Get Mystery Box with random crypto!

Ўттиз йил изланиб, ўзимни излаб, Кўнгил гавҳарига мос сўз топм | 🇺🇿💎 Сценарист ва режиссёр O'zbektosh To'raxonli ijodi💕

Ўттиз йил изланиб, ўзимни излаб,
Кўнгил гавҳарига мос сўз топмадим.
Пул топдим, уй қурдим, омад топдим-у,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Бир жон йўқ дилимга, феълимга ошно,
Дилдош деганларим пулимга ошно.
Қондошларим қилди қонимга ташна,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Муҳаббат яхши-ю ёмондир доғи,
Висол кунлари кам, кўп тун фироғи.
Жононалар бўлди жоним қийноғи,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Меҳр берганларим меҳрим билмади,
Қадрдон деганим қадр қилмади,
Ҳаёт мен истаган ҳаёт бермади,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Ўзимда йўғини дўстимга тутдим,
Эртакдаги марддек ёвга лутф этдим.
Ўзимни унутиб, ўзимдан кетдим,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Ҳар ким ўз кўмочин ўзига тортар,
Ўз юкин ўзганинг кифтига ортар.
Меҳр бермай туриб муҳаббат кутар,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.
***https://t.me/uzbektoshijodi...