Get Mystery Box with random crypto!

Собиқ “ўртакаш” адвокатнинг ҳикояси (ҳикоядан парча) ...Кўп ў | YURISTKADR

Собиқ “ўртакаш” адвокатнинг ҳикояси (ҳикоядан парча)

...Кўп ўтмай собиқ жиноятчи ва маҳбусдан адвокатга айландим. Ишлар эканман, қамоқдан чиқишим ва адвокат бўлишимда ҳозирда вазирликда катта мансабда ишлаётган ҳамкурсим, қиёматли дўстим ёрдам бергани ҳақида ҳаммага гапира бошладим. Бу қўллаган “тактикам” наф берди ва туманда ҳокимдан тортиб прокуроргача мени кўрса қўшқўллаб сўрашадиган бўлди. Ўша пайтларда “энг кучли адвокат” деб номим чиқди. Шундан сўнг “хизмат ҳақи”ни жуда баланд қўядиган бўлдим. Чунки судялар мен ҳайиқиб тургани билан мижозим фойдасига ҳукм чиқаргандан сўнг умидвор бўлишади, уларга ҳам узатишим керак.

Кейинчалик номим вилоятда ҳам машҳур бўлди ва бошқа туманлардан ҳам мижозлар кела бошлади. Бошқа туманларда судялар мени танимасди. Шу сабабли ишни олганимдан сўнг судяни суриштирардим. Агар пулдан ҳазар қилмайдиган одам бўлса ишни олардим. Агар пулга сотилмайди дейишса мижозни қайтарардим. Шу учун фактлар биланми ёки судяни сотиб олибми, аниқ юта олишимга ишонч ҳосил қилган ишларни олардим. Кимларгадир судяларни сотиб олиш ҳақидаги гапларим эриш туюлар, бироқ адвокатларнинг орасида ҳар хил одам бўлганидай, судялар ҳам турлича эди. Бири пулга сотилмаса, бошқаси сотилади.

Ана шундай тарзда ишлаб юрган пайтларимда “Кўза кунда эмас, кунида синди”. Кунларнинг бирида бир мижоз келди. Айтишича, ўғли фермер бўлган ва ер сотаётиб қўлга тушган. Ишни қайси терговчи олиб бораётганини сўрадим. У айтган терговчига бир-икки марта ҳамкорликда ишлашни таклиф қилганимда рад этганди. Бу сафар каттароқ пул таклиф қилсам кўнар деб ўйладим. Мижозга жуда катта пулни айтдим ва бу пулдан терговчи ва кейинроқ судянинг ҳақини беришимни айтдим. У тезда рози бўлди ва пулни эртага олиб келадиган бўлди. Эртаси куни пулни олаётганимда бирданига уч-тўрт киши пайдо бўлди ва қўлимга кишан уришди. Мижоз мени сотган эди.

Уни эсладим, анча йиллар аввал ишни аниқ ютаман, бўлмаса пулни қайтараман деб ишонтиргандим. Ўшанда кутилмаганда ишни юта олмадим. “Жигардан бўлган” пулларни қайтариб бермагандим. Ўшанда у пулларни қайтариб олиш учун бир муддат мени безовта қилган, бироқ мақсадига эриша олмаганди. Ўшандан буён менга қасд қилиб юрган экан, охири ушлаб берди. Орадан анча йил ўтиб кетгани учун уни танимабман. Таниганимда балки бошқача иш тутармидим.

Қўлга тушган пайтимда “катта ишда ишловчи” ҳамкурсим ишдан бўшаб кетган, энди уни орқа қила олмасдим. Ўшанда йиллар давомида танишган одамларни аралаштирдим, бироқ уларнинг “кучи етмади”. Шундан сўнг бир неча йилга қамалиб кетдим. Ёшим 50 га яқинлашиб қолганда қамоқда ўтириб ўтган ҳётимни сарҳисоб қилдим. Ўйлаб кўрсам бутун умрим жиноят ва гуноҳ ишлар билан ўтибди. Ўша ерда тавба қилдим ва қамоқдан чиқсам тўғри ҳаёт кечираман деб ўзимга ўзим сўз бердим.

Қамоқдан чиқиб келганимга ҳам анча йил бўлди. Ваъдамда туриб эски ишларга қайтмадим. Ҳозир ҳам кимлардир олдимга ёрдам сўраб келиб туради. Уларга текинга ҳуқуқий маслаҳат бераман. Келган одам айбдор бўлса жазодан қутулишни эмас, тўғри ҳаёт кечириш кераклигини уқтириб чиқариб юбораман. Агар жабрланувчи бўлса йўл-йўриқ кўрсатаман. Бироқ минг қисташмасин адвокатлик қилмайман.

Бугун ўтган ишлардан жуда афсусланаман. Аммо энди ҳаётни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Бошқаларга “мен қилган хатоларни қилманглар, бир марта бериладиган бу умрни фақат яхшиликда ўтказинглар дейман”.

Кun.uz сайтидан олинди.

@yuristkadr