2023-05-13 09:49:16
#Шеър:
* * *
Макрни касб қилиб олган ғаддорлар
Эзгу меҳрингизга солганди қутқу.
Шундан бери, мана,
икки қалъада
Ёлғиз бир ўзингиз яшайсиз
тутқун.
Вужудингиз яшар
бир хонадонда
Аччиқ фаровонлик таъмини тотиб.
Биров учун —
келин, биров учун —
қўшни,
Биров учун эса —
қумридек хотин.
Гўшангизда, афсус,
ғаразлар тўрда,
Пойгахда мум тишлаб
ҳақ, инсоф жимдир.
Меҳр-муҳаббатдан, самимиятдан
Бошқа ҳамма нарса тўкин-сочиндир.
Сиз тараф отланар бўлсам, йўллар берк,
Ҳар қадамим учун шаънингиздир бож.
Мен тушлар кўраман — пойингизда тахт,
Мен тушлар кўраман — бошингизда тож.
Мен тушлар кўраман, қолмасин деб эл
Адолат аталган
олий урфсиз,
Золимлар ичинда кирдикорларин
Махфий ва батафсил билиб юрибсиз.
Мен тушлар кўраман, ўқиркансиз ҳукм,
Ҳар сўзда адолат кўрсатар талъат.
Илҳақ уйғонаман —
хаста юрагим
Сиз қамалиб қолган бошқа бир
қалъа.
Шундай муҳташам бир ёлғизлик билан
Кунларим ўтмокда шиква-ноласиз.
На
у қалъангиздан
бўласиз халос,
На
бу қалъангиздан
хабар оласиз.
Сиздан бошқа ким ҳам англасин мени,
Юрагимга йўлни бошқа ким билсин.
Бу мажнун қалъанинг ҳар қопқасида
Муҳаббат аталган
муқаддас тилсим.
Маликам! Етибми илтижоларим,
Воқифлар бўлибми бебаҳо сирдан,
Ўзингизни йўқлаб келинг... тилсимлар
Жаранглай бошлади ҳозирдан.
Матназар АБДУЛҲАКИМ
@M_Abdulhakim
Янада зўрлари @tiligirrom каналида - уланинг ва улашинг: https://t.me/+QgJFjtFQna96mMBO
294 views06:49