Get Mystery Box with random crypto!

Янги тузилма ёки янги штат жадвали тасдиқланганда, изоҳнинг аҳ | YURISTKADR

Янги тузилма ёки янги штат жадвали тасдиқланганда, изоҳнинг аҳамияти.

Йирик компанияларда, жумладан, вазирликлар ва давлат идораларида янги тузилмалар ва янги штатлар жадваллари тасдиқланганда, меҳнат соҳасида мураккаб ва аралаш муносабатлар юзага келади.

Бунда қайсидир бўлинмалар қўшилади, қайсидир бўлинмалар кенгайтирилади, яна қайсиларидир қисқартирилади. Қайсидир лавозимларнинг номи, яна бирини функциялари ўзгаради, баъзи лавозимлар эса штатдан чиқарилади.

Бу ерда эътибор беринг, штат бирлигини қисқартиришдан ташқари, лавозимий ўзгаришлар ҳам юзага келади. Қизиқ жойи, лавозими ўзгарган ходимларни МК 161-моддаси иккинчи қисм 2-бандига асосан қисқартириш деб бўшатиш мутлақо ноқонуний бўлади, аслида уларнинг меҳнат шартлари МК 137-моддага мувофиқ ўзгартирилади.

Бироқ, бу жараёнда асосий муаммо шуки, ваколатли ёки юқори ташкилот янги тузилма ва янги штат жадвалини тасдиқлаган ҳолатнинг ўзида бир-бирига қўшилган ёки қисқармасдан шунчаки ўзгартирилган лавозимларни аниқлаш жуда қийин. Чунки, янги тузилма ёки янги штат жадвалида бу нарса аниқ кўринмайди.

Мисол учун, ташкилотда 3 та ходимдан иборат Мониторинг бўлими ва 4 та ходимдан иборат Таҳлил бўлими қўшилиб, унинг ўрнида ушбу икки бўлимдаги вазифаларни такрорлайдиган ва 7 та ходимдан иборат Кузатув ва таҳлил бошқармаси ташкил этилди. Бироқ, янги штат жадвалида шунчаки “Кузатув ва таҳлил бошқармаси – 7 нафар ходим” дейилган холос. Асл ҳолатни тушунмаган иш берувчи юқоридаги Мониторинг бўлимидаги 3 та ва Таҳлил бўлимидаги 4 та ходимнинг лавозими қисқарди деб уларни ишдан бўшатиб юбориши мумкин. Амалиётда бундай ҳолатларни кўряпмиз.

Аксинча, моҳиятни тўғри тушунган иш берувчи ушбу икки бўлим қўшилиб, унинг ўрнида ходимлар сони қисқармаган ҳолда ягона бошқарма ташкил қилинганини, яъни ходимларнинг лавозимлари қисқармасдан, ўзгарганлигини фаҳмлайди. Фаҳмладими, вазиятни тушундими, демак, ушбу 7 нафар ходимни ишдан бўшатмасдан, уларнинг меҳнат шартларини, яъни лавозимларини ўзгартириб, одатдагидек ишлайверади.

Айтганимиздек, асосий муаммо, аксарият иш берувчиларнинг бу нарсаларни тушунмаётганлигида.

Бу муаммога ечим шундаки, янги тузилма ва янги штат жадвали тасдиқланганда, мураккаб ва аралаш муносабатларни, жумладан, қайси лавозимлар қисқарганию, қайси лавозимлар ўзгарганлигини осон тушуниш учун ташкилий ҳужжатларда ушбу жараёнларнинг аниқ изоҳини беришимиз керак.

Айтмоқчи бўлганим, янги тузилмани ёки янги штат жадвалини тасдиқлаш ҳақидаги буйруқнинг алоҳида бандида қайси бўлим қайси бўлимга қўшилганини, қайси лавозимлар қисқарганини ва қайси лавозимлар қисқармасдан ўзгаргани изоҳ сифатида ёзиб чиқилса, пастдаги ижрочиларга ҳамда кадрлар хизмати ходимларига жуда қулай бўлади.

Мисол учун, ўша буйруқда дейлик мана бундай изоҳ берилади: “3 нафар ходимдан иборат бўлган Мониторинг бўлими ва 4 нафар ходимдан иборат бўлган Таҳлил бўлими ўзаро қўшилиб, улар ўрнида 7 та ходимдан иборат Кузатув ва таҳлил бошқармаси ташкил этилсин. Бунда Мониторинг бўлими бошлиғи лавозими Кузатув ва таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимига, Таҳлил бўлими бошлиғи лавозими эса Кузатув ва таҳлил бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига ўзгартирилсин”.

Натижада, Мониторинг бўлими бошлиғи Олим аканинг лавозими бошқарма бошлиғи, Таҳлил бўлими бошлиғи Санжарбекнинг лавозими бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига ўзгаритирилиб, улар ўз ишларини келган жойидан давом эттираверади. Ушбу икки бўлимдаги қолган ходимларга ҳам худди шундай амалиёт тадбиқ этилади. Яъни, якунда ушбу икки бўлинмадаги ҳеч бир ходим ишдан бўшатилмайди.

Хуллас, расмий изоҳларда гап кўп. Тушундиз-а?

@yuristkadr