Get Mystery Box with random crypto!

Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таш | YURISTKADR

Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ташаббус юзасидан таклиф.

Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси сифатида бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати юзасидан тахдид қилаётган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа доимий ишга ўтказиш ёхуд иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи ҳам илгари сурилмоқда.

Бу ташаббус юзасидан айрим мулоҳазаларимиз бор.

Ходимни доимий бошқа ишга ўтказиш қисми бўйича. Масала шундаки, меҳнат қонунчилигида, шу жумладан, Меҳнат кодексида ходимни иш берувчи ташаббуси билан доимий бошқа ишга ўтказиш бўйича аниқ нормалар мавжуд эмас. Тўғри, МК 145-моддасида ходимни иш берувчи ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш тартиби бор, бироқ, биздаги вазият доимий бошқа ишга ўтказиш ҳақида. Мазкур ташаббусни амалга ошириш учун Меҳнат кодексига бутун бошли янги муносабат турини киритишга тўғри келади. Эътиборли жиҳати, бунда биргина таҳдид ва зўравонлик ҳолати билан чекланиш мантиқсиз бўлади. Натижада Кодексга бутун бошли “ходимни иш берувчининг ташаббусига кўра доимий бошқа ишга ўтказиш” деган янги модда киритиш ҳамда унда бундай бошқа ишга ўтказиш учан асос бўладиган ҳолатларни (бошқа ҳолатларни ҳам) бирин-кетин киритишга тўғри келади. Бу эса масалага ечим бўлмасдан, аксинча, айрим инсофсиз иш берувчилар учун йўқ жойдан ходимларни бошқа ишга ўтказишлари учун “дарчалар” яратиб берилишига олиб келиши мумкин. Иккинчидан, ташаббусдаги ҳолат айрим қонунчилик ҳужжатларида бошқачароқ форматда ёритилган. Масалан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасида “лавозимини пасайтириш” интизомий жазо сифатида келтирилган. Бу билан Меҳнат кодексига ҳам худди шундай жазо турини киритиш керак демоқчи эмасман. Сабаби, Кодексга биргина тазйиқ ва зўравонлик учун лавозимни пасайтириш жазоси киритилиши мантиқсиз бўлади. Негаки, бунданда ёмонроқ ва бунданда оғирроқ ҳаракатлар ҳам борда.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш қисми бўйича. Таҳдид ва зўравонликни интизомий қилмиш эканлигини ҳисобга олсак, бундай ҳаракат учун меҳнат шартномасини бекор қилиш механизми Меҳнат кодексида шундоқ ҳам мавжуд. Бир эмас, иккита асос. Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 4-банди меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун, 161-моддаси иккинчи қисми 5-банди эса меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидир. Аввал интизомий қилмиш содир қилиб, интизомий жазога тортилган ходим бир йил ичида бошқа ходимга тазйиқ ва зўравонлик қилса, у билан меҳнат шартномаси МК 161-модда иккинчи қисми 4-банди билан бекор қилиниши мумкин. Агар бошқа ходимга тазйиқ ва зўравонлик қилиш ташкилот ички меҳнат тартиби қоидаларида мажбуриятларни бир марта қўпол бузилиши сифатида кўрсатилган бўлса, бундай иш учун ходим МК 161-модда иккинчи қисми 5-банди билан бўшатилиши мумкин.

Биздаги таклиф. Янги (аслида янгилиги қолмаган) Меҳнат кодекси бўйича намунавий ички меҳнат тартиби қоидалари тасдиқланмади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан янги намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда унда ходимларнинг “бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиш” ҳаракатини меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш рўйҳатига киритиш зарур. Яна бир таклиф, барча ташкилотларга алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида “бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиш” ҳаракатини ички меҳнат тартиби қоидаларига меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузилиши сифатида киритиш вазифасини юклаш. Шу орқали, бундай ҳаракатларни содир қилган ходимларни биринчи вазиятдаёқ МК 161-модда иккинчи қисми 5-банди билан ишдан бўшатиш юбориш мумкин.

@yuristkadr