Get Mystery Box with random crypto!

Намозга энг гўзалини кийинг! Масжидга жамоатга борганимда эът | Тафаккур Аҳли

Намозга энг гўзалини кийинг!

Масжидга жамоатга борганимда эътибор бердимки, хамма хар хил кийинади. Яни кимдир покиза, янги каби кийим кийиб келади, кимдир эса оддий уй кийимида келади. Баъзилардан хушбўй ҳид таралади, баъзилардан тернинг, боқиладиган хайвонларнинг ҳиди келади. Албатта, хамма шароитидан келиб чиқиб кийинади. Гап унда эмас. Гап ҳақиқатда!

Тасаввуфда шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат деган тушунчалар бор. Мисол учун, мусулмон киши намозида шу намозхоннинг ўзи Аллоҳ ъазза ва жаллани кўриб тургандек, Аллоҳнинг ҳузурида ва “қарши”сида тургандек даражада ҳис-туйғу билан намоз ўқиши эса “ҳақиқат” бўлади.

Агар биз президент, ҳоким ёки бошқа бир катта мансабдор шахснинг олдига ёки бирор мажлис, маросим, тадбирга борадиган бўлсак энг гўзалини, покизасини кийиб, ўзимизга қараб, хушбўйланиб борамиз.

Энди, Аллоҳ билан юзланадиган, намоз вақтида қандай холатда турибмиз? Фарқи йўқ, уйдамизми, дам олиш масканидамизми ёки масжидда. Роббингиз ила бўладиган мулоқот чоғи қандай холатдасиз?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Аъроф сурасида (7/31) «Эй одам болалари! Ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, тоза либосда бўлингиз)» деб марҳамат қилади (шайх Алоуддин Мансур роҳимаҳуллоҳ таржималаридан). Шу оятдан келиб чиқиб, намоз ўқимоқчи бўлган одам тоза ва чиройли кийиниши лозимдир.

Аввал яшаб ўтган ва хозирда яшаётган баъзи азизлар ушбу амрга итоат маъносида намоз учун алоҳида гўзал кийим тайёрлаб қўйганлар. Масалан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит роҳматуллоҳи алайҳ ҳам намоз учун алоҳида 1500 дирҳамлик кийим сотиб олганлар. Улар ҳар таҳажжуд намозидан олдин шундай дер эканлар: "Аллоҳ учун безаниш, инсон учун безанишдан афзалдир".

Бир ўйлаб кўринг, эски уй кийимида, хар хил ёқимсиз хид билан бошқа бир инсонни кўнглини қозона оламизми? Йўқ! Бир оддий инсон олдига, чақирган маросимига қандай борамиз-у, Аллоҳ билан юзланганда қай ахволдамиз? Шу ишимиз билан қандай қилиб Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўламиз?

Албатта, хаммада ҳам шароит бир хил эмас. Лекин шароити йўқ одамнинг уйида ҳам бирор маросим учун кийими бор. Имконингиз бўлса - энг чиройли ва қиммат, бўлмаса - арзонидан янги кийим ва атир/мушк харид қилинг, фақат намоз учун, Аллоҳ билан мулофот учун деб ажратиб қўйинг ва зийнатланиб юринг. Ва албатта, сиздан келаётган хидга ҳам ахамият беринг. Бадбўй ҳид нафақат инсонларга, балким фаришталарга ҳам озор беради! Бошқаларга озор беришлик билан Аллоҳ ъазза ва жалланинг муҳаббатини топамизми?

Ёдда тутинг, зийнатланиш Аллоҳ учундир, инсон учун эмас! Аллоҳ субҳанаҳу ва таъало барчамизни риёдан сақласин!

Хуллас, тафаккур қилинг!

@TafakkurAhli