги 485-490-моддалари бошқа раҳбарият таркиби қатори ташкилот раҳбарларига оид алоҳида меҳнат ҳусусиятларини тартибга солган. Шулардан МК 486-моддасида ташкилот раҳбари билан меҳнат шартномаси тузилиши ҳақидаги нормалар ва талаблар ҳам бор.

Бироқ, МК 485-моддасида ушбу параграфнинг қоидалари (жумладан, унинг таркибидаги меҳнат шартномаси тузиш қоидалари ҳам) ташкилот раҳбари ягона иштирокчи (таъсис этувчи), ташкилот мол-мулкининг ягона мулкдори бўлган ҳолатларга тадбиқ этилмаслиги кўрсатилган.

Шундан келиб чиқиб, МЧЖ ёки ХКнинг эгаси бир вақтнинг ўзида директор бўлса, ўртада меҳнат шартномаси тузилиши шарт эмас десак тўғри бўлади. Ўзини-ўзи директорликка тайинлаш ҳақидаги қарор (буйруқ) бўлиши етарли бу вазиятда.

@yuristkadr