Get Mystery Box with random crypto!

Давлат банкларини янада самарасизлаштириш сиёсати давом этади | bakiroo

Давлат банкларини янада самарасизлаштириш сиёсати давом этади

Янги қарорга кўра, Ўзбекистоннинг энг самарасиз икки банки "Агробанк" ва "Микрокредитбанк" капитали яна 4,2 триллион сўмга шиширилади.

Эътиборлиси, бу маблағлар ўзи Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан “Агробанк”ка ажратилган 2,9 триллион сўм ва “Микрокредитбанк”ка ажратилган 1,3 триллион сўм миқдоридаги қарз ресурслардир. Яъни банклар қарзни қайтармайди, капиталга ўтказиб қўйилади. Янги Ўзбекистонда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ФРРУ) қарзлари билан боғлиқ энг кенг тарқалган схема. Бюджетдан кейинги чайиш манбасига айланган Суверен фондимизнинг балансида ўлиқ активлар тобора кўпайиб бораётганидан ва зарар билан ишлаётганидан хайратланмаса ҳам бўлади.

Айтиш жоизки, "Агробанк" ва "Микрокредитбанк" капиталининг 2021 йилда иккинчи бор шиширилиши. 2021 йил март ойида ҳам икки банк капиталига жами 1,1 триллион сўм киритилган.

Давлат банкининг капиталига киритилган ҳар бир сўм давлат банкининг нархини қимматлаштирмайди, қайтанга арзонлаштиради, чунки бу банкларнинг капиталига киритилаётган маблағлар янада сифатсиз активларнинг шаклланишига замин яратади.

2020 йил якунларига кўра, "Агробанк" 4,7%, "Микрокредитбанк" 5,8% капитал рентабеллиги билан якунлаган. Яъни бу банклар фаолияти натижалари ҳатто расмий инфляция кўрсаткичини қоплаш даражасида эмас.

Бу йил аҳвол яхшилангандур дерсиз. Йўқ, бу йил аҳвол янада абгор. 2021 йил 1 октябрь ҳолатига Агробанк рентабеллиги 2,2%, Микрокредитбанкники 0,6%гача пасайган. Бошқача айтганда, солиқ тўловчилар ҳисобидан бу банкларга тикилган ҳар 100 сўм пул "Агробанк" мисолида 2,2 сўм, "Микрокредитбанк" мисолида 60 тийин келтирмоқда.

Шундай экан навбатдаги 4,2 трлн.сўм маблағнинг совурилиши муборак бўлсин, ҳурматли солиқ тўловчилар!