Get Mystery Box with random crypto!

Аввал салом, кейин калом (яъни бошқа гап-сўзлар) Охирги пайтл | Тафаккур Аҳли

Аввал салом, кейин калом (яъни бошқа гап-сўзлар)

Охирги пайтлар кимдир менга бирор ижтимоий тармоқ орқали биринчи бўлиб ёзса ёки кўчада кетаётганда тўхтатиб биринчи бўлиб мурожаат қилса, на "салом" ё на "яхшимисиз" демай сўз бошлаб кетадиган бўлди.

Бу каби холатлар жуда кўп бўляпти. Ва албатта мен буни ачинарли холат деб биламан. Даб-дурустдан мақсадга ўтиб савол бериш ёки мулоқот бошлаш жуда ғалати кўринар экан. Бу инсон хох таниш бўлсин, хох бегона.

Умуман олиб қараганда, субъектив хулоса пайдо бўлади-ки - бу одобсизликдан, илмсизликдан, кибрдан ва хоказо. Бу биз, мусулмонларга ярашмайдиган хулқ/одоб.

Агар бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсак, салом беришимиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифимиз ҳузурига «Ассалому ъалайкум», (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсак, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли бизга мойиллашади.

Исломда биринчи бўлиб салом бериш суннат унга алик олиш эса фарз. Имом Абдулбар роҳимаҳуллоҳ ва бошқа уламолар “Биринчи бўлиб салом бериш суннат, унга алик олиб жавоб қайтариш эса фарздир”, деб Ислом уммати ижмоъ қилганини нақл қилганлар.

Калада ибн Ҳанбал ривоят қилади: Росулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларига келиб, изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирдим. Шунда Росулуллоҳ ﷺ: «Ортингга қайтиб: “Ассалому ъалайкум, кирсам мумкинми?” деб сўрагин», де­ди­лар (Имом Абу Довуд, Термизий ва Табароний ривояти).

Мана бу ҳадиси шарифдан саломнинг ўрни на­қадар юк­сакли­ги кўриниб турибди. Ва албатта, салом муомалада биринчи эканлигини ҳам билишимиз мумкин.

Бизда яна бир одат пайдо бўлганки, саломни фақат таниганларимиз ва ўзимиздан анча катталарга берадиган бўлдик. Лекин, саломни таниганга ҳам, танимаганга ҳам бериш лозим. Чунки Росулуллоҳ ﷺдан: “Му­сулмоннинг қайси фазилати яхши?” деб сўрашди. У зот: “Қорни очни тўйғазиши ва таниган-танимаганга салом бериши”, деб марҳамат қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти). Ёш болаларнинг олдидан ўтишда, уларга салом бериб ўтиш суннатдир. Анас (розияллоҳу анҳу): “Росулуллоҳ ﷺ ёш болалар олдидан ўтганларида уларга салом бериб ўтардилар”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Хулосам шуки, яқинларимиз ва танишларимизда бу холатларни кўрсак, уларга бу биз, мусулмонларда учрамаслиги керак бўлган феъл-атворлигини тушинтиришимиз керак. Биз, мусулмонлар кўп тафаккур қилайлик!

Аллоҳим, мусулмон бандаларингни кибрланишдан сақлагин, ҳақиқий мўмин бўлиб, бир-биримизга муҳаббатли қилгин. Амин!

@TafakkurAhli