2023-05-15 16:31:05
Ғиждувонда “Тирик абадият” деб номланган республика анжумани ўтказилди
Халқни халқ, миллатни миллат қиладиган унинг тили, адабиёти, маънавияти, маданияти, санъатидир. Бинобарин, адабиёт ва санъатнинг қадру қимматини чуқур англаган эл ҳеч қачон кам бўлмайди. Шу нуқтаи назардан юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, бадиий ижод аҳлига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани диққатга моликдир. Хусусан, бугун орамизда йўқ, аммо бадиий жиҳатдан пишиқ - пухта асарлари билан эл кўнглидан жой олган адиблар хотираси ҳамиша эъзозда. Таниқли ёзувчи Ўктам Усмонов, Ўзбекистон Халқ шоирлари Рауф Парфи ва Омон Матжонлар ана шундай ижодкорлардан саналишади.
Ғиждувонда адиб Ўктам Усмонов таваллудининг 85 йиллиги, Рауф Парфи ҳамда Омон Матжон таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Тирик абадият” деб номланган республика анжуманида ана шу фикрлар бот – бот такрорланди.
Ғиждувон туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда адабиёт ихлосмандлари, зиёлилар, ёшлар тўпландилар. Анжуманда пойтахтимиз Тошкентдан бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, санъаткору олимларнинг иштирок этишгани тадбирга ўзгача руҳ, мазмун бағишлади. Тадбир аввалида туман ҳокими Ш. Ашуров сўз олиб, хотираси ёд олинаётган ёзувчи – шоирлар ҳақида қисқача тўхталди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ, адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор, Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов, шоир Чоршаъм Рўзиев, Зикрилла Неъмат ва бошқалар хотираси ёд олинаётган адиблар ҳаёти ва ижоди хусусида сўзлаб, улар ижодидан намуналар ўқидилар. Хушовоз хонандалар, Ортиқ Отажонов сулоласи давомчилари Зокир ҳамда Улуғбек Отажонов ва халқ суйган санъаткор Илҳом Фармонов ижросида Омон Матжон ва Рауф Парфи қаламига мансуб қўшиқлар янгради.
Зукко ўқувчиларга эслатиш жоизки, ёзувчи Ўктам Усмонов мағзи бутун асарлари, айниқса, “Гирдоб” романи билан эл кўнглидан жой олган. Шу асар асосида тайёрланган видеофильм ўз вақтида унинг ижодкорларига шон – шуҳрат келтирган, асардаги бош рол – Азиз Қосимов образини таниқли актёр Эркин Комилов ижро этган эди. Рауф Парфи ҳамда Омон Матжонларнинг эл – юрт виждони, ор – номуси бўлиб янграган шеърий асарлари ҳақида эса узоқ тўхталиш мумкин.
Адабиёт ва санъат байрамига айланган тадбирда ушбу мазмунли анжуманни ташкил этишда бош – қош бўлгани учун туман ҳокимига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ташаккурномаси ҳамда нодир китоблар совға қилинди. Шунингдек, пойтахтлик ижодкорлар томонидан туман ахборот – ресурс марказига бадиий адабиётлар туҳфа этилди.
Истам Иброҳимов
@yoshlar_kelajagimiz_buxoro
1.5K views13:31